Россиянинг «Матч ТВ» телеканали журналисти Василий Конов Sports.kz сайтига берган интервьюсида Тошкентда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг энг оғир вазнда спортчилари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Қозоғистонлик Қамшибек Қўнқабаевни табриклаш керак. Унинг Алексей Дроновга қарши жанг жуда зўр бўлди. Бу жанг саралаш босқичининг безагига айланди. Аренада қозоғистонлик мухлислар кўп эди. Россия делегацияси ҳам ўз спортчисини фаол қўллаб-қувватлади. Агар бўлимлар бўйича таҳлил қиладиган бўлса, Алексей Дронов биринчи раундни ўз фойдасига ҳал қилди. Қамшибек рақиб услубига мослашган ҳолда жанг олиб бориш йўналишини ўзгартирди ҳамда иккинчи ва учинчи бўлимларда ғалаба қозонди. Шиддатли кечган жангда Қўнқабаев ҳақли ғалабага эришди.
— Дронов учун бу оғриқли мағлубият бўлдими?
— Мен унга мағзава ағдармоқчи эмасман. Алексей Дронов — ёш спортчи. Бир неча йиллардан бери уни кузатиб келяпман ва шуни айтишим мумкинки, у жуда яхши ўсиб келяпти. Келажакда Дронов жаҳон ва Россия боксида даҳшатли спортчига айланади. Қўнқабаевга эса камида финалгача етиб боришини тилаб қоламан.
— Қамшибек Қўнқабаевнинг Баҳодир Жалоловдан реванш олиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Баҳодир Жалолов — 92+ кг.да турнирнинг яққол фаворити. У ўз мухлисларининг жиддий қўллаб-қувватлаши остида жанг қилмоқда. Унинг дастлабки жангидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, арена деярли тўлганди, бўш жой йўқ эди, барча уни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистонда унга бўлган эътибор жуда юқори. Бундай масъулият остида у "ёниб" кетиши мумкин, аммо бунинг учун асос кўрмаяпман. Жалолов — жуда тажрибали спортчи. Ҳа, ўта оғир вазнда бир зарба ҳамма нарсани ҳал этиши мумкин. Шунга қарамай, Жалолов — мусобақанинг яққол фаворити. Агар у олтин медални қўлга киритмаса, ҳайрон қоларли иш бўлади.