9 август куни ЎФФ мажлислар залида журналистлар иштирокида ОФК Махсус тафтиш комиссиясининг Ўзбекистондаги иши якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
ОФК Махсус тафтиш комиссияси 2-9 август кунлари Ўзбекистон Олий Лигаси клубларининг ОФК Чемпионлар Лигасининг янги талабларига мувофиқлигини текшириб чиқди. Текширув якунлари ва хулосаларига бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Фарҳод Магаметов, ОФК Мусобақалар қўмитаси бошлиғи Стюарт Майкл Рамалингам ва ОФК матбуот котиби Ли Сёнгҳун иштирок этди.
«Умумий қилиб айтадиган бўлсак, ташрифимиз яхши ўтди. ЎФФ ва ЎзПФЛ ўзининг меҳмондўстлиги ва амалий ёрдами билан оғир ташрифимизни осон қилди. Бу йилги сафар ўтган йилги ташрифимизнинг мантиқий давоми бўлди. Ўтган йили олтита клуб текширувдан ўтказилган бўлса, бу йил Лиганинг 12 жамоаси фаолиятини кўриб чиқдик», - деди Рамалингам.
«Биз сўнгги уч йилдан бери ОФК тафтиш комиссиясини қабул қилиб келяпмиз. ОФК Чемпионлар Лигаси критериялари ҳар йили ўзгариб келмоқда, шу асосда мусобақада кейинги 2-3 йил давомида иштирок этадиган жамоалар сони аниқланмоқда. 2012 йилда Ўзбекистондан тўртта жамоа ОФК Чемпионлар Лигасида иштирок этди. Улардан биттаси плей-офф босқичида қатнашган бўлса, учтаси асосий гуруҳ босқичида ўйнади. Биз мана шу йўлланмаларни кейинги икки йил учун сақлаб қолиниши учун ҳаракат қилдик», - деди ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магаметов.
Рамалингам Ўзбекистон ҳукуматининг футболга катта эътибор кўрсатаётганини катта ижобий жиҳатлардан бири сифатида баҳолаб, «ислоҳотлар фақат қоғозда эмас, биз кўрган стадионлар ва инфратузилмалар мисолида амалга оширилгани сўзимиз далили бўла олади» дея қўшимча қилди. Яна бир ижобий жиҳат сифатида, клублар қошидаги болалар футболига катта сармоя киритилаётгани ҳам кўрсатилди.
Текширув давомида Олий Лиганинг 12 клуби фаолияти кўриб чиқилди, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» клублари эса бу йилги текширувда иштирок этмади. ОФК тафтиш комиссияси вакилларининг сўзларига кўра, текширувдан ўтган клублар орасида энг ривожланиш юқори бўлган «Насаф» бўлган. «У ерда ҳаммаси фантастик даражада. Муаммо йўқ. Клубнинг стадиони ҳам «А» классга оид», - деди Рамалингам.
«Умуман, айни вақтда Ўзбекистонда 2-3та «А» классдаги, шунингдек, «А» классга даъвогарлик қилаётган яна 2-3 та стадион бор. Мисол учун, «Локомотив» ва «Бухоро» клубларининг стадионларида кичик камчиликлар аниқланди, агар улар бартараф этилса, бу стадионларни бемалол «А» классга киритиш мумкин», - деди Рамалингам. Қайд этиш жоиз, стадионларнинг «А» ёки «Б» классга оид бўлиши унинг профессионаллигини белгиламайди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистондаги лицензиялаштириш жараёнига ҳам баҳо берилди. «Бу нарса махсус, хўжакўрсинга бўлмаслиги керак, аксинча, буни клубларнинг раҳбарлари ҳам тушунишлари керак. Таъкидлашимиз керакки, лицензиялаштириш бўйича Ўзбекистон ўтган йилгидан кўра яхшироқ кўрсаткич қайд этган, бироқ шунинг ўзи ОФК Чемпионлар Лигаси йўлланмалари сонини 3+1 кўринишида сақлаб қолиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Чунки янги мавсумда мусобақада иштирок этувчи давлатлар сони 11тадан 13-14тагача кўпайиши кутилмоқда, рақобат жуда кучли бўлади», - дея сўзини якунлади ОФК вакили.
Эслатиб ўтамиз, ОФКнинг ушбу тафтиш комиссияси хулосасига кўра, 2013 йилда Осиё Чемпионлар Лигасида Ўзбекистондан қатнашадиган клублар сони аниқланади.