БААда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг "D" гуруҳидан ўрин олган Сурия - Саудия Арабистони учрашуви бироз кутилмаган натижа билан якунланганди. Сурияликларнинг йирик 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган ўйиндан сўнг Саудия Арабистони томони ОФКга расмий шикоят хати ёзгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Уларнинг мурожаатида Сурия терма жамоаси таркибида 1993 йилнинг 1 январь куни туғилган 6 нафар футболчи борлиги ва бу ўз ўрнида шубҳа уйғотаётгани кўрсатилган. Агар саудияликларнинг шубҳалари ўз тасдиғини топса, Сурияга техник мағлубият ёзилиши мумкин. Бу ҳолатда гуруҳда чигал вазият юзага келади. Бу гуруҳ ўйинларига биз бефарқ эмасмиз. Боиси, чорак финалда, таъбир жоиз бўлса ЖЧ чиптаси ўйналадиган ўйинда айнан шу гуруҳнинг икки жамоасидан бирига рўбарў келамиз.
Тўғри, бунинг учун биз биринчи навбатда плей-офф масаласини ҳал қилишимиз керак. Ушбу ҳолат юзасидан Осиё чемпионати директори Аваз Бердиқуловга мурожаат қилганимизда, шундай жавоб олдик.
"Ҳақиқатан ҳам саудияликлар Сурия устидан шикоят хати ёзишди. Ҳозирда махсус ишчи гуруҳ бу масалани кўриб чиқяпти. Агар Саудия Арабистони томони ўз шикоятига аниқ далил тақдим эта олмаса, ўйин ҳисоби ўзгартирилмайди. Мабодо, акси бўлиб чиқса, Сурияга техник мағлубият ёзилади. Балки ундан ҳам жиддий чора кўрилар. Яқин икки кун ичида бу масалага ойдинлик киритамиз", - дейди Аваз Бердиқулов.
Демак, Саудия Арабистони топширган шикоятнинг жавоби ҳозирча очиқ қолмоқда. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
Камолиддин АЛИМОВ
Рас-ал-Хайма, БАА