«Нефтчи» ва «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач, матбуот анжумани ўтказилмади. Шу сабабли фарғоналиклар устози Юрий Саркисян билан ўйингоҳ ташқарисида суҳбатлашдик.
— Ўзингиз биласиз, водийда ўйинлар доимо кескин руҳда ўтиб келган. Наманган, Андижон ва Фарғона жамоаларининг ўзаро қарама-қаршиликлари ҳар гал шиддатли тус олади. Биринчи бўлимда гол уриш учун кўплаб вазиятларни юзага келтириб, тўпни кўпроқ назорат қилдик. Лекин, гол уришни уддасидан чиқа олмадик. Танаффусдан кейин футболчиларимиз ўзларини қўлга олиб, рақиб дарвозасига хавф солишда давом этишди. Иккинчи бўлимда шогирдларим ўз олдиларига қўйилган вазифани бажариб, ғалабани қўлга киритишди.
— Натижа шундай кўринишга эга бўлади деб кутганмидингиз?
— Футболда олдиндан бирор нима деб бўлмайди. Фақатгина ғалаба кутгандик. Ҳисобни қандай кўриниш олиши эса бизни қизиқтирмайди.
— Рақиб ўйини ҳақида нима дейсиз?
— Ҳар бир жамоа рақиби қанчалик ўйин намойиш этишга қўйиб берса, шундай тарзда ҳаракат қилади. Улар ўз имкониятлари даражасида тўп суришди.
— Сизнингча, «Навбаҳор» шундай мағлубиятга мос ўйин кўрсатдими?
— Улар шунга лойиқ ўйнашдими йўқми билмадим, лекин биз ўз ўйинимиз билан ҳақли равишда ғалаба қозондик. Уларни эса билмадим…
— Барча голларни иккинчи бўлимда киритилишининг сабаби нимада?
— Ҳаракатларимизда, ҳам ўйин ташкил қилишда кучимизга куч қўшдик. Рақиб эса бунга чидай олмади. Иккинчи бўлимни жуда кучли ўтказдик. Бундан ташқари яна кўплаб вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. «Навбаҳор» эса дарвозамиз олдида ҳатто битта ҳам хавфли вазият юзага келтира олишмади.
— Шогирдларингиздан кимнинг ҳаракатлари Сизга кўпроқ манзур бўлди?
— Уларнинг барчаси менда илиқ таассурот қолдиришди. Шогирдларим олдиларига қўйилган вазифани 90 дақиқа давомида аниқ бажаришди. Шу сабабли ҳеч кимни алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Чунки фубол – бу жамоавий ўйин. Бу кураш ёки бокс эмас. Футболчилар бир-бирларини қўллаб ўйнашлари лозим. Бирор-бир вазиятда футболчи хато қилса, шериги уни тўғирлаб қўйиб, кўмаклашиши зарур. Йигитларга доимо барча бармоқлар бир бўлса муштни синдири бўлмайди деб йигитларга уқтириб келаман. Алоҳида ҳолда эса синдириш осон. Шунинг учун ҳеч қачон коллективни алоҳида ажратиб кўрсатиб бўлмайди.