Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” — “Металлург” беллашуви аввал белгиланган вақтдан 1 соат эртароқ старт олади. Шу тариқа Лига учрашув вақтини 8-апрел куни 15:30 қилиб ўзгартирди.
“Спорт” телеканали ҳамда Лига ўзаро келишган ҳолда мазкур учрашув соатини икки ҳафта илгари ҳал қилганди. Кеча — 3 апрел куни МТРК телеканалларидан бири Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг Шарқий Тиморга қарши беллашувини жонли намойиш этиши кераклиги ойдинлашган. Бу эса “Сўғдиёна” — “Металлург” учрашуви жонли эфирда намойиш этилмаслигига олиб келиши мумкин эди. Шундан келиб чиқиб, Лига, “Спорт” телеканали ҳамда ҳар икки клуб ўзаро келишган ҳолда беллашувни 15:30 дан бошлаб тўғридан-тўғри эфирга узатишни режалаштирди.
Маълумот учун, айни вақтда Жиззахдаги “Сўғдиёна” стадиони майдонини таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Тез орада клуб асосий стадионига қайтади ҳамда учрашувни шом вақтидан кейин ҳам бошлаш имконияти вужудга келади.