Мана, Суперлиганинг янги мавсумига қуръа ҳам ташланди. Лекин бугун яна бироз аввалги мавсум ҳақида гаплашамиз.
Аниқроғи, чемпионат давомида кузатилган баъзи рекорд ва антирекордларга тўхталишни лозим топдик.
Аввало, умумий маълумот: миллий чемпионатимиз элит лигасининг ҳисоб бўйича 32-мавсуми жами 225 тақвим кунига чўзилди (давралар оралиғи ва ФИФА кунларида юзага келган танаффуслар билан бирга, албатта). Суперлига тақвимидан ўрин олган 182та ўйинда ҳакамлар томонидан 428та гол қайд этилди. 14та жамоа таркибида жами 414 нафар футболчи майдонга тушди, улардан 33 нафари чемпионат давомида 2тадан жамоа либосида кўриниш берди. Энг кўп футболчидан фойдаланган жамоа «Бунёдкор» бўлиб, унинг сафида 36 нафар ўйинчи майдонга тушди. «Насаф» аксинча, атиги 24 нафар футболчи билан чекланди. Суперлига-2022да 11та жамоа томонидан 17та иродали ғалаба (олдин ҳисобда ортда бориб, якунда устун келиш) қайд этилди. Аввалги мавсумда бундай ғалабалар сони 14тани ташкил қилганди. Ўтган мавсум фақат «Сурхон», «Динамо» ва «Қўқон-1912» клублари иродали ғалаба кўчасига киргани йўқ. «Бунёдкор» эса нақ 4та ўйинда ирода эвазига ғалабани тантана қилди.
Чемпионат давомида бир қатор ноодатий рекордлар ҳам қайд этилди. Дейлик, Суперлига дебютанти «Олимпик» 14та ўйинда дуранг натижани ушлади, рекорд шундаки, улардан 10таси 1:1 ҳисобида якунланди. Суперлигадан тушиб кетган «Қўқон-1912» эса қаторасига 7та ўйинда муроса кўчасини танлаш (4таси 1:1 ҳисобида) асносида рекорд ўрнатди. Булар - бутун чемпионат тарихидаги рекордлар. Энди индивидуал натижаларга ўтсак, Драган Черан («Пахтакор») энг юқори кўрсаткич қайд этиш борасида мавсумнинг мутлақ рекордчисига айланди. Сербиялик футболчи чемпионатнинг энг яхши тўпурари пойгасида қаторасига 4-марта ғалаба қозониш баробарида мавсум давомида 2та «покер» расмийлаштирди. Ўзбекистон чемпионатининг муайян мавсуми бош голеадори тарихда ҳали бундай натижага эришмаганди. Қолаверса, Черан ўз ҳисобидаги жами голлар сонини 116тага етказиб қўйиш асносида чемпионатимизда тўп сурган барча легионерлар орасида мутлақ пешқадам бўлиб олди. Айтиш ўринли, «Пахтакор» етакчиси янги мавсумдаги ҳам бир голи билан ўзига тегишли рекордни янгилайверади.
Суперлига-2021да 9та жамоанинг 13 нафар футболчиси чемпионат доирасидаги барча ўйинларда қатнашганди. Яна бир томони, улардан атиги 2 нафари (Игнатий Нестеров ва Ўткир Юсупов) барча ўйинларнинг бошидан охиригача майдонда бўлганди. Якунланган мавсум ҳам айнан 13 нафар футболчи 100 фоиз учрашувда ўйнади, фарқли томони - ҳуштакдан ҳуштаккача тўлиқ ҳаракатланиш биргина Ўткир Юсуповга насиб этди. Оддий айтганда, «Навбаҳор» дарвозабони қаторасига 2 мавсумдан буён Ўзбекистон чемпионатида бирор дақиқани ўтказиб юборгани йўқ. Биринчи даврада «Навбаҳор»нинг барча учрашувларида майдонга тушган грузиялик ҳужумчи Элгужа Григалашвили эса ҳал қилувчи босқичда «Динамо»нинг 13та ўйинини алмаштиришсиз ўтказди. Бу ҳам ўзига хос натижа ҳисобланади, албатта.
Мавсум давомида 14та жамоа жами 33 нафар дарвозабон хизматига таянди. Жумладан, «Сурхон» дарвозасида нақ 5 нафар кипер кўриниш берди - яна бир рекорд. «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилган Ойбек Рустамовга 10 марта сариқ карточка олгани учун «тож» кийдириш мумкин. АГМК ўйинларида 3 марта тўғридан-тўғри қизил карточка олган Сардор Раҳмонов ҳам шундай «тож»га муносиб. Ҳар икки кўрсаткич якунланган мавсум антирекордидир. Энг ноёб антирекорд эса «Сурхон»да тўп сурган Бахтиёр Қосимовга тегишли - атиги 12та ўйинда 6та сариқ карточка! «Сурхон» бош мураббийи сифатида ишлаган испаниялик Анхель Лопеснинг мавсум давомида 3 марта огоҳлантирилгани ҳам ўзига хос антирекорддир. Легионерлар орасида «Сўғдиёна»да ўйнаган серб Лука Чермель энг қўпол футболчи бўлди - 4та сариқ ва 2та қизил карточка. Авазбек Ўлмасалиев («Бунёдкор») - мавсум давомида ўз номига 2та автогол расмийлаштирган ягона футболчи. Бироқ 2014 йили грузиялик Георги Квесиешвили томонидан ўрнатилган «абадий» антирекорд ҳали-вери янгиланиши гумон. У «Қизилқум»нинг Самарқанд «Динамо»сига қарши сафар ўйинида ўз жамоаси дарвозасига 2та гол уриб, мезбонларга ғалаба тортиқ этганди.
Сергей КНЯЗЕВ.