Кириш Регистрация

Хива стадионида кулги кечаси

Баҳо:
+4 | -

Мен азалдан санъат шайдосиман. Айниқса, драматик, фожеавий асарларни ўқиш, спектаклларни томоша қилишни ёқтираман, ўткир сюжетли, олдиндан нима билан тугашини билиб бўлмайдиган кинолар эса жони-дилим. Ҳажвий комедия томошаларига ҳушим йўқ! "Ҳа-ҳа-ҳа, ҳи-ҳи-ҳи" мен учун эмас.

Яқинда бир дўстим менга футбол кўришни тавсия қилди, унинг айтишича футбол ўйинлари ҳам драматик курашларга бой бўлиб, ўткир сюжетли томошалардан қолишмас экан. Ўзбекистон – Жанубий Корея ўйинини кўриб эса унинг нақадар хақ эканига амин бўлдим. Ана эҳтирослару, мана эҳтирослар, оҳ-воҳлар, дод-войлар, кескин ва қизғин курашлар мени футбол ўйинига мафтун қилиб қўйди. "Бўлди, бундан кейин мен футбол ўйини ишқибозиман", дедим.

Кеча Хива шаҳрининг Марказий ўйиноҳига драматик ва кескин курашларга бой ўйинни томоша қилиш илинжида ташриф буюрдим. Майдонга кўк рангли формада, олдига "Хива" деб ёзилган футболчилар ва оқ рангли формада "Интер" деб ёзилган футболчилар тушиб келишди. Шунда бир мухлис "Хива" билан "Интер" ўйнарканми, деб оғзини ланг очди ("Интер" — бу Италиянинг машҳур жамоаларидан бири экан). Уни ёнида ўтирган ҳамроҳи: "Кўзни катта оч, "Интер" эмас "Интерфутбооооол" деб бошига бир туширганида, уни шапкаси учиб кетди. Э, ҳа-а, бу "Интер" эмас, балки "Интерфутбол" деган  газета ҳомий бўлган "Косонсой" жамоаси экан.

Ҳалиги бола шапкасини олиб келгунча ўйин бошланиб кетди. Биринчи ҳужумдаёқ "Косонсой" футболчиси дарвозабон билан яккама-якка чиқиб, гол киритишига сал қолди. Негадир "Хива" химоячиси бу вазиятда қоқилиб кетиб, унинг кетидан сал секинроқ чопгандек туюлди менга. Бироқ кейинги вазият мени сергаклантирди. "Косонсой" хужумчиси бу сафар ҳам ҳимоячидан осон ўзиб кетиб, дарвозабон билан яккама-якка чиқди ва дарвозани аниқ нишонга олди — 0:1. Ана энди бошланади кескин курашларга бой ўйин, деб ўзимни тинчлантирдим. Бироқ чучварани хом санабман. "Хива" футболчилари майдон марказида бир-бирига тўп ошириб, рақиб жарима майдончасига яқинлашишни хаёлларига ҳам келтиришмади. Яқинлашган тақдирда ҳам тўпни олдинга, хужумчига ташлаб бериш ўрнига, негадир орқага ҳимоячиларга оширишди.

Майдон марказида навбатдаги тўп йўқотишдан кейин, "Косонсой" чап қанотдан хужум уюштирди. Тўп жарима майдонига оширилганда негадир дарвозабон тўпга ташланиш ўрнига уни ўтказиб юборди ва рақиб хужумчиси уни бўш қолган дарвозага киритди — 0:2!

"Қани, кескин кураш?! Ахир, бу — ғирт комедия-ку?!" — деб юбордим.

Шундан кейин ҳам ўйин суръати ўзгармади: "Хива" майдон марказида бир-бирига тўп ошириш билан банд, "Косонсой" онда-сонда ҳужум қилиб, тўпни ё аутга, ё дарвозабонни ўзига ташлаб бериш билан машғул бўлди. Бир вазиятда эса "Косонсой" хужумчиси дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, тўпни бўш қолган дарвозага киритиш ўрнига уни орқага, рақиб ҳимоячиларига ташлаб берди! Ана кулгию, мана кулги! Ҳафсалам пир бўлди. Ахир, комедия мен учун эмаску?!

Биринчи бўлимда "Хива" рақиб дарвозасига бирорта зарба бермади, бирор марта бурчак тўпи тепмади, ҳатто "Хива" ҳужумчиси хавфли жарима зарбасини дарвозага йўллаш ўрнига, уни орқага — ўз ҳимоячисига ташлаб берди, у эса тўпни рақибига осон олдириб қўйди. Яна ҳо-ҳо-ҳо, яна ҳи-ҳи-ҳи...

Шартта ўрнимдан туриб кетмоқчи эдим, ёнимда ўтирган йўл-йўл костюмли бир йигит: "Ака, бу ўйин келишилган, ҳали иккинчи бўлимда бизникилар гол уриб ташлашади", деса бўладими. "Э, жўра, мен муросасиз ўйин кўриш учун келдим, кулги ишқибози эмасман", дедим. Унинг гапи ҳеч кимга ёқмади. "Сен бизни футболчиларни ғирромлик ва қаллобликда айблаяпсанми", деб уни туртиб, трибунадан пастга тушириб юборишди. Бечора пастга тушиб, майдонни ўраб турган панжара ёнида туриб, футбол кўришга мажбур бўлди.

Ҳақиқий ҳалол кураш 2-бўлимда бўлса керак деб, сабр қилиб ўтирдим. Бироқ иккинчи бўлимни бошланиши билан ҳайратдан ёқа ушладим. Дастлабки ҳужумдаёқ "Хива" гол уриб, ҳисобни қисқартирди. Бу сафар томошабин ролида "Косонсой" ҳимоячилари бўлишди. Ушбу вазиятларда "Хива" футболчилари майдонда гўё қанот чиқариб уча бошлашди. "Нима бало, бразилиялик футболчилар "Хива" формасида майдонга тушишдими?" — деб юборди бир бобой.

Биринчи бўлимда зўрға оёғини судраган жамоани умуман таниб бўлмай қолди. Энди қоқилиш ва ҳужумчи орқасидан қолиб кетиш навбати "Косонсой" футболчиларига келди. Хива 15 минут ичида кетма-кет 3 та гол урди — ҳисоб 3:2! "Косонсой" эса майдон марказидан ҳам ўта олмади ёки ўтишни истамади. Бу дақиқалар ичида "Хива" 6 бор бурчак тўпи тепди. Лекин биринчи бўлимда ва бу голлардан кейин бирор марта бурчак тўпи тепмади!

Энг қизиғи, эса кейинги дақиқаларда рўй берди. "Хива" ҳужумчиси бир йўла 6 ҳимоячини алдаб ўтиб, тўртинчи голни ҳам киритди. Ҳимоячилар уни кетидан тўпни олиш учун эмас, шунчаки югуриб юришди, холос. Ана кулгию, мана кулги! Кўзимга ёш келиб кетди. Қаерданам келдим ўзи бу ўйинга!

Пастга қарасам, панжара ёнида турган йўл-йўл костюмли йигит бизга қараб "Қалай?" деган маънода ҳар-хил қилиқ кўрсатяпти. 4-голни киритган футболчи эса ўз тренеридан роса гап эшитди. Унинг гапларини эшитмаган бўлсак-да, важоҳат билан гапираётгани шундоқ билиниб турди. Лекин нималар деб гапирганини кейинги вазият ойдинлаштириб берди. Гол ўтказиб юборган "Косонсой", 2-бўлимдаги ўзининг ягона ҳужумига дарҳол отланиб, "Хива" ҳимоячилари ва дарвозабонининг “қаҳрамон”лиги натижасида, осонгина учинчи голни киритди — 4:3. Секин тепилган тўп дарвозабоннинг қўлтиғи орасидан ўтиб кетди. Яна "ҳе-ҳе-ҳе", яна "ҳа-ҳа-ҳа"!

Ўйин тугашига 20 дақиқа қолган бўлса-да, кейинги дақиқаларда футболчилар фақат майдон марказида, бир-бирига шошмасдан, бемалол тўп ошириш билан машғул бўлишди. Дарвоза томон ҳеч ким яқинлашмади ва ҳатто ёлғондан зарба беришга уриниб ҳам кўришмади. Чунки "бехосдан урилган гол" ҳеч кимга керакмас-да! "Хива" дарвозабони эса дарвоза ортида турган болакай билан бир партия шашка ўйнаб олишга ҳам улгурди.

"Ўғлим, хафа бўлма, булар ҳам тирикчилик қилиши керакку?" — деб юпантирди мени ҳалиги бобой. Ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим. Кимга керак бунақа комедия? Наҳотки "Интер" деган клубнинг газетасини ҳам бунга алоқаси бўлса? Хуллас, хафсалам пир бўлиб уйга қайтдим. Бу "театр"га, э-э-э, стадионга бошқа келмасликка қарор қилдим. "Ҳечқиси йўқ", дедим ўзимга-ўзим, ё "Реал" Мадрид билан "Манчестер Сити" ўйинини кўраман, ё бўлмаса Шекспирнинг "Отелло" трагедиясини кўриб, бир хуморимни чиқариб оламан.

Чорлибой ЧЎЛПОНОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:07, 19.09.2012.
Ўқилди: 8786 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.