29 октябрь куни “Бунёдкор” ФК делегацияси Жанубий Корея пойтахтига етиб келди.
Тошкент шаҳридан Корея авиакомпаниясининг “Asiana Airlines” самолётида парвоз қилган “қалдирғочлар” душанба куни маҳаллий вақт билан 09:00да Сеулга етиб келишди. “Incheon” аэропортидаги хужжат расмийлаштиришлардан сўнг Ўзбекистон чемпионлари “Gimpo” аэропортига йўл олишди ва у ердан соат 13:00да “Korean Air” рейси билан Ульсанга учишди.
Ульсан шаҳрида бизни “Ульсан Хёндэ” клуби вакиллари кутиб олишди.
“Бунёдкор” ФК делегацияси “Hyundai” меҳмонхонасига жойлашди.
Тушликдан сўнг футболчиларга ҳордиқ чиқариб олишлари учун кечга қадар дам берилди.
Кечки маҳал эса "Ульсан Хёндэ”га қарши ўйин арафасида “Бунёдкор”нинг Жанубий Кореядаги илк машғулоти бўлиб ўтди.
Миржалол Қосимов шогирдлари “Kangdoug Stadium” майдонида шуғулланишди.
Машғулот бир соатдан ортиқроқ вақт давом этди. Бош мураббий Миржалол Қосимов футболчиларга турли хил тактик вазифалар топширишдан ташқари ўйинчиларга якка тартибда бажарадиган машқларни ҳам юклади.
Посбонларимиз – Игнатий Нестеров ҳамда Акбар Тўраев дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор Рахимов билан бирга ишлашди. Машғулот жараёнининг маълум вақтида ҳимоячилар билан Мурод Отажонов алоҳида шуғулланди.
Тўп билан турли хил ўйин вазиятларини ташкил этиш ва рақиб ҳужумига қарши қўлланиладиган тактик комбинацияларга катта эътибор қаратилди.
Бир қарашда футболчиларимиз худди овга чиқаётгандек шуғулланишди. Дастлабки ўйиндаги муваффақиятсиз натижа жамоа руҳиятини туширмаган. Тажрибали футболчилар ёшларни қўллаб-қувватлашмоқда. Бундан кўриш мумкин эдики жамоа ичидаги муҳит аъло даражада.
Эртага “Мунсу Кап” стадионида расмий машғулот бўлиб ўтади.
Мирзахаким Тухтамирзаев
Сеул-Ульсан, Жанубий Корея