Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Ўртоқлик учрашувига мос ўйин ва ҳисоб

Баҳо:
+ | -

Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси билан ўзаро ўйинларда салбий статистикага эга бўлсакда, бугун ўртоқлик учрашуви натижаси биз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди. Қатарга қарши ўйин тактикаси ва стратегиясини пишитиб олиш — ушбу ўйиннинг бош мақсади эди.

Ушбу ўйинда кўрдикки, терма жамоамиз асосий эътиборни тўпнинг назоратига қаратишди. Назаримизда, бу энг тўғри қарор. Боиси:

Биринчидан, айнан ушбу тактика Осиё кубоги-2011нинг очилиш ўйинида бизга ёрдам берганди ва Қатарни мағлуб этгандик.

Иккинчидан, Қатардаги ўйин кундузи ўтказилади ва иссиқ ҳавода рақибни тўпсиз қолдириш муҳим аҳамиятга эга. Жазирамада тўпсиз ўйнаш эса оғир.

Учинчидан, араб жамоалари тўпсиз умуман ўйнаш олишмайди. Улар ярим соат тўпни ҳис қилмай қўйишса, асабийлаша бошлашади ва ўз ўйинларини йўқотиб қўйишади.

Ўйин бошида терма жамоамиз кичик устунликка эга бўлиши натижасида Жепаров дарвозага 20 метрлардан зарба йўллашга, футбочлиларимиз бурчак тўпларини амалга оширишга муваффақ бўлган бўлсада, чинакам хавфли вазиятни БАА терма жамоаси юзага келтирди. Ҳимоячиларимиз 11-дақиқада Исмоил Матарга нисбатан қўполлик ишлатгани боис жарима тўпи белгиланди. Олимпия терма жамоаси сардори сифатида бизга яхши таниш бўлган Ҳамдан ал-Камолий жарима зарбаси дарвоза устунига тегиб, майдонни тарк этди. Зарба эса дарвозанинг айнан Зуҳуров қўриқлаётгани томонига йўлланганди.

Ўз навбатида Али Маҳдий яхши жамоа шакллантираётганига маълум бўлди. Шундоқ ҳам индивидуал жиҳатдан кучли бўлган араблар ҳам тўпни ҳуда-беҳудага йўқотишни истамай, ўзаро пасларни яхши ижро этишди. 28-дақиқада дарвозамизга киритилган гол эса ана шундай узатмалар натижаси бўлди. Аввалига майдоннинг ўзлари томонида тўпни ушлаб турган Амирлик футболчилари тўпни дарҳол олдинга — Матарга етказишди. Жамоа сардори эса Умар Абдулраҳмон билан "девор" ўйнади ва дарвозабонимиз билан юзма-юз ҳолатга чиқиб бориб, тўпни унинг устидан ошириб дарвозага йўллади.

Орадан 6 дақиқа ўтиб, вакилларимиз шунга ўхшаш ҳужум оқибатида ҳисобни тенглаштиришлари учун бироз омад етишмади. Турсунов ўнг қанотдан тўпни қабул қилиб олиб, уни жарима майдончасига етказмади, аксинча, ўзига яқин жойда турган Гейнрихга етказди. Саша уни Серверга узатди, жамоамиз сардори эса жарима майдончасига яқинлашиб келаётган Мусаевни тўп билан таъминлади. "Насаф" ярим ҳимоячиси бир нафар футболчини чиройли алдаб ўтиб, икки ҳимоячи орасида дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва тўпни дарвозабон устидан ошириб ташламоқчи бўлганди. Аммо Али Хасиф ҳали ерга ётишга улгурмагани учун тўпни қўли билан тўсиб қолди.

Биринчи бўлим тугашига 5 дақиқа қолганида мезбонлар ҳисобни 2:0 етказишлари мумкин эди. Бу сафар Исмоил ал-Ҳаммадий Зуҳуров билан яккама-якка вазиятда тўпни дарвозага куч билан йўллашга қарор қилди. Тўп эса "Насаф" дарвозабонига тегиб, майдонга қайтди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларнинг иккинчиси якунланаётган пайтда Санжар Турсунов рақибнинг совғасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. Зотеев чап қанотдан  тўпни жарима майдончасига узатиб берди. Ҳимоячи Абдулла Муса унга тегмаса ҳам тўп майдонни тарк этиши мумкин эди, аммо у тўпни бош билан дарвозабонга қолдиришга қарор қилдию, Санжарга туҳфа қилиб қўйди. "Алания" футболчиси ўнг оёғининг ташқи томони билан Куарежма услубида дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди.

Танаффусга чиқиб кетиш олдидан жуда муҳим гол. Боиси, ўйин услубини шакллантираётган жамоа учун ўйинда мағлуб бўлмаслик ва руҳан издан чиқиб кетмаслик катта аҳамиятга эга.

Ўйиннинг 55-дақиқасида эътиборга молик ҳодиса кузатилди. Жароҳат олган Фозил Мусаев ўрнига Кападзе майдонга тушди ва бу Тимурнинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги юзинчи ўйини бўлди. Юзлик маррани айнан Кападзе биринчи бўлиб забт этди!

57-дақиқада Саид ал-Катирий терма жамоамизни кечирди. У яқин масофадан тўпни дарвозага аниқ йўллай олмади. Тўғри, тўп катта тезликда узатилганди ва тўпни дарвозага тўғрилаш бироз қийин эди. 62-дақиқа бошланган пайтда ўша Катирийнинг ўзи барибир гол уришга муваффақ бўлди. БААлик футболчилар ҳимоямиз марказидан чиройли ҳужум уюштиришди ва Матарнинг товони билан узатмасидан кейин Саид дарвозага зарба берди. Тўп эса Зухуровнинг қўлига текканча, дарвоза тўрига бориб тушди.

Орадан 3 дақиқа ўтиб мезбон ҳимоячиси Ҳамдан ал-Камолийнинг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлдик. Олег Зотеев прессинг пайтида ўнг қанотда пайдо бўлди ва ҳимоячидан тўпни олиб қўйиб дарвоза томон юриб бораётганида Камолий уни йиқитди. Баҳрайнлик ҳакам пенальти белгилади. Сервер Жепаровнинг пенальтидан тепган зарбасини дарвозабон қайтарди, фақат такрорий зарба билан сардоримиз гол уришга муваффақ бўлди.

Майдонга Гадоев тушганидан кейин Зотеев биратўла ўнг қанотга ўтди ва 73-дақиқада ўша қанотдан жарима майдончасига яқинлашиб келиб берган зарбаси хавфли, аммо нониқ чиқди.

Ўйин тугашига арафасида мезбонларнинг шашти биоз пасайди ва терма жамоамиз тўп билан кўпроқ муомала қила бошлади. Захирадан майдонга тушган Игорь Таран гол уришига ҳимоячилар йўл қўйишмади. Ҳужумчи жарима майдончаси ичида икки нафар ҳимоячини чалғитиб зарба йўллаганди, ҳимоячилар тўп йўлига ғов бўлишди.

Ўйиннинг энг сўнгги дақиқасида Андреевнинг узатмасидан кейин Бақоев тўпни қабул қилиб олди ва рақибнинг унга қўл билан текканини сезиб, йиқилишга қарор қилди. Ҳакам эса унга ишонмади.

Ўйин 2:2 ҳисоби билан тугади. Энг асосийси, ушбу ўйинда Қосимов ўз олдига қўйган бажара олган бўлса бўлгани. Биз учун муҳими — 16 октябрь куни Қатарга қарши кечадиган ўйин.

Ўртоқлик учрашуви
БАА - Ўзбекистон - 2:2 (1:1)
Голлар: Исмоил Матар (28), Саид ал-Катирий (62) — Санжар Турсунов (45+2), Сервер Жепаров (67)
Огоҳлантиришлар: Хамис Исмоил (72) — Шавкат Муллажонов (38)
Ноаниқ пенальти: Сервер Жепаров (67)
БАА: 1. Али Хасиф, 27. Умар Абдулраҳмон, 10. Исмоил Матар (Али Аҳмад Мабхут 63), 18. Абдулла Муса, 23. Муҳаммад Аҳмад, 14. Абдулазиз Санқур, 5. Амир Абдулраҳмон (Ҳабиб Фардан 78), 13. Хамис Исмоил, 15. Исмоил ал-Ҳаммадий (Ҳабуш Солиҳ 79), 8. Ҳамдан ал-Камолий, 20. Саид ал-Катирий
Ўзбекистон: 1. Мурод Зуҳуров, 5. Камолиддин Тожиев, 3. Шавкат Муллажонов (Ислом Тўхтахўжаев 64), 2. Анзур Исмоилов, 19. Виталий Денисов, 17. Санжар Турсунов (Шоҳруҳ Гадоев 70), 9. Фозил Мусаев (Темур Кападзе 55), 13. Олег Зотеев (Станислав Андреев 88), 8. Сервер Жепаров (Игорь Таран 74), 15. Александр Гейнрих (Улуғбек Бақоев 46)

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 21:34, 12.10.2012.
Ўқилди: 6782 марта.
Фикрлар: 34 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.