Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ярим финалдаги рақиби — Жанубий Корея сафида 3 нафар футболчи бугун ўзининг иккинчи сариқ карточкасини олди ва энди улар Ўзбекистонга қарши майдонга туша олмайдилар.
Хабарингиз бор, чорак финалда ўзининг мусобақадаги иккинчи сариқ карточкасини олган ёки чорак финалда қизил карточка олган футболчилар ярим финалда иштирок эта олмайдилар. Ярим финалга келиб эса гуруҳ босқичида огоҳлантириш олган футболчиларнинг карточкалари "ювиб" юборилади.
Бугун Эронга қарши ўйинда Жанубий Корея терма жамоасининг қуйидаги футболчилари огоҳлантириш олишди: Чанг Хун (32) Санг Мин (38), Ли Гванг Хун (86). Айнан ушбу футболчилар гуруҳ босқичида ҳам биттадан "сариқ" олишга улгуришганди.
№2. Санг Мин. Бу футболчи гуруҳ босқичининг 2-турида Таиландга қарши ўйинда огоҳлантириш олганди. У барча тўрттала ўйинда тўлиқ иштирок этди, 360 дақиқа.
№16. Ли Гванг Хун. Бу футболчи гуруҳ босқичининг 3-турида Хитойга қарши ўйинда сариқ карточка олганди. У иккита ўйинда тўлиқ иштирок этиб, битта ўйинда захирадан майдонга тушди, 193 дақиқа.
№19. Чанг Хун. Бу футболчи гуруҳ босқичининг 2-турида Таиландга қарши ўйинда огоҳлантириш олганди. У иккита ўйинда тўлиқ иштирок этиб, битта ўйинда захирадан майдонга тушди, 192 дақиқа.
Кўриниб турибдики, Санг Мин жамоанинг алмаштириб бўлмас футболчиси эди. Қолган икки футболчи эса сўнгги ўйинларда асосий таркибда майдонга тушиб келишаётган эди.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида ярим финалда иштирок эта олмайдиган футболчи бир нафар — Максимилиан Фомин.