Роберто Мартинес расман Португалия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Олдинги мутахассиснинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда буни кутилмаган қарор дейиш мумкин. Бельгияликларнинг «олтин» авлоди ҳеч қачон чемпионликни қўлга кирита олмади, жамоа Мартинес билан бирга Россияда бўлиб ўтган 2018 йилги жаҳон чемпионатида фақатгина бронза медалига эришди холос. Испаниялик мураббий ўз фаолиятини Англияда бошлаган. У ерда «Суонси», «Уиган» ва «Эвертон»да ўзини яхши томонлама намоён қилди. «Бу ерда эканлигимдан жуда хурсандман. Мен энг иқтидорли футболчиларни йиғган жамоа билан бирга ишлайман. Бу лойиҳа қандай эканлигини биламан. Катта мақсадлар ва умидлар мавжуд. Биргаликда ҳамма нарсага эришамиз».
Ўз мақсадларига эришиш учун Мартинес бир қатор вазифаларни ҳал қилиб олиши керак бўлади.
1. Криштиану Роналду билан муаммони ҳал қилиш
Яқинда «Ан-Наср» сафига келиб қўшилган 37 ёшли ҳужумчи терма жамоадаги фаолиятини якунламоқчи эмас. Терма жамоалар тарихидаги энг яхши тўпурар ЖЧ-2026да иштирок этишни истамоқда. Мартинес бир дилеммага дуч келади: Роналдуни чақириб, жамоа атрофида турли конфликтларга сабаб бўлиш ёки афсонавий ҳужумчига эътибор бермаслик ва Криштиану мухлисларининг танқидини қабул қилиш.
«Футбол бўйича барча қарорлар маҳаллий даражада қабул қилинади. Мен офисда қарор қабул қилмайман. Мен барча футболчилар билан учрашиб, гаплашмоқчиман. ЖЧ-2022 учун таркибдан 26 нафар футболчи ўрин олган, Криштиану эса улардан бири. У 19 йилдан буён терма жамоада тўп тепади ва ҳурматга лойиқ. У билан қандай қилиб яхшироқ жамоа яратишни муҳокама қиламиз. Эртага иш бошлаймиз. Ҳозир жараён бошланмоқда, яъни таркибга қўшилиши мумкин бўлган футболчилар билан учрашишни бошладик. Мен барча футболчиларни ҳурмат қиламан. Агар улар мен томонда бўлса, хурсанд бўламан», - дея Роналду билан боғлиқ вазиятни Мартинес дипломатик тарзда изоҳлади.
Бельгия терма жамоаси сафида испанияликнинг ёрдамчиси - Тьерри Анри ҳам бор эди, у ҳатто етакчилар учун ҳам авторитет эди. Балки Португалия термасида Мартинес ўз қароргоҳида шундай инсонни топишга ҳаракат қилиши ёки ўз тажрибасидан фойдаланиб, етакчи футболчилар билан дўстона муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилиши мумкин.
2. Ҳужумдаги юлдузлар учун мувозанатни топиш
Португалиянинг ҳозирги авлоди иқтидорли ҳужумкор футболчилар билан тўлиб-тошган: Рафаэль Леау, Жоао Феликс, Гонсалу Рамуш, Диого Жота, Рикардо Хорта, Андре Силва, Фабио Карвалью ва бошқалар. Қолаверса, креатив ҳужумкор ярим ҳимоячиларни ҳам унутмаслик керак (Бруно Фернандеш, Бернарду Силва, Отавио). Мартинес учун муҳим вазифа ҳужумда мувозанатни тиклаш, ҳар бир ўйинчи учун тўғри ролларни топиш, аммо атмосферани бузмаслик ва ҳимояни унутмаслик керак бўлади.
Португалия сўнгги турнирда 12 та гол урди, аммо 1/8 финалда Швейцария билан учрашув (6:1)да агар Ян Зоммернинг хатосидан киритилган биринчи гол бўлмаганида ўйин бутунлай бошқача сценарий остида кечиши ҳам мумкин эди. 2022 йилги жаҳон чемпионатида кутилган голлар сони (XG) бўйича Португалия терма жамоаси 7,8 кўрсаткичга эга бўлди (уларнинг киритиши керак бўлган голларидан тўрттага кўп). Демак, Мартинесда жамоанинг ҳужум салоҳияти борасида ўйлаш керак бўлган нарса кўп.
3. Пепега ўринбосар етиштириш
Португалия ва Бельгия терма жамоаларида худди шундай муаммо бор: ажойиб ёш марказий ҳимоячиларнинг йўқлиги. Бельгияликлар турнирда 33 ёшли Алдервейрелд ва 35 ёшли Вертонген билан ўйнаган бўлса, Португалияда ҳимояни 39 ёшли Пепе бошқарган. Ҳа, тажрибали футболчи ажойиб турнир ўтказди, унинг фазилатларига ҳеч ким шубҳа қилмади, лекин йирик турнирда ғалаба қозонаман деган жамоада камида учта ажойиб ҳимоячи бўлиши керак. Португалияда ҳали ҳам Рубен Диаш ўйнаяпти - у кўп йиллар давомида мудофаанинг бўлажак етакчиси, аммо кейин - бўшлиқ пайдо бўлади. ЖЧ-2022 1-турининг Гана билан учрашувида ҳимоя марказида номинал ҳимоячи Данило Перейра майдонга тушди. У «ПСЖ»да ҳимояда ўйнаш тажрибасига эга, аммо буларнинг барчаси бир текисда кетмаган. Португалия терма жамоаси таркибида 19 ёшли иқтидорли уни Диаш билан бир жуфтликда янги таянч ўйинчига айлантиришга ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда, 40 ёшли Пепе бобога имкон бераверишга тўғри келади.
4. Португалияни саралаш босқичларидан ишончли ўтишга ўргатиш
Португалия терма жамоаси жорий аср бошидан буён бирорта ҳам йирик турнирни ўтказиб юбормаган. Аммо вақти-вақти билан уларга Евро ёки жаҳон чемпионатига чиқиш қийин бўлган. 2010, 2014 ва 2022 йиллардаги жаҳон чемпионатларига португаллар Босния ва Герцеговина (2010), Швеция (2014), Туркия ва Шимолий Македонияни (2022) ортда қолдириб, бу турнирларга етиб келишган. Бунинг устига жамоа Боснияга қарши плей-оффдаги ғалаба эвазига Евро-2012га чиқди. Шу билан бирга, португаллар саралашда иккинчи ўринни эгаллашга одатланганлар (масалан, Евро-2008 ва 2020 саралашларида). Демак, Мартинес бу муаммони ҳал қилиши керак бўлади. Акс ҳолда, худди шу камчиликка эга Италия каби кетма-кет иккита жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориши мумкин.
5. Катта турнирларда ғалаба қозониш
Ниҳоят, Мартинесдан талаб қилинадиган энг муҳим нарса бу Португалия термасининг Евро ёки жаҳон чемпионатидаги ғалабаси бўлади. Испаниялик мураббий Бельгиянинг «олтин» авлодини аллақачон ўз қўлига олган эди, лекин улар билан ҳеч нарса қила олмади. Энди Мартинес ихтиёрида анчайин сифатли португалиялик футболчилар бор. Португалия Еврони нисбатан яқинда (2016 йилда) қўлга киритди ва УЕФА Миллатлар Лигасида ғолиб чиқди, аммо ҳозирги жамоанинг салоҳияти ўша таркибдан анча юқори. Мартинеснинг ўзи эса сўнгги йилларда унга берилган имкониятни оқлаш учун нуфузли кубокка анча муҳтож.
Нима деб ўйлайсиз: Португалияни Роберто Мартинесга ишониб топшириб, тўғри иш қилишганми? У энди иқтидорли авлод билан муваффақият қозона оладими?