Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Дилмурод Артикбаев: «Эътибор бўлмаганида Зайниддин Тожиевга эга бўлмаган бўлардик»

Баҳо:
+ | -

Назаримизда, болалар футболи ҳамиша муаммоли масалалардан бири бўлиб қолаверади. Чунки уни тартибга солиш жудаям қийин. Биринчидан, юртимизда футбол билан шуғулланишни истайдиган болалар жуда кўп. Уларнинг барчасига футбол мактабларида ўринлар етарли эмас. Иккинчи футбол мактабларининг ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас. Футбол майдонлари, спорт инвентарлари, малакали мураббийлар етишмовчилиги мавжуд. У ерлардаги мураббийларнинг ойлик маошлари эса алоҳида бир мавзу.

Ёш болаларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиб, спорт билан шуғулланишлари яхши. Аммо, шу билан биргаликда, келажакда юлдуз бўлиши мумкин бўлган бир неча болаларни ўсмирлик даврдаёқ йўқотиб қўяётганимиз ҳам ани ҳақиқат. Афсус билан тан олишга мажбурмиз, бугунги кунда футбол мактабларида шуғулланган 16-18 ёшли ўсмирларнинг профессионал футболга ўтишлари аниқ тизим йўқ. Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган болалар футбол мактабига бориб, вазиятни ўрганганимизда бунга яна бир марта амин бўлдик.

— Футбол мактабимиз 1996 йилда ташкил этилган. Мен эса бу ерда 6 йилдан бери мураббийлик қилиб келяпман, — дейди Дилмурод Артикбаев. — Шогирдларим Тошкент шаҳар чемпионати ва Иккинчи лига баҳсларида иштирок этиб келишади. Улар қанчалик кўп ўйинларда иштирок этишса, хатоларини кўриб, ўйиндан-ўйинга ўсиб боришади. Футбол мактабимизнинг олдига қўйган асосий мақсадларидан бири — ўсмир футболчиларни катта футболга йўналтиришдан иборат. Ёшлигидан футбол билан шуғулланиб келган ўсмирларнинг кўпчилиги турли сабабларга кўра катта футболга ўтолмай қолади. Бунинг асосий сабаби – футболчилар ўзларига жамоа тополмай қолишади. Футбол мактабларини битирган ўсмирлар аввал Биринчи лига ёки Олий лиганинг ўринбосарлар жамоаларида ўйнашлари мумкин. Бу лигалар мураббийлари иккинчи лига ўйинларини деярли келиб кўришмайди. Шунинг учун қишда ёки давралар оралиғида Биринчи лига ёки Олий лиганинг ўринбосарлар жамоалари билан ўртоқлик ўйинларини ўтказамизки, зора қайсидир футболчимизга уларга ёқиб қолиб, уни ўз сафларига таклиф қилишса. Ўша ўйинларда рақиблар билан тенгма-тенг ўйнаймиз, баъзи ўйинларда устунрок ҳаракат қилган пайтларимиз ҳам бўлган. Аммо ҳозирча бунинг самараси камроқ бўлмоқда. Ўйинларимизни кўрган бошқа мутахассислар ва ҳакамлар менга савол беришади: “Нега футболчиларинингни бошқа жамоаларга бермайсан, уларни орасида яхши ўйинчилар бор экан”, дея. Мен ҳеч бир футболчимни ушлаб турмайман. Марҳамат келишсин, олиб кетишсин. Мен ҳам шу мақсадда ишлаяпман ўзи.

Мактабимизда 2004 йилда туғилган болалардан иборат жамоадан бошлаб, Иккинчи лигада иштирок этадиган жамоаларимизга ҳар бир ёш тоифасида иккитадан гуруҳларимиз бор. Футбол мактабимизнинг ҳомийлари йўқ. Футбол майдони ижараси, жамоаларни формалар, футбол тўплари билан таъминлаш, чемпионатда иштирок этиш учун бадал пуллари ва бошқа харажатлар фарзандига бефарқ бўлмаган ота-оналар томонидан қопланади. Уларга минг раҳмат. Туманимиз раҳбарлари бизга ўхшаган футбол мактабларига озгина эътибор қаратишса яхши бўларди.

— Футбол мактабидаги мураббийларнинг ойлик маошлари ниманинг ҳисобидан тўланади?
— Туманимизда Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби (БЎСМ) бор. Унинг тўртта гуруҳига бизнинг 4 нафар мураббийимизга бириктирилган. Ушбу гуруҳлар ҳисобига ойлик оламиз. Аммо қолган гуруҳларга ҳеч қандай ойлик маошсиз мураббийлик қиламиз.

— Сергели туманида яна шунга ўхшаш футбол мактаблари борми?
— Қурувчи мавзесида ҳам жамоа бор. Маҳаммаджон ака ўз ўғли билан ушбу мактабни очишган ва фодойилик билан болаларни шуғуллантириб келишади. Ушбу йилдан бошлаб улар ўзларига ҳомий топишди ва жамоа номини “Яссидил” деб ҳомийнинг номи билан аташди. Улар ҳам доимий равишда турли мусобақаларда иштирок этиб келишади.

— Ўсмир йигит футбол мактабидан профессионал клубга борганидан кейин ўзини қандай тутиши лозим?
— Энг аввало, сабр қилган ҳолда, тинимсиз меҳнат қилиши лозим. Ўзим ҳам 2000 йилда Зарафшонга борганимда, “Қизилқум” жамоаси сафида 1 ой шуғулландим ва ундан кейин жамоа билан шартнома туздим. Менга имкон беришди ва 1 йил давомида “Қизилқум”нинг ўринбосарлар таркибида ўйнадим. Ана шу бир йил давомида кескин ўсишга эришганимни ҳис қилдим. Футболчи жамоавий машғулотлардан ташқари ўзи ҳам индивидуал равишда шуғулланиши керак. Бўш вақтимда дарвоза томон зарба бериш, тўп билан ишлашни машқ қилардим. Ҳаттоки меҳмонхонада бўлганимда ҳам теннис тўпини олиб коридорда шуғулланардим, техникамни оширишга ҳаракат қилардим. Қўрқмасдан айта оламан, индивидуал машғулотнинг ўрни жамоавий машғулотдан устун туради.

— Бугунги ўйинда кўрдимки (интервьюдан олдин “Сергели” жамоаси иккинчи лигадаги навбатдаги ўйинини “Истиқлол” жамоасига қарши ўтказди – 3:2), захирадан майдонга туширилган футболчини кўп ўтмасдан яна алмаштирдингиз. У эса майдон четига чиққанидан кейин йиғлади. Бунга муносабатингиз?
— Мураббийлар ҳам хато қилади. Ҳозир 100 фоиз тўғри қилдим дея айта олмайман, аммо нотўғри қилдим деб ҳам айтмайман. Чунки бу боланинг имкониятини яхши биламан. У 7-8 ёшдан бошлаб қўлостимда шуғулланади. У майдонга чиққанидан кейин борини бериб ўйнамади. Тахминан 30 фоиз куч билан ўйнади. Унинг захирага олиш – бу тарбиявий чора ҳисобланади. У бугунги ўйинга ўзини руҳан тайёрлай олмади. Бу жамоани осон ютамиз деб ўйлади шекилли. Ҳар бир рақиб билан тўла куч билан ҳаракат қилиш лозим. Эртанги машғулотлар пайтида бу болага ўз айбини ётиғи билан тушунтираман. Ҳар бир бола масъулиятни ҳис қилиши лозим.

— Майдоннинг нариги томонида рақиб жамоа мураббийи ўз шогирдларига нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатиб турди. Шу тўғрими?
— Ҳар бир мураббийнинг ўз иш услуби бор. Иложи борича ҳар бир футболчига яхшилик  билан тушунтиришга ҳаракат қилиш лозим. Лекин баъзида мана шундай ҳиссиёт билан бақириш ҳам керак бўлади. Аммо чегарадан ошириб юбориш керакмас. Аслида 11-12 ёшли боланинг машғулотларга келаётганининг ўзи катта гап. Сўкиш орқали уни футболдан бездириш керакмас.

Мураббийлик курсларида ўқиаётганимда Рустам Акрамов бир нарсани таъкидлаганди. Ўйиндан олдин шунда вазият бўладики, ўша пайтда мураббий керакли сўзни айтиш орқали футболчиларнинг ҳиссиётини уйғотиши керак. Ҳиссиёт ҳар бир футболчи учун керак. Футболчиларга буни қандай қилиб етказиш – ҳар бир мураббийнинг санъати ҳисобланади.

— ОФКнинг тан олишича, Ўзбекистон футболи Осиёда энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири экан. Ҳозирги болалар футбол тизими орқали янада яхши натижаларга эришишимиз мумкинми?
— Иккинчи лига баҳслари яхши мусобақа ҳисобланади. Иккинчи лига баҳсларига Тошкент шаҳар федерацияси ҳакамларни юборади. Аммо Халқ таълими вазирлиги тизимидаги болалар лигасида ҳакамлар етишмайди. Бу ўйинларда жамоа мураббийларидан бири ҳакамлик қилади. Табиийки, бундай пайтда холис ҳакамликни кутиб бўлмайди. Ҳар сафар бу ўйинларга руҳан тайёрланиб борамизки, ишқилиб бирорта муаммо келиб чиқмасин дея. Бу битта муаммо.

Иккинчи муаммолардан бири футболчиларнинг ўз ёшида майдонга туширилмаслиги. 2-3 ёш катта футболчилар ёшроқ тоифадаги гуруҳларда ўйнатишади. Бундан ташқари айрим мураббийлар ўз шогирдларига кўрсатиб бериб, ёш футболчиларни “синдириш”ни айтишади. Тўғри, футболимиз ривожланяпти. Лекин ҳали тўла ривожланиб бўлмаган. Менинг фикрим шундай. Янада тезроқ ривожланишимиз учун мавжуд муаммоларни бартараф этиш лозим.

— Ўсмирларнинг болалар футболидан катта футболга ўтиши учун қандайдир чора-тадбирларни ўйлаб кўрганмисиз?
— Боланинг 17-18 ёшли пайти энг нозик пайт ҳисобланади. Биринчи томондан ўз ҳаёт йўлини танлаш арафасида бўлса, иккинчи томондан у ўз оиласига ёрдам беришни ҳам бошлаши керак. Шунинг учун бир нарсани ўйладим: Иккинчи лига ўйинчиларига ҳам қанақадир стипендия берилса яхши бўлармиди?! Бу пулга ўйинчилар минимал харажатлар – йўлкира, овқат пули, формалар харидига сарфлаши мумкин. Ишончим комил, шундай қилинса, жуда катта ўсишга эришамиз. Бу нарса ўтиш ёшида бўлган футболчиларга ва уларнинг ота-онасига катта ишонч берган бўларди. Қайси футболчининг қандай ёшда очилиб кетишини билиб бўлмайди. Масалан, Зайниддин Тожиев “Сергели”да ўйнаб, 22 ёшида Олий лига жамоасига қўшилган. Агар ўша пайтда “Сергели” клубига эътибор бўлмаганида, бугунги кунда ўзбек футболи Зайниддин Тожиевга эга бўлмаслиги ҳам мумкин эди.

— Жамоага эътибор бўлса, натижа ҳам шунга яраша бўладими?
— Шубҳасиз. Сизга бир мисол келтираман. Ўз вақтида мен ҳам “Сергели” футбол мактабида ўйнаган пайтларимда жамоага бўлган эътибор катта эди. Жамоага ҳар йили 15 дона яхши тўплар, энг яхши бутсалар, спорт инвентарлари олиб бериларди. Алоҳида автобус ажратилган эди. Ихтиёримизда сузиш бассейни бўларди. У ерда ўйинлардан кейин тикланиш машқларини ўтардик. Ҳоким ўринбосари ўйинларимизга ташриф буюриб, футболчиларни қўллаб-қувватларди. Шунинг учун бўлса керак, ўша жамоа шаҳарда “Пахтакор” ва МҲСКдан кейин 3-ўринни эгаллаганди.

— Авваллари Сергели туман ҳокимлиги томонидан жамоага эътибор бўлган экан. Унда ҳозир нега эътибор йўқ?
— Бу саволни ўзимга ҳам кўп бераман. Лекин ҳалигача жавоб тополганим йўқ. Балки туманимиз раҳбарларида футболга эътибор бериш учун вақт йўқдир, балки улар футболга қизиқмас. Яқин йилларгача ҳам автобус бўлмаса-да, жамоага спорт жиҳозлари ажратиларди. Ҳозир эътибор йўқолиб қолганининг сабабини аниқ билмайман. Жамоамизга атайлаб “Сергели” номини берганмизки, матбуотда бу жамоага кўзи тушган туманимиз раҳбарлари жамоага эътибор қаратиб қолишидан умид қиламиз. Ҳеч бўлмаса, жамоага формалар, тўплар ва бадал пули бўйича ёрдам бўлса яхши бўларди.

Туманимиз марказида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси спорт комплексини қуриб берган. Аммо бу ерда ҳеч ким шуғулланмайди. Истагим, шу стадиондан фойдаланиш имконини бизга беришса, туманнинг марказий кўчаларига афишалар илиниб, жамоамиз ўйнайдиган кунлари аҳолимиз келиб, ўйинларни кўриб, дам олиб кетишса яхши бўларди.

Олимхўжа БЎРОНОВ суҳбатлашди.

P.S. Кўриб турганингиздек, иккинчи лига ёки болалар футбол мактабларининг аксариятидаги аҳвол шунақа. У ерда мураббийлар асосан фидойилик эвазига, футболни ташаб кета олмаганликлари учун ишлаб юришибди. Давлатимиз раҳбари томонидан спортга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда жойларда раҳбарлар ҳам ўз ҳудудларидаги футбол мактабларига озгина ғамхўрлик қилишса яхши бўларди. Ахир спорт ёки футбол фақат бир кишигагина керак эмас-ку! Шундай эмасми?

МАЪЛУМОТНОМА
Дилмурод АРТИКБАЕВ
1983 йил 14 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган.
7 ёшидан бошлаб футбол билан шуғуллана бошлаган. “Пахтакор” ва “Сергели” футбол мактабларида футболнинг сир-асрорларини ўрганган. Илк мураббийи Темур Алимхўжаев.
1999 йилдан бошлаб “Шайхонтоҳур” (Биринчи лига, мураббий - Равшан Муқимов), 2000 йилда “СКА Восток” (Биринчи лига, мураббий - Рифкат Ишмурзин), “Қизилқум” клуби ўринбосарлар (мураббий - Анвар Рашидов) ва 2001 йилдан бошлаб асосий таркибида ўйнай бошлаган. 2001 ўсмирлар терма жамоаси (Виктор Борисов) сафида йиғинда бўлган.
2003 йилда “Шоликор” (Иккинчи лига, мураббий - Ислом Аҳмедов), 2004 “Шайҳонтоҳур” (Иккинчи лига) жамоаларида ўйнаган.
2005 йилдан бошлаб болалар мураббийи бўлиб ишлаб келмоқда. “С” лицензиясига эга.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:38, 16.09.2012.
Ўқилди: 6062 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.