Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Челси»нинг янги умиди

Баҳо:
+ | -

Яқинда «Челси» Кристофер Нкунку трансферини расман эълон қилди.

 «РБ Лейпциг»нинг универсал ўйинчиси учун 60 млн. евродан (бонуслари ҳам бор) воз кечиб, у билан 2029 йилгача ҳамкорлик хусусида келишувга эришди. Нкунку Лондонга Бундеслиганинг энг ёрқин юлдузларидан бири ва қитъанинг моҳир футболчиси мақомида йўл олди.

«ПСЖ»га ярамаган иқтидор

Кристоферни Франция терма жамоасининг ЖЧ-1998даги зафаридан жунбушга келган илҳом маҳсули сифатида эътироф этиб, унга «Класс-98» номини беришган. Ваҳоланки, футболчи у пайтда 1 ёшга етмаган чақалоқ эди. Крис «Маролья» ва «Фонтебло» академияларидаги таҳсилдан сўнг, Парижга кўчиб ўтди ва машҳур «Клерфонтен» мактабида ҳам футбол сирларини ўрганди. Николья Анелька, Тьерри Анри, Килиан Мбаппе каби кўплаб таниқли футболчилар айнан шу масканда вояга етганликларини яхши биласиз, албатта. Маркус Тюрам, Аллан Сен-Максимен ва Амин Харит каби иқтидорлар эса Нкункунинг гуруҳдошларидир.

Ўсмирлик чоғида Нкунку тенгдошларига нисбатан озғин ва кичикроқ болакай эди. Бундан ташқари, Плейн унинг ўта сезувчанлиги ва камтарлигини касбдошларига таъкидлар, шу боис мураббийлар уни Моуриньо услубида ошкора танқид қилишдан ўзларини тийиб, аксинча, қўллаб-қувватлашар ва камчиликларини мулойимлик билан тушунтирар эдилар. Машғулот жараёнида Крис Маркус билан дўстлашиб қолган, ўғлини олиб кетиш чоғида Лилиан доимо бир хил саволни берарди: «машғулотларинг қувноқ ўтдими?» Шу тариқа ота ўғлини натижадан эмас, жараёндан завқ олишга ўргатди. Крис ҳам бу сабоқдан баҳраманд бўлди. 2015 йилда 18 ёшли Нкунку ЕЧЛнинг «Шахтёр»га қарши учрашувида илк марта «ПСЖ» таркибида майдонга тушди.

Йил сайин Крис тобора кўпроқ ўйин амалиётига эга бўла бошлади, аммо асосий таркибга кўтарилишнинг деярли иложи йўқ эди. Ахир Неймар ва Верраттидек маэстролар билан рақобатлашиш осон эмасдида. 2018|2019 йиллар мавсумида Нкунку тахминан 1500 дақиқа (17та ўйин) тўп сурди, 3та гол урди. Табиийки, бу хавбекни қониқтирмади - ўшанда у 21га чиққан, тенгдошлари топ-клубларнинг асосий таркибидан жой олиб, ҳал қилувчи голларни ура бошлагандилар. Крис эса «ПСЖ» билан узоққа бора олмаслигини тушуниб етди. Шу тариқа унда Томас Тухелга нисбатан норозилик пайдо бўлди.

Яна Тухель тўсиғи ва Нагельсманн, Тедеско билан ҳамкорлик

Афтидан, франциялик футболчи Тухелдан қаттиқ хафа бўлганди. 2021 йилда ОАВда Нкункунинг «Челси»га трансфери ўша пайтда лондонликлар бош мураббийи лавозимини эгаллаган Томас Тухель туфайли барбод бўлиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шунингдек, Крис марказдан нарига ўта олмай қолгани учун ҳам аламзада бўлиб қолганди. Чунки унинг севимли позицияси ўнлик эди.

2019 йилда «РБ Лейпциг»га ўтган Юлиан Нагельсманн 4-2-2-2 услубини қўллаш билан дебютантга қанотда тўп суриш имкониятини ҳадя этди. Нкунку инсайд ролини адо этиб, қанотдан марказга интилиш орқали ҳужумкор комбинацияларда қатнаша бошлади. Натижада у 5}15 кўрсаткич билан евромавсум кашфиётларидан бирига айланди. Кейинги мавсумда мураббий 3-4-2-1 схемасига ўтиб, Нкункуни ўнлик позициясига туширди, унинг ҳаракатланиши ва креативлигини чекламади. Футболчининг ҳаракатчанлиги пасаймади, лекин Бундеслигада 6}7 натижасини қайд этди. Тўғри, бу пасайишни Тимо Вернернинг кетиши билан изоҳлаш мумкин. Умуман олганда, футболчи ҳимоя чизиғидан ташқари, барча позициялар - латерал, марказий ярим ҳимоячи, вингер, ўнлик, «сохта тўққизлик» вазифаларини адо эта оладиган универсал ўйинчи мақомига кўтарилди. Муҳими, барча позицияларда самарали ва ишончли ўйин кўрсатди. Шундан кейин Крис Франция терма жамоаси таркибида кечиктирилган Евро-2020 турнирида тўп суриш ниятида эди. Бироқ Дидье Дешам иқтидорли хавбекка ишонч билдирмади.

2021|2022 йиллар мавсумида Нкунку ёрқин фаолиятини давом эттирди ва топ-клублар эътиборини тортди. Мавсум аввалидаги инқирозга қарамасдан, «РБ Лейпциг» Доменико Тедеско раҳбарлигида ЕЛнинг ярим финалигача етиб борди, Германия Кубогини қўлга киритди. Бунда 52та ўйинда 35}20 кўрсаткични қайд этган Криснинг улуши улкан бўлди. Чунки у сермаҳсуллик бобида Лео Месси даражасида тўп сурганди. Қўшимчасига, у мавсумда 4 марта ойнинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлган дастлабки ўйинчи бўлди.

2022 йил аввалида ниҳоят, Нкунку терма жамоадан чорлов олди, ноябрда эса ЖЧ-2022 иштирокчилари рўйхатига киритилди. Бироқ афсуски, мундиал арафасидаги машғулотларнинг бирида жароҳат олди ва мусобақада қатнаша олмади. ОАВ кутилмаган йўқотишни амалдаги жаҳон чемпионининг тавқи-лаънатга дуч келганига йўйишди, аммо терма жамоа Нкункунинг кўмагисиз ҳам қаторасига иккинчи марта финалга етиб борди. Бироқ айнан шу ҳал қилувчи беллашувда Криснинг йўқлиги билинди. Акс ҳолда, Франция яна шоҳсупага кўтарилиши мумкин эди. Франциялик иқтидор Левандовски, Холанд ва Санчодан кейин ҳақли равишда Бундеслиганинг энг ёрқин ўйинчиси мақомига кўтарилди. Унга мунтазам равишда 2-ҳужумчи позициясида тўп суриш ҳуқуқининг берилиши дарвозага янада яқинроқ ҳудудда тўп суриш имкониятини берди.

«Челси»да Нкункудан нималарни кутиш мумкин?

Кристофер Лондонга айнан биринчи даражали универсал мақомида йўл олмоқда. «Челси» шунчаки, ўртамиёна ҳужумчиларга пул сарфламоқчи эмас. Шу боис, тўққизлик позицияси франциялик ўйинчига берилиши керак. Бошқа томондан, Почеттино учун ҳужумчининг иш қобилияти жуда муҳим. Бу жиҳатдан Нкунку - айнан аргентиналик мураббий излаётган ўйинчи.

Мазкур трансфер хусусида Тодд Боули ва «Челси» менежерлари ўтган йили музокара олиб боришган, тахминан 60 млн. еврода тўхташганди. «Кўклар»нинг қишда Мудрик, Энцо ва бошқа футболчиларга сарфлаган маблағлари олдида бу арзимас чақадек кўринади. Замонавий футбол стратегиясига зид ўлароқ, бу келишувлар мураббийга мос эмасди. Бироқ Маурисио Почеттино Кристоферни янги, ерликларга хос бўлмаган савияга олиб чиқа оладиган мураббийдек кўринмоқда. Янги мавсум бу масалага ойдинлик киритади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:48, 26.07.2023.
Ўқилди: 2357 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.