Килиан Мбаппенинг ўзига қолганида, ҳеч иккиланмасдан "Реал"га ўтишни танлаган бўларди. Аммо "ПСЖ"нинг ҳужумчини ҳозироқ сотиш талаби ва саудияликларнинг йирик таклифи, вазиятни бироз ўзгартирса керак. Бу ҳолатда биз Мбаппенинг трансферини яна бир йил кутишимизга тўғри келиши мумкин. Қуйида 24 ёшли ҳужумчи учун эҳтимолий манзилларни санаб ўтамиз.
1. "Реал Мадрид"
Мбаппе доимо "Реал"га ўтишни истаган. Ўтган ёзда у бу орзусига етишига бир баҳя қолган эди. Бироқ, катта пул таклифи, буни амалга ошмаслигига сабаб бўлди. "ПСЖ" ҳозир "Реал" ва Мбаппе ўртасида 2024 йил учун мўлжалланган битим бор деб ҳисобламоқда. Шу сабабли уни ҳозироқ сотиб юбормоқчи. Мбаппе бир мавсумга Арабистонга йўл олиши ҳам мумкин. Араблар ҳужумчига катта пул таклиф қилмоқда. Шундай экан, "ПСЖ" бу таклифни қабул қила олади.
2. Саудия Арабистони клубларидан бири
Жордан Хендерсонни Ўрта Шарққа кетишга кўндирган таклифни эсга олинг. Ҳафтасига 700 минг фунт катта маошдай кўриниши мумкиндир. Аммо Мбаппега берилаётган таклиф олдида у ҳеч нарса бўлмай қолади. "Ал-Ҳилол" Мбаппега бир йил учун 200 миллион евро тўлашга рози. Тижроий характердаги шартномалар билан бу қиймат 700 миллионга етиши мумкин. Мбаппе бунга бир вазиятда рози бўлиши мумкин. У ҳам бўлса – футболчига 2024 йилда кетишга рухсат берилиши керак.
3. "МЮ"
Агарда юқоридаги таклиф рад этилса, Англияда "Манчестер Юнайтед" уни сотиб олишга қодир жамоага айланади. Эрик тен Хагга ҳужумчи керак. Бироқ, Мбаппе ўта қиммат туради. Бир ҳолатдагина француз футболчиси манкунианликлар сафига келиши мумкин. У ҳам бўлса, "МЮ"ни қатарлик бойларга сотилиши билан боғлиқ. Акс ҳолда, "қизил иблислар"да бу харидни амалга ошириш учун етарлича пул бўлмайди.
4. "Ливерпуль"
Аслини олганда, "Ливерпуль" Мбаппега "Монако"даги даврларида қизиқишни бошлаган. Аввалроқ, ҳатто, мерсисайдликларнинг Мбаппе учун 173 миллион фунт таклиф қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Аммо бунга ишониш қийин. Негаки, Клопп жамоасининг бунга қурби етмайди. Салоҳнинг маоши оғирлик қилиб турган бир пайтда, уникидан икки баробар кўп пул оладиган футболчини жамоага келтириш, шунчаки, аҳмоқлик бўларди. Маош масаласи клублар учун трансферга тўланадиган пулдан ҳам муаммолироқ саналади.
5. "Арсенал"
"Арсенал" бу трансферлар ойнасида кўрсатиб қўйдики, катта пулни бир футболчи учун сарфлашдан қўрқмайди. Хабарларда Мбаппенинг АПЛдаги энг маъқул кўрадиган манзили "Арсенал" бўлиши айтилади. Негаки, ҳужумчига Микель Артета қурган жамоа ёқади. У "Арсенал"га Тьерри Анри давридан кейин, илк бор яна чемпионликни тақдим этиши мумкин. Бироқ, бу гапларнинг барчаси ҳомаҳаёл эканини Артета ўтган ҳафтадаги жавобида тасдиқлади. У Мбаппе ҳақида шундай дейди: "Бошқа жамоаларнинг футболчилари ҳақида гапирмаслигимни биласизлар".
6. "Челси"
Почеттинога ҳимоячи, ярим ҳимоячи ва дарвозабон керак бўлиб турган бир пайтда Мбаппе ҳақида гапириш кулгилидек туюлади. Аммо клуб эгаси бўлган Тодд Боэли буни қилишга қурби етади. Америкалик бизнесмен 600 миллионни, асосан кераксиз футболчилар олиш учун сарфлаганда, 200 миллионни дунёнинг энг яхши ҳужумчиси учун сарфлай олмайди деб ўйлайсизми? Агар шундай бўлса, янгишасиз. Боэли ҳохласа, буни қилади. Бироқ, буни Мбаппе ҳохлармикин? Мана шу катта сўроқ...
ИСМАТОВ Ж.