Янги мавсум олдидан трансферлар бозорида анча фаол қатнашган «Милан» ўз таркибига нақ 7 нафар сифатли ижрочи қўшиб олди.
Жамоа бош мураббийи Стефано Пиоли АҚШ бўйлаб мавсумолди турнесига йўл олиш арафасида Sky журналистларига интервью учун озгина вақт ажратди. Суҳбат жараёнида табиийки, асосан янги харидлар ҳақида сўз борди. Пиоли шунинг баробарида Златан Ибрагимович, Рафаэль Леау ва Паоло Мальдинига ҳам алоҳида тўхталди.
- Жаноб Стефано, «Милан»-2023/2024ни қандай тавсифлайсиз?
- Бахтиёр! Битта мақсадим бор - клубни бахтли кўриш ва бахтиёр футболчиларни шуғуллантириш. Оддий ифода этганда, жамоа муҳитида ҳамиша яхши кайфият ҳукм суриши ва йигитлар ҳар ҳафта майдонга тушиб, ўйиндан чинакамига завқ олишларини истайман. Муҳими, мавсум бошида иштиёқ зўр, ҳис-туйғулар ҳам жойида. Ҳамма «Милан»дек буюк жамоанинг бир бўлаги эканлигини ҳис қилиб турибди ва янги кампания бошқача ўтиши керак биз учун. Ҳа, янги мавсумга таркибдаги баъзи ўзгаришлар билан киришамиз, асосийси, жамоада ҳамманинг ғайрат-шижоатга тўла эканлигини кўриб турибман. Бу ижобий белги, албатта.
- Скудетто ҳис-туйғулари ва Чемпионлар Лигаси орзуси ҳақида ҳам гапирсангиз...
- Скудеттога эга чиқиш анча машаққатли жараён, шунинг учун соврин ўзгача ҳузур бағишлайди. Скудетто - бу йил давомида бажарилган кенг кўламли ишларнинг меваси. Қисқаси, чемпионлик сизга таърифланмас туйғу бағишлайди. Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш янада катта натижа, лекин евротурнирда зафар қучиш учун яхшигина омад ҳам керак. Албатта, «шалпангқулоқ»ни ютишни истаган жамоа энг кучли фазилатларни ўзида мужассам этиши шарт, аммо омадсиз иш битмаслиги тайин. Демоқчиманки, ЧЛда маълум вазиятлар ўзаро мувофиқ келиши ва барчаси тенг ривожланиши лозим.
- Ибрасиз «Милан»... Бугунги кунда жамоа етакчиси ким?
- Ҳа, Златан чин лидер эди, ҳозирча бизда унинг ўрнини тўлиқ эгаллайдиган ҳеч ким йўқ. Агар айни вазият учун бирор етакчини кўрсатишим керак бўлса, унда Майк Меньянни тилга оламан. Кучли менталитет, қатъиятга эга йигит. Ҳар ҳолда, Майк энг яхши сифатларини жамоадошларига «юқтириш» ҳаракатида мудом.
- Янги мавсумда Леаудан нималар кутяпсиз?
- Рафаэль аллақачон ишга киришди ва умумий ёндашув масаласида ўзини етарлича намоён этаётганига қарамай, ундан янада жиддийроқ ўсишни кутяпман. Зеро, аллақачон анча юқори даражага чиқиб улгурган бўлсада, ўйинини ҳали ҳар томонлама мукаммаллаштириш салоҳиятига эгалигини кўриб турибман.
- Янги футболчилардан илк таассуротлар қандай?
- Лофтус-Чик - кучли ижрочи. Унда жисмоний ва техник салоҳият уйғун, тинимсиз рақобатни хуш кўради. Лофтус-Чик доимий равишда майдоннинг рақибга тегишли ярмига интилса, ажабмас. Унинг табиий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ҳужумкор йигитлар билан фаол ўйин тизимини яратиш устида ишлаяпмиз. Тўғриси, илгари тактик жиҳатдан мураккаб ўйинларда ғалаба ечимини топишга қодир бундай ижрочига эга эмасдик. Рейндерс - фазилатлари тенг даражада ривожланган сифатли футболчи, майдонда тўғри ҳаракатланади, ақлли, шерикларига қандай ёрдам беришни яхши билади. Ҳужум зонасига ҳам қўшимча чирой олиб киришга қодир. Чунки ҳужумни яхши якунлайди, тўпни олдинга силжитиш, ўйинни қандай очишни билади, вазиятлар яратади, асосийси, ўзи ҳам гол уриши мумкин. Пулишич - махсус ўйинчи, муайян вақтда тўғри қарор қабул қилишни ўрнига қўядиган йигит. Ихтиёрингизда шундай футболчи бўлса, иш анча осонлашади. Кристиан майдонда турли ролларни бемалол бажариши мумкин. Ақлли ва рақибни «девор» услуби орқали доғда қолдиришга уста, шунингдек, кутилмаган узатмалар билан барчасини кескинлаштириш салоҳиятига эга йигит. Қисқаси, Пулишич юқори даражали ижрочи ва серқирралиги билан жамоадошларидан фарқланади.
- Трансферлар бозорининг ярим ҳимояга таъсири ҳақида ҳам гапирсангиз...
- Марказий зонага турли позицияларда ўйнашни эплайдиган ўзгача хусусиятларга эга янги ижрочи қидирдик. Лофтус-Чик ва Рейндерснинг келишлари билан бу жараён якунига етди. Тўп назоратини яхшилаш ва ҳужум ҳаракатларини ривожлантириш учун сифатли футболчилар танлаганимизга шубҳам йўқ. Барча изланишларимиз янада тажовузкор ва кескинроқ жамоа шакллантиришга қаратилган. Майдоннинг иккинчи ярмида керакли паллада тўғри қарор қабул қиладиган ўйинчиларга эҳтиёж сезаётгандим, чунки бунга қадар айнан шу жиҳатдан муаммоларга дуч келганмиз.
- «Милан» энди Мальдини ва Массарасиз олға интилади...
- Клуб раҳбарияти янги саҳифа очишга қарор қилди, аммо ўтмиш унутилмайди асло. Яъни барчасини бирга йўлга қўйганимиз, жамоани юқори даражага олиб чиққан довонни қандай босиб ўтганимизни унутмаймиз. Бинобарин, муваффақиятга кўпчилик катта ҳисса қўшди. Мальдини ва Массари ҳақиқий жонкуяр эдилар, клубда муҳим ўрин тутишгани ҳам аниқ. Энди эса бутунлай бошқача вазият юзага келди, раҳбариятда бошқа одамлар бор ва улардан катта иштиёқ, ишни сифатли бажариш лаёқатини кутаман. «Милан»ни яхши даражада ушлаб қолиш ва янада кучайтириш йўлида ҳаммамиз ҳар куни ўз ишимизни мукаммал тарзда бажаришимиз шарт.
- Жамоанинг мухлислар билан ўзаро муносабатида ҳам ижобий ўзгаришлар борми?
- Клуб мураккаб даврни бошдан ўтказганида, мухлислар ноёб, ўзига хос ва фантастик ёндашувлари билан ажралиб туришди. Ваҳоланки, шундай лаҳзалар ҳам кузатилдики, клуб томонда қолиш қийин эди. «Милан» тиффозилари эса кучли эҳтирос ва ақлга сиғмас ишонч билан содиқ қолишди. Демак, улар юксак ҳурматга лойиқлар.
- 4-3-3 чизмаси асосий ўйин схемасига айланиши мумкинми?
- Ҳа, 4-3-3 схемасига алоҳида эътибор билан ёндашяпмиз, аммо бунда кўп нарса майдонда ўзлаштирилган билим ва футболчиларнинг шахсий хусусиятларига ҳам боғлиқ. Қолаверса, бошқа тизимлардан ҳам фойдаланамиз, албатта. Умуман, 1та ўйин давомида чизмани ўзгартиришга одатланиб улгурганмиз. Янги футболчилар келишганини ҳисобга олсак, энг мақбул чизмани танлаш катта зеҳн ва вақт талаб этади. Муҳими, йигитларимизда тажриба етарли ва улар кўп йиллардан буён мустаҳкам пойдевор устига қурилган ўйинни бузиб юбормаслик кераклигини яхши тушунишади. Жумладан, сафимизга қў-шилган янги футболчилар жуда ақлли, улар итальян тилидан тортиб, ўйин бўйича янги ишланмаларгача - барчасини ўрганишга мойиллар. Шу маънода янги футболчилардан кўнглим тўқ.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади