Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Тўполон»ни корейслар бошлагандилар...

Баҳо:
+ | -

Қатар мундиали ҳам бир қатор шов-шувли натижалар билан тарихга муҳрланиши тайин.

 Айниқса, Марокаш термасининг иштироки ҳали кўп муҳокама қилинади, эсга олинади, албатта. Табиийки, ЖЧ тарихига назар ташласак, бу каби сенсациялар етарлича топилади. «Катта тўполон» туркумига кирувчи шов-шувли юришни эса Осиё футболи вакили - КХДР миллий жамоаси бошлаб берганди. Демак, қуйида аввалги мундиалларга безак қўшган мўъжизавий натижалар ва уларнинг муаллифларини эслаймиз. Зеро, бу каби сенсацион юришлар ҳар доим мухлисларга ўзгача завқ улашиши тайин.

ЖЧ-66 (Англия)

Сенсация муаллифи: КХДР терма жамоаси 

Аслида Шимолий кореяликлар футбол ватанида ташкиллаштирилган нуфузли турнир йўлланмасига вазият тақозоси ва омад туфайли эга чиқишганди. Бинобарин, ФИФА ЖАР миллий жамоасини мамлакатдаги апартеид сиёсати туфайли мундиалдан четлаштирган, Африканинг бошқа вакиллари эса бутун қитъа­га атиги 1та йўлланма ажратилганига норозилик ўлароқ, саралашда иштирок этишдан бош тортишганди. Шу тариқа 1та чипта учун атиги 3та даъвогар қолади - Австралия, Жанубий Корея ва КХДР термалари. Бироқ бу ҳолатда Сеул расмийлари мамлакат жамоасининг қўшнилар билан ўйнашига қарши чиқишади. Охир-оқибат, йўлланма тақдирига КХДР ва Австралия термалари ўртасидаги 2та ўйинда ойдинлик киритилади. Якунда «соккерузлар»ни умумий - 9:2 ҳисобида доғда қолдирган КХДР термаси финал раундига чиқади ва собиқ иттифоқ, Чили ҳамда Италия жамоалари жой олган гуруҳга тушади. Осиё вакилининг ташрифи туманли ўлкада ҳам бир қатор сиёсий муаммоларни келтириб чиқаради. Дейлик, иштирокчи жамоалар шарафига давлат мадҳия­лари фақат очилиш учрашуви ва финалда янграйди, холос. Қолаверса, КХДР термаси делегацияси аъзоларига маҳаллий аҳоли билан мулоқотга киришиш қатъиян тақиқланди. Энг муҳими, камтарин жамоа кучли босим ва стартда собиқ иттифоқ термасидан қабул қилинган йирик мағлубият (0:3)га қарамай, якунда турнир кашфиёти - қаҳрамонига айланади. Корейс­лар аввалига Чили термасига қарши кечган баҳснинг сўнгги дақиқаларида мувозанатни тиклаб (1:1), дастлабки очкони қўлга киритишади, кейин итальянларни ягона гол эвазига енгишади. Бу ЖЧ-66нинг асосий сенсацияларидан бири сифатида тилга олинади. Зеро, Италия термаси Англияга бош фаворитлар қаторида йўл олганди. Тўғри, «скуадра адзурра»га жамоа етакчиси Жакомо Бульгареллининг дастлабки дақиқаларда жароҳатлангани қаттиқ панд беради. Чунки ўша пайт футболчи алмаштириш қоидаси ҳали жорий қилинган эмасди. Хуллас, ўйиннинг катта қисмида озчилик бўлиб ҳаракатланган Италия термаси якунда мағлубиятни тан олади. Қувғиндидан қаҳрамонга айланган корейслар жамоаси эса гуруҳ босқичидан кейин янада ёрқинроқ шов-шувга жуда яқин келади. Ҳар ҳолда, кореяликлар Португалия термасига қарши кечган дастлабки «плей-офф» учрашувида бирданига 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишади. Лекин афсонавий Эйсебио саноқли дақиқалар ичида «покер»га эришиб, корейсча мўъжиза давом этишига йўл қўймайди.

ЖЧ-86 (Мексика)

Сенсация муаллифи: Марокаш терма жамоаси 

Мексика мундиали Африканинг 2та жамоаси иштирок этган иккинчи ЖЧдир. Ўшанда Жазоир миллий жамоаси имконияти анча юқори баҳоланган бўлса, марокашликларни ҳеч ким назарга олган эмасди. Боз устига, Жозе Фария бошқарувидаги жамоа чинакам «ўлим гуруҳи»га тушганди. Яъни марокашликларнинг квартетда мусобақа фаворитлари - Англия, Польша ва Португалия (аввалги мундиалнинг бронза медали соҳиби) термаларига қарши ўйнашларига тўғри келади. Асосийси, Африка вакили мундиалга пухта тайёргарлик кўради: Мексикага стартдан 40 кун аввал йўл олиб, маҳаллий иқлимга мослашади, клублар билан назорат учрашувларида куч синашишга улгуради. Умуман, Фария ўйинларда аввало, ҳимоя ва интизомга умид боғлайди - олдинги чизиқда ҳаракат қовушмагач, эътиборни рақибни тўхтатишга қаратади. Марокаш термаси шу тариқа 1-турда «А» серия юлдузи Збигнев Бонек етакчилигидаги Польша миллий жамоа­сини майдондан «қуруқ» чиқиб кетишга мажбур қилади - 0:0. Кейин Англия миллий жамоа­си ҳам шундай «совға»га қарши ҳеч қандай чора тополмайди. Тўғри, рақиб 42-дақиқадан эътиборан майдонда озчилик бўлиб қолганди. «Қора қитъа» вакили ҳал қилувчи турга келиб, чинакам сенсация қайд этади - тўсатдан «ракета»га айланган «автобус» қандайдир ярим соат ичида Португалия термаси дарвозасини 2 марта ишғол қилади. Кейинчалик европалик юлдузлар минг уринишсада, фақат йирик ҳисобли мағлубиятдан қочиш уддасидан чиқишади, холос (1:3). ЖЧ тарихида «плей-офф»га чиққан Африканинг биринчи вакили шундан сўнг чорак финални орзу қила бошлайди. Айтиш ўринли, даҳшатли бундесмашина ҳам 1|8 финал ўйинининг 90-дақиқасига қадар «автобус»ни ўз ўрнидан жилдира олмайди. Фақат охирги лаҳзада Лотар Маттеуснинг жарима нуқтасидан урган голи Африкача мўъжизага нуқта қўяди. Турнирдан сўнг Марокашда терма жамоага нақ 100000 мухлис пешвоз чиқади, дарвозабон Баду Заки эса Африканинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилади.

ЖЧ-90 (Италия)

Сенсация муаллифи: Камерун

Марокаш термаси муваффақиятидан кейин ҳам Африка вакиллари ҳақли эътирофдан бенасиб қолишади. Адолатсизликдан ранжиган камерунлик ҳужумчи Франсуа Омам-Би­йик Италия мундиали очилиш ўйинидан кейин барчасини рўй-рост айтганди: «Европалик репортёрларнинг маймун ейиш-емаслигимиз, табибга бориш-бормаслигимиз хусусидаги бемаъни саволларига тоқат қилолмаймиз. Мана, бугун бошқалар каби ҳақиқий футболчилар эканлигимизни исботладик». Айнан шу афсонавий ҳужумчи 61-дақиқада гол уриб, камерунликларга амалдаги чемпион - Аргентина термаси устидан ғалаба тортиқ этганди. 2-3-турларда эса 38 ёшли Роже Милла катта саҳнага чиқади. 3 йил аввал миллий жамоа билан хайрлашган ва фақат мамлакат президенти илтимосига биноан, мундиалга йўл олган фахрий аввалига Руминия (2:0), кейин Колумбия (2:1) термаларини «дубль» билан «сийлайди». Камерун жамоасининг чорак финалга чиқишига эса Гари Линекернинг 83-дақиқада пенальтидан урган голи тўсиқ бўлади. Африкаликлар қўшимча бўлимларда яна гол қўйиб юборишади, лекин бундан ортиқча ранжишмайди. Эммануэль Мбоанинг айтишича, муваффақият жамоани руҳан чарчатиб қўйганди, қолаверса, мамлакат футбол федерацияси огоҳлантирганди: ярим финалга чиқсак, меҳмонхонага тўлаш учун ҳам пулимиз қолмайди. Айтиш ўринли, ушбу мўъжиза ижодкори - Камерун президенти илтимоси ва собиқ иттифоқ ҳукумати рухсати билан Африка жамоасида ишлаган Валерий Непомняший.

Содиқ РАҲМОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:30, 17.12.2022.
Ўқилди: 3023 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.