Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе БААга қарши учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.
БАА йиғини ҳақида
— Бирлашган Араб Амирликларидаги йиғинни бошлаганимизга бир неча кун бўлди. Шу вақт мобайнида ўз олдимизга қўйилган режа бўйича машғулотларни олиб боряпмиз. Бу йиғинда, асосан, жисмоний ҳолатимизни тиклаш, техник-тактик томондан янада кучайиш ва янги футболчиларнинг имкониятларини кўриб олишга урғу қаратганмиз.
БАА U-23 терма жамоасига қарши ўйин ҳақида
— Бугунги учрашув яхши ўтди. Деярли барча ўйинчиларни синовдан ўтказдим. Ҳозирги жисмоний ҳолатимиздан келиб чиқиб, бир бўлимдан ҳаммага имконият бердик. Ва шу орқали техник-тактик тарафдан қанақа камчиликларимиз борлигини кўриб олдик. Умуман олганда, футболчиларимиз иккала бўлимда ҳам ўзларини яхши кўрсата олишди.
Рақибга келадиган бўлсак, улар яхши таассурот қолдиришди. Умуман олганда, курашларга бой, яхши ўйин бўлди. Энг асосийси, биз ўзимиз учун керакли бўлган тажриба ва хулосани олдик, деб ўйлайман.
Таркибдаги янги футболчилар ҳақида
— Бу галги йиғинда кўплаб янги футболчилар иштирок этишмоқда. Деярли ҳаммасига имконият бердик, улар дебют ўйинини ўтказишди. Айтганимдек, ҳозирги жисмоний ҳолатдан келиб чиқиб, иккала бўлимда ҳам болалар ўзларини яхши кўрсатишди. Хатолар бор. Лекин, уларни тўғрилаш учун ҳам шу каби ўртоқлик ўйинларини ўтказяпмиз.
Эндиликда бор эътиборимизни иккинчи учрашувга тайёргарлик кўришга қаратамиз.