Бу йигит вақтида университетдаги таҳсилни устун қўйган ва футболчилик фаолиятини тўхтатиб туриб, дриблинг мавзусида диплом ишини ҳимоя қилган. Гап ЖЧ-2022да майдон чизиғи устидаги тўпни жамоадошига етказиб бериш асносида гол ҳаммуаллифига айланган Япония миллий жамоасининг навбатдаги ёрқин умидларидан бири ҳақида кетмоқда. Умуман, «Брайтон» охирги йилларда тетик футбол намойиш этиш баробарида бир қатор юқори савияли футболчиларни катта саҳнага олиб чиқди: Бен Уайт, Марк Кукурелья, Ив Биссума аллақачон гранд клубларга йўл олишди. Навбатда Мойзес Кайседо ва Алексис МакАллистер туришибди. «Брайтон»да истиқболли яна бир юлдузча бор - япониялик Каору Митома. Айнан шу йигит ЖЧ-2022 гуруҳ босқичида Испания термасига қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда «самурайлар»га ғалаба келтирган гол ассистентига айланганди. Эсланг, у тўп чизиқдан чиқиб кетгандек туюлган вазиятда уни майдонга қайтарганди. Каору шу биргина узатмаси билан «кунчиқар юрт»да афсонага айланди. Муҳими, Митома Қатардан АПЛга қайтгач, мундиалдаги ажойиб ўйинлари тасодиф эмаслигини баралла кўрсатишга тушди. Дейлик, янги йил олдидан «Арсенал» билан баҳсда гол урди (яна бир аниқ зарбаси «офсайд» туфайли бекор қилинди) ва бутун вақт давомида Микель Артета йўлга қўйган тартибли ҳимояга асло тинчлик бермади. Тўғри, якунда «Арсенал» 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо Митома яна бир бора ҳамманинг эътиборига тушди. 2023 йил ҳам япониялик учун яхши бошланди - «Эвертон» билан ўйинда гол. 25 ёшли вингер шундан кейин чемпионатда «Лестер» ва «Борнмут», кубокда эса «Ливерпуль» дарвозасига йўл топди. Хуллас, Митома «Брайтон»нинг янги етакчиларидан бири сифатида АПЛ мавсуми кашфиёти бўлишга яққол даъвогарлик қилмоқда.
Поттернинг кетиши самараси
Каору Митома октябрь ойи охиридан буён «Брайтон»нинг асосий футболчиларидан бири сифатида мунтазам майдонга тушмоқда. Япониялик вингер еврофутболга 24 ёшидагина юзланганини алоҳида айтиш керак. «Брайтон» скаутлари иқтидорли йигитни Япония лигасида илғашди ва клуб раҳбарияти унинг трансфери учун «Кавасаки Фронтале»га 3 миллион евро тўлашдан бош тортмади. Шу тариқа англияликлар японияликни ижара шарти асосида дарҳол Бельгиянинг «Унион» клубига юборишди. Айтиш ўринли, бу жамоа «Брайтон» хўжайини Тони Блум учун ўзига хос «синов майдони» саналади. Митома Бельгия чемпионатидаги дебют мавсумидаёқ «Унион»нинг муҳим футболчилари қаторига қўшилди: 29та ўйинда 8та гол ва 4та самарали узатма. Жамоа эса мунтазам чемпионат финишига 1-ўринда етиб келди, фақат «плей-офф» босқичида олий совринни қўлдан чиқарди.
Март ойида эса Каору японларни жаҳон чемпионати сари бошлади. У Австралия термасига қарши кечган ҳал қилувчи саралаш ўйинининг 84-дақиқасида Такуми Минамино ўрнига майдонга тушди ва якунда «дубль» қайд этди (89 ва 90+4-дақиқаларда гол). Дарвоқе, «Брайтон» вакили бундан бундан 6 ой олдин Олимпиадага захира футболчиси сифатида йўл олган ва 3-ўрин учун кечган баҳсда гол урганди. «Олимпиададаги иштирок ичимдаги қўрқув моҳиятини тушуниш ва ўйин бобида менга нима етишмаётганини яхшироқ англаш имконини берди. Бунга қадар салоҳиятим унча баланд эмаслигини ўйлаб, роса асабийлашардим. Айниқса, муҳим учрашувларда жамоага наф келтиролмаслигимдан сиқилардим. Олимпиадада эса бу каби ишончсизлик ва қўрқувга қандай қарши туришни ўргандим», - деганди Митома ўша мусобақадан кейин. Ёзда Каору «Брайтон»га қайтди, аммо Грэм Поттер уни фақат захирачи ролида кўрди. Япон йигитига мураббийлар штабидаги ўзгариш ёрдам берди: Поттер «Челси»га кетгач, унинг ўрнини эгаллаган италиялик Роберто де Зерби жамоада севимли тактик чизмаси - 4-2-3-1ни йўлга қўйди. Шу тариқа Митома чап қанотдан жой олди. Қарангки, айнан «Челси»га қарши ўйин Каору учун бурилиш нуқтасига айланди. «Брайтон»нинг бошланғич таркибига илк марта кирган япониялик 5-дақиқадаёқ икки рақибини чиройли дриблинг эвазига ортда қолдириб, Леандро Троссардга гол уриш имконини яратди. Митома шу-шу ҳар бир ўйиннинг илк дақиқаларидан «Брайтон» таркибида. Тўғри, орада тана ҳарорати ошиб кетгани туфайли «Астон Вилла» билан баҳсда четда қолди ва жамоа 1:2 ҳисобида енгилди. ЖЧ-2022га жўнаш арафасида эса «Вулверхэмптон»га қарши учрашувда АПЛдаги голлари ҳисобини очди ва «Арсенал»ни Лига кубогидан чиқариб юборишда катта роль бажарди. Оддий айтганда, Каору Қатарга «Брайтон»да ўзини тиклаб олган футболчи сифатида йўл олди.
Футболга илмий ёндашув
Қизиқ, бундай истеъдодли йигит еврофутболга нега 24 ёшидагина юзланди? Гап шундаки, Каору 19 ёшида футболчилик фаолиятини университетдаги таҳсилга алмаштирганди. У ўша вақтга қадар «Кавасаки» тизимида бир неча йил муваффақиятли шуғулланган, аммо катталар футболига тайёрлигига шубҳа билан қараган. «Очиғи, ўша пайт профессионал даражада ўйнаб кетишимга ишончим йўқ эди, - дея тан олганди Митома. - Айниқса, мендан бир ёш катта гуруҳда шуғулланган Мияси ва Итакура(ҳозирда «Антверпен» ва «Боруссия» М. клубларида тўп суришмоқда)га қарасам, юқори савияда ўйнай олишимга шубҳа кучаярди. Шунинг учун келажак ҳақида ўйлаб, Цукуба университетида таҳсил олишни маъқул кўрдим». Бу университет нафақат футболчилар, балки спортчиларни тайёрлаш билан ҳам донг таратган. Каору эса бундан максимал даражада фойдаланди. Дейлик, диссертация ёқлаш учун дриблинг мавзусини танлади. Митома бунда илмий раҳбар тавсия этган мавзуларни рад этганди. Қисқаси, футболда дриблинг салоҳиятини қандай яхшилаш мумкинлигини илмий қараш билан асослаб беришни хоҳлади. Бунинг учун GoPro камераси ёрдамида ўзининг алдамчи ҳаракатларини ёзиб олди. «Дриблинг асосини очиб бериш учун рақиб йўналишини аниқлашим керак эди. Агар унинг танасини ҳаракатга келтира олсангиз, ҳаракатингиз самарали чиқиши эҳтимоли кескин ошади», - дея хулоса чиқарганди Митома бу борада. Эътиборли томони, Митоманинг илмий иши ҳозир университетда сақланмоқда. У ҳаттоки, ёш спортчилар учун қўлланмага айланди. Асосийси, Каору шу иши ортидан ўзи учун ҳам муваффақиятли дриблингнинг муҳим тамойилларини кашф этди. Энди у тўпни қабул қилишдан олдин рақиблар жойлашувига зимдан нигоҳ ташлайди ва шундан сўнг оёқларга қарамай, олдинга интилади.
Митома жисмонан бақувват футболчилар тоифасидан эмас, лекин ўқиш жараёнида тўғри овқатланиш асосида мушак массаси тўплашни ҳам ўрганган. Бунда ҳатто профессионал нутрициолог (диета тайинлаш бўйича мутахассис) хизматидан ҳам фойдаланган. Япониялик йигит яна тўғри югуриш устида Сидней ва Афина Олимпиадалари иштирокчиси Сатору Танигава билан алоҳида шуғулланган. Митоманинг университет жамоасидаги ўйинларини кузатган скаутлар ҳам таҳсил жараёни уни бутунлай бошқача футболчига айлантирганини таъкидлашган.
Митома Япония «J»-лигасида 2020 йили дебют қилган ва дарҳол «Кавасаки» етакчисига айланган - 30та ўйинда 13та гол + 13та ассист. У чемпионат тарихида илк мавсумдаёқ 10та гол маррасидан ошган атиги 5-футболчи бўлганини ҳам айтиш ўринли. Умуман, Каору Япония лигасида 2 мавсум ҳам ўйнагани йўқ - 2021 йилнинг ёзида «Брайтон»га йўл олди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади