27 май. Кёльн. «Райн-Энерги» стадиони. «Кёльн» билан ўтган мавсум сўнггидаги учрашувнинг 89-дақиқаси Жамол Мусиала хотирасида анча вақт сақланиб қолса ажабмас.
Ўша вазиятда тўпни Гнабридан қабул қилиб олган Жамол, ўзига хос тарзда айланиб олади ва узоқ бурчакка зарба беради ва «Бавария» чемпион! Аммо 20 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи fcbayern.com сайтига берган интервьюсида янги вазифалар кутаётганлигини айтмоқда...
- Жамол, Кёльндаги ўша чемпионлик голи ҳақида сиздан кўп сўрашдими?
- Ҳа, лекин бу ҳақда қайта-қайта гапириб бериш ўзимга ҳам ёқди (кулади). Фаолиятимда кўпроқ шундай дақиқаларга интилишим ўз натижасини бермоқда. Бундан кейин ҳам клубга кўпроқ унвонларни ютишда ёрдам беришдан умидворман.
- Ўша голдан кейин биринчи бўлиб хаёлингизга нима келди?
- Ҳис-туйғулар чексиз эди, ҳатто нима қилишни билмадим. Шунчаки қувончдан қичқирдим ва сакрадим (кулади). Бу мен учун муҳим лаҳза эди. Энг асосийси, мен муҳим мақсадга ҳисса қўша олдим, яъни биз чемпион бўлдик. Аммо бу ҳозир қандай машқ қилаётганимни ўзгартирмайди. Янги мавсумни интиқлик билан кутяпман: унинг учун бизда режалар жуда кўп. Албатта, биз чемпионликни нишонладик, лекин бундан яхшироқ ўйнашимиз мумкин.
- Гол урганингиздан сўнг, эҳтимол сиз «Бавария» мухлислари орасида афсонавий мақомга эришгандирсиз. Аммо жамоадаги мавқеингиз ўзгарди, деб ўйлайсизми?
- Машғулотлардаги мотивациям, атрофим ва менталитетим бир хил бўлиб қолмоқда. Бу билан жамоадаги хатти-ҳаракатларим ўзгариб қолмайди. Мен ҳар доим қўлимдан келганини қилишни ва жамоа билан муваффақиятни нишонлашни хоҳлайман.
- 20 ёшдасиз, лекин аллақачон «Бавария»да тўртинчи профессионал мавсумингизга киряпсиз. Жамоада масъулиятингиз қанчалик ошди?
- Ўзимдан умидларим доимо юқори. Қанчалик кўп ўйнасангиз, шунчалик кўп масъулият оласиз. Вақт ўтиши билан ўзимга бўлган ишонч кучайди ва энди жамоадошларимга таъсир ўтказиб, уларни ўзимга жалб қила олишимга ишонаман.
- Жамоа тузилиши ва ундаги ўрнингизни қандай тасвирлаган бўлардингиз?
- Бизнинг жамоамизда тажрибали ўйинчилар кўп. Улар анча-мунча футбол паст-баландликларини бошларидан ўтказишган ва энди кўпроқ мулоқот қилишади. Масалан, Томас Мюллер, Мануэл Нойер ёки Жошуа Киммихларни шулар қаторига киритиш мумкин. Улар ҳар доим қўлланма сифатида ишлатилиши мумкин бўлган раҳбарлардир. Аммо майдонда ҳар бир ўйинчи етакчи бўлиши мумкин бўлган онларга эга. Биз ҳар доим бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
- Сиз ҳам спикер бўла оласизми ёки фақат оёқларингиз гапиришини афзал кўрасизми?
- Одатда диққат марказида бўлишни ёқтирмайман. Мен ҳеч қачон «диққат марказида» бўлмайман, одатда жуда камгапман. Аммо майдонда, агар бирон бир масала бўйича фикрим бўлса ёки кимгадир ёрдам бера олсам, гапираман. Натижалар билан етакчилик қиладиган ва жамоадошларга таъсир ўтказадиган етакчи бўлишим мумкин. Буни хоҳлайман албатта.
- Келгуси мавсум учун ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйдингиз?
- Энг муҳими, яхши старт ва тайёргарликдан соғ-саломат ўтиш. Ўтган мавсум билан таққослаганда, мен олдинга силжишни давом эттирмоқчиман, яъни кўпроқ гол уриш ва самарали паслар беришни ният қилдим. Ўз ритмимга қайтишни ва ҳар доим олдинда бўлишни хоҳлайман. Мен шунчаки гол уриш ва ассистент бўлишни яхши кўраман.
- Golden Boy мукофоти фаворитларидан бири ҳисобланасиз. Бу сиз учун нимани англатади?
- Бундай мукофотга номзод бўлганингиз - бу сиз жуда яхши мавсум ўтказганингизни англатади. Номинация - бу сўнгги бир неча йил ичида қилган барча ишларимга ҳурматдир. Лекин мен буни фақат жамоа билан яхлитликда қилиш мумкинлигини тушунаман, чунки футболда ёлғиз ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Албатта, мукофотдан жуда хурсанд бўлардим. Номзодлар орасида энг топ-ўйинчилар кўп.
- Ёшлигингиздаёқ майдондан ташқарида ҳам намунага айлангансиз. Сиз «Team Musiala Foundation» орқали энди профессионал футбол йўлига кирган ёшларга қадриятларни етказишни хоҳлайсиз. Бу сиз учун қанчалик муҳим?
- Футболни яхши кўрадиган болалар жуда кўп. Улар бу йўлда ёрдамга муҳтож. Жамғарма нафақат футболга, балки баскетбол, мактаб ва профессионал мартаба кабиларига ҳам бағишланган. Қисқаси, бу орзулар рўёбга чиқиши учун ташкил этилган фонд. Мен болаларга ўз йўлларини топишда ёрдам бермоқчиман.
- Мавсумга тайёргарликдан дастлабки таассуротлар қандай? Энди Томас Тухелни яхшироқ танийсизми?
- Янги мураббийлар жамоаси келганида, танишишга вақт йўқ эди, ўйинлар ортидан ўйинлар кутарди. Энди ғояларни амалга ошириш устида ишлаш учун кўпроқ вақтимиз бор. Биз гўёки оддий нарсаларни тўғри ва самарали бажаришимиз кераква оддий хатолардан қочишимиз керак.
- Узоқ вақт ўз формангизни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак?
- Баъзан ўйинларда энергия йўқотадиган босқичлар бўлди. Кейин қайтиб олиш қийин бўлди. Бундай бўлмаслиги учун юқори консентрацияни сақлашимиз, енгилроқ ўйнашимиз ва энергияни тежашимиз керак бўлган босқичларда кўпроқ тўпни ушлаб туришимиз керак. Ҳар бир ҳаракатда, ҳар бир пасда консентрация ҳар доим энг юқори даражада бўлиши керак.
- Келгуси йил Евро-2024 Германияда ўтказилади. Ҳозир бу сизни қанчалик ҳаяжонлантирмоқда?
- Ҳамма бундай катта мусобақага тайёр, қизиқарли бўлади. Аммо ҳозир тўлиқ диққатимизни ўз ритмимизни топиш учун мавсум бошига қаратганмиз. Худди шу нарса миллий терма жамоага ҳам тегишли. Ишончни қозониш учун ўйинларда ғалаба қозонишимиз керак. Шундагина биз яхши Еврони ўтказамиз, деб ўйлайман.
МУҲАММАДХОН тайёрлади