Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Кубоксиз қайтманг, йигитлар!

Баҳо:
+2 | -

Бугун финал! Бундан 2 йил аввал бўлиб ўтган финалда “Пахтакор” стадионига одам сиғмай қолганди. Ёдингизда бўлса, 2010 йилги ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичига лицей-коллежларнинг ўқувчи ва талабалари олиб келинганди. Чорак финалдан бошлаб эса чипталар талаш бўлиб кетганди. Евстафеев шогирдлари 2 ҳафта давомида бутун халқни стадионга михлай олганди. Эронда ўтаётган мусобақада эса Эрон иштирокидаги ўйинларга бор-йўғи 5 минг атрофида ишқибозлар келишди. “Нуралиевчилар” эса барча ўзбек футболи мухлисларини телевизор ва сайтларга ипсиз боғлай олишди.

Ушбу терма жамоа ҳақида мусобақа олдидан мақола ёзишни ният қилгандим. Боиси, ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган саралаш ўйинларини тўлиқ кузатиб борганим учун бу терма жамоа ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эдим. Аммо футболчиларимиз ўсмирларга хос бўлган беқарорликка йўл қўйиб, хато қилиб қўйишларидан қўрққандим. Энди бемалол улар ҳақида фикр юритсам бўлади. Ҳар ҳолда, тахминларим ўзини оқлади. Ўсмирларимиз саралашнинг барча ўйинларини ғалаба билан якунлаган бўлсаларда, аслида уларнинг имконияти кенгроқ эканини сезгандим. Буни уларнинг ўзлари ҳам билишарди. Буни исботлашяпти ҳам. Аммо “қовун” тушириб қўйишларига сал қолди...

Гуруҳ босқичи
Ҳиндистон билан ўйинда терма жамоамиз жуда бўш ўйин кўрсатди. Буни Эрондаги мусобақада иштирок этган ва ўйинни кузатган ўзбекистонлик ҳакам Маъмур Саидқосимов ҳам таъкидлади. Дилшод Нуралиев эса бундай нурсиз ўйинни бир йил аввал қозонилган 9:0 ҳисобидаги ғалаба билан изоҳлади. Яъни руҳий ҳолат, рақибни менсимаслик. Кейинчалик маълум бўлдики, футболчиларимизнинг мазкур ғалабаси ўта муҳим аҳамият касб этган экан.

Битта нарсани олдиндан айтиш керак, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси гуруҳ босқичидаги бирорта рақибни жиддий қабул қилмади. На Сурияни ва на Хитойни. Улар руҳан чорак финалга тайёрланаётган эдилар. Чорак финалда қайси жамоа билан ўйнаган яхшироқ — Япониями ёки КХДР? Шу ҳақда фикрлашни бошлаб юборишганди. Хитой билан ўйиндаги дуранг ҳам вакилларимизни сергак торттирмади. Сурия билан ўйинда мағлуб бўлиш ва бунинг натижасида гуруҳдан чиқолмай қолиш мумкинлиги ҳақидаги назария ўйиндан олдин уларнинг хаёлига ҳам кириб чиқмаганди. Биринчи бўлимда сурияликлар гол уриб қўйганидан кейин (бу пайтда Хитой Ҳиндистонни мағлуб этаётганди) бундай фикр уларда бирданига пайдо бўлди. Аммо ўйин бошида йўқ бўлган мотивацияни ўйин вақтида пайдо қилиб бўлмайди. Бу пайтда кеч бўлиб бўлганди... Яхшиямки, бундай мотивация чорак финалдан бутунлай маҳрум бўлган Ҳиндистонда топилди! Улар ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда ўз обрўлари учун курашишди ва сўнгги дақиқада Хитойни чорак финалдан маҳрум қилишди! Ҳиндларга қойил, ҳиндларга раҳмат, яна бир марта!

ЖЧ йўлланмаси

Гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаганимиз учун чорак финалда бизга Япония ёки КХДР эмас, Жанубий Корея тўқнаш келди. Бунинг эса ўсмирларимизга фарқи йўқ эди. Ахир уларнинг ўзи мусобақа аввалиданоқ бор эътиборларини мана шу ўйинга қаратишган эдида!

Бугун майдонга тушадиган жамоалар — Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари бош мураббийлари ўзига хос тактикалари билан ажралиб туришибди. Хирофуми Йошитаке тенг кучли 2та таркибни шакллантириб, уларни навбатма-навбат ўйинга тушириб келяпти. Яъни, бир ўйинда бошқа таркиб, иккинчи ўйинда бутунлай бошқа таркибни ўйнатяпти. Натижада футболчилар етарлича дам олиш имкониятига эга бўлишяпти. Қизиқ стратегия! Дилшод Нуралиевда эса таркибда доимо бир футболчини яширин қурол сифатида беркитиб келадиган одат бор экан. Масалан, Акобир Тўраев. Ушбу бухоролик футболчи биринчи марта Сурияга қарши ўйиннинг қўшиб берилган дақиқаларида майдонга туширилганди. Табиийки, ўша ўйинда унинг оёғига тўп тегмаган ҳам бўлса керак. Кореяга қарши чорак финал ўйинида у асосий таркибда майдонга тушди ва ўйин қаҳрамонига айланди. У гол уришдан ташқари бутун ўйин давомида кореялик ҳимоячиларга тинчлик бермади. Йигитларнинг иштиёқи ва ўзига бўлган ишончи ҳамда мураббийнинг ўзига хос юриши оқибатида биз Жанубий Кореяни ҳақли равишда енгиб, жаҳон чемпионатига чиқдик! Дарвоқе, саралаш мусобақасида бош мураббий Муҳиддин Одиловни яшириб турганди ва Ҳиндистонга қарши ўйинда майдонга тушириб, уларни довдиратиб қўйганди. Ўшанда Муҳиддин биринчи бўлимнинг ўзида ҳиндлар дарвозасига 3та гол уришга муваффақ бўлганди.

Ярим финалдаги ғалаба ўзбекистонлик йигитларнинг очилиб кетган иштаҳаси оқибати бўлди. Тан олиш керак, футболчилар мусобақадаги энг чиройли ўйинларини намойиш қилиб беришди. Демак, улар ушбу ўйинга келиб жуда яхши формага ва тонусга кириб олишди. Ёдингизда бўлса, сентябрь ойида терма жамоамиз Ўзбекистонда Таиланд ўсмирлари билан 3та ўртоқлик ўйинини ўтказишлари лозим эди. Аммо бу ўйинлар амалга ошмай қолди. Ўша ўйинлар термамизга ҳам жуда керак эди. Айтиш мумкинки, гуруҳнинг 3та ўйини Таиланд билан бўлиши керак бўлган учрашувларнинг ўрнини босди. Ўйиндан ўйинга терма жамоамиз яхшироқ ўйин намойиш қилиб борди ва яхши формага кириб олган ва иштиёқи  баланд йигитларни майдон эгалари ҳам тўхтатиб қола олишмади.

Тайёргарлик
Бугун финал. Тўғри, ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида яққол устунлик Ўзбекистон томонида бўлиб келган. Бу томонлама, руҳий устунлик вакилларимизда. Уларда рақибга нисбатан ҳеч қандай қўрқиш йўқ. Фақат бу нарса менсимасликка айланмаслиги керак. Имкониятлардан тўғри фойдаланилса, рақиб дарвозаси бир неча марта ишғол қилинади ҳам. Бунинг учун футболчиларда хоҳиш, истак, иштиёқ бўлса бас!

Терма жамоамиз 2 ҳафта ичида олтинчи ўйинни ўтказади. Бу ҳар қандай футболчини чарчатади. Боз устига, Дилшод Нуралиев япониялик ҳамкасби каби футболчиларни ҳар бир ўйинда ротация қилаётгани йўқ (қуйида берилаётган жадвал орқали қайси футболчи қанча вақт ҳаракат қилганини билиб олишингиз мумкин). Лекин Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг жисмоний ҳолатига ишониш мумкин. Улар Таиланд билан бўлиб ўтиши керак бўлган ўйинлар ўрнига жисмоний тайёргарликни ошириш билан машғул бўлишди. Демак, улар бугун 90 дақиқа давомида бемалол ўйнай олишлари керак.

Таркиб
Жадвалга эътибор берсангиз, Нуралиев 5та ўйин давомида ҳимоя тўртлиги (Болтабоев, Исмоилов, Комилов, Иброҳим Абдуллаев)ни умуман алмаштиришсиз ўйнатиб келяпти. Бугунги ўйинда ҳам улар майдонга тушишса керак. Дарвозани эса Сарвар Каримов қўриқлайди. Боиси, Шоҳрух Эшбўтаевда жароҳат бор. Ярим ҳимоя марказида Равшанбек Хурсанов ва Отабек Шукуров, қанотларда Достонбек Ҳамдамов ва Иззатилла Иброҳимов ўйнашини тахмин қилиш мумкин. Ҳужумда эса Шоҳжаҳон Аббосов ва Муҳиддин Одилов жуфтлиги майдонга тушса керак.

Аслида ушбу мусобақада Шоҳажон Аббосов кўп нарса кутгандим. Аммо у ҳозирча захирадан майдонга тушиш билан чекланмоқда. Назаримда, Нуралиев бугун уни асосий таркибда майдонга тушириб, рақиб учун ўзига хос сюрприз тайёрласа керак. Чорак финал ва ярим финал ўйинларида бироз сояда қолган Муҳиддин эса ўзининг техник қобилияти билан албатта японлар дарвозасини ишғол қилиши шарт.

Ўзбекистон терма жамоалари ҳали бирор марта қитъа чемпионлигини қўлга киритишмаган. 2008 йилда Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари ва 2010 йилда Алексей Евстафеев жамоаси финалгача чиқиб боришди. Ўзбекистон учун учинчи ҳисобланган финалда эса бошимиз узра Кубокни баланд кўтарамиз, деган умиддамиз!

 

  Футболчи Амплуа Ҳиндистон Хитой Сурия Корея Эрон Ўйин Дақиқа
1 Шоҳрухжон Эшбўтаев ДР 90 90       2 180
2 Жамшид Болтабоев ҲМ 90 90 90 90 90 5 450
3 Ислом Исмоилов ҲМ 87 90 90 90 90 5 447
4 Акрамжон Комилов ҲМ 90 90 90 90 90 5 450
5 Равшанбек Хурсанов ҲМ 90 90 90   90 4 360
6 Иброҳим Абдуллаев ЯҲ 90 90 90 90 90 5 450
7 Алишер Мирзаев  ЯҲ 45   44 5   5 94
8 Иззатилла Абдуллаев ЯҲ 64 66   90 83 4 303
9 Достонбек Ҳамдамов ЯҲ 90 90 67 85 90 5 422
10 Отабек Шукуров ЯҲ 90 90 90 90 90 5 450
11 Муҳиддин Одилов ҲЖ 90 90 90 90 31 5 391
12 Улуғбек Давлатов ЯҲ 26 85 45 90 59 5 305
13 Илҳомжон Абдуғаниев ҲЖ 45         1 45
14 Акобир Тўраев ҲЖ   1   72 70 3 143
15 Исломбек Каримов ЯҲ   24 46   1 3 71
16 Шоҳжаҳон Аббосов ҲЖ   5 45 18 20 4 88
17 Сарвар Каримов ДР     90 90 90 3 270
18 Жавоҳир Сиддиқов ЯҲ     23     1 23
19 Ойбек Эркинов  ҲМ         17 1 17
20 Хумоюн Агзамов ҲМ             0
21 Аббосбек Ўлмасбеков ДР             0
22 Адҳамжон Аҳмаджонов ЯҲ             0
23 Жаҳжаҳон Қиличев ҲМ             0

 

Олимхўжа БЎРОНОВ

Манба: www.stadion.uz.

Ўзбекистон ва Япония ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионати финал ўйини Тошкент вақти билан соат 20:30да бошланади!

Киритилди: 09:22, 06.10.2012.
Ўқилди: 7209 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.