«Челси»нинг собиқ футболчиси Жон Оби Микель лондонликлар клуби Хаби Алонсо қўл остида қандай ўйнаши ҳақида ўз фикри билан ўртоқлашди.
«Алонсо қандай ўйнайди? У 3 та ҳимоячи, «4-3-3» ёки «4-4-2» схемасида ўйнамоқчими? Чунки унинг «Байер»да қандай ўйнаганини биламиз, у айнан шу сабабли муваффақиятга эришган эди. У «Реал»да ўз тизимини ўзгартиришга уринди ва бу иш бермади. Агар Алонсо «Челси» билан учта ҳимоячида ўйнашни истаса, бу бизнинг ўйин услубимиз эмас.
Худди шундай вазият «Манчестер Юнайтед»да ҳам юз берган эди. Рубен Аморим у ерга келди ва ҳамма 3 та ҳимоячида ўйнаш «Манчестер Юнайтед»нинг услуби эмаслигини айтди. «Сиз ўзгаришингиз керак. Ҳужумкор футбол ўйнашингиз керак», дейишди. Энди Хаби Алонсо «Челси» билан ҳам худди шу нарсани қилмоқчими? Мен «Челси» мухлисларини биламан, агар сиз 3 та ҳимоячи билан ўйнасангиз ва ҳаяжонли футбол кўрсата олмасангиз, улар буни қабул қилишмайди», — деди Оби Микель ўз подкастида.
Эслатиб ўтамиз, Антонио Конте «Челси»да 3 та ҳимоячи схемасида ўйнаган ва «кўклар» билан Англия чемпионати ҳамда Англия Кубогини қўлга киритишга эришган эди.













