Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Миржалол Қосимов: «Ўзбек футболи ҳали дунёни ҳайратга солади»

Баҳо:
+1 | -

Қозоғистоннинг "PROСПОРТ" нашри ўзбек футболи ҳақида кўплаб материаллар (интервьюлар, мақолалар) бериб боради. Навбатдаги мақола Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовга бағишланган.

Ўзбекистон терма жамоаси Эрон устидан сафарда қозонилган ғалабадан сўнг Бразилияда ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш учун жуда яхши имконият ҳосил қилди. Кўпчилик мутахассислар терма жамоанинг ҳозирги муваффақиятини Миржалол Қосимов билан боғламоқда.

МАЪЛУМОТНОМА
Қосимов Миржалол Қўшоқович
Туғилган куни ва жойи: 17.09.1970, Тошкент шаҳри
Фуқаролиги: Ўзбекистон
Амплуа: ярим ҳимоячи
Бўй ва вазни: 174 см, 72 кг
Футболчилик фаолияти: «Пахтакор», Тошкент (1987–1991, 1993, 1997–1998, 1999, 2002-2003) – 187 ўйин (64 гол); «Спартак»/«Алания», Владикавказ (1992, 1994–1996, 1999, 2003–2004) – 139 (33); «Крилья Советов», Самара (2000–2001) – 45 (6); «Аш-Шабоб», БАА (2001–2002) – 36 (4); «Машъал», Муборак (2005) – 21 (6).
Эришган натижалари: Ўзбекистон чемпиони (3) – 1998, 2002, 2003; Ўзбекистон кубоги соҳиби (4) – 1993, 1997, 2002, 2003; Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши тўпурари – 1998, Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси (4) – 1993, 1998, 2001, 2004; Россия чемпиони – 1995; Осиё Ўйинлари ғолиби – 1994; Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони – 1987; Ўсмирлар ўртасида Европа чемпиони (2) – 1987, 1988.
Мураббийлик фаолияти: Ўзбекистон олимпия терма жамоаси (2006–2007); «Бунёдкор», Тошкент (2007 – ҳозирги вақтгача); Ўзбекистон миллий терма жамоаси (2008–2010, 2012 – ҳозирги вақтгача).

Абрамовгача ва ундан кейин
Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасини аввалги саралаш босқичида бошқарди, аммо ҳал қилувчи босқичда қўшниларимиз жудаям муваффақиятсиз иштирок этишди. Қатар, Баҳрайн, Япония ва Австралияга қарши 8та ўйинда Қосимов жамоаси бор-йўғи 4 очко жамғариб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. Ўзбекистон терма жамоасини навбатдаги ЖЧга олиб чиқиш учун таниқли мутахассис Вадим Абрамов таклиф қилинди. У "Трактор" ва "Локомотив" жамоаларидаги фаолияти билан ном қозонганди. 2011 йилда эса у Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилди. Лекин унга муваффақиятга эришиш насиб этмади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон-2012га бора олмаганидан кейин Абрамов олдида осон бўлмаган вазифа турарди — терма жамоани ЖЧга олиб чиқиш. Ўзбекистонликлар саралашнинг аввалги босқичларидан яхши иштирок этиб, сўнгги, 4-босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Бу босқичда улар Жанубий Корея, Эрон, Қатар ва Ливан билан бир гуруҳга тушишди. Ушбу гуруҳда Жанубий Кореядан бошқа жамоалар жаҳон чемпионатларининг доимий иштирокчиси эмаслигини инобатга олсак, уларнинг имкониятлари юқори баҳоланаётган эди. Шунинг учун биринчи турда Эрондан учралган мағлубият (0:1) улкан норозиликларни келтириб чиқарди ва Абрамов истеъфога чиқарилди. Вазиятни ўнглаш мақсадида яна Қосимов терма жамоага таклиф этилди. Шундан сўнг қўшниларимиз Ливан (1:1) ва Жанубий Корея (2:2) билан дуранг ўйнашди ҳамда Қатар ва Эронга қарши иккита сафар ўйинларида бир хил ҳисобда ғалаба қозонишди (1:0).

Кимга "честь" беряпсиз?
Қосимов ҳақида исталганча гапириш мумкин. Ўзбекистонда Миржалол Қосимовни танимайдиган одам топилмаслигига ишончим комил. Ўзбек футболида машҳур номлардан бири бўлган Миржалол ўзидан ёрқин из қолдирган. Бунинг яққол исботига мен бундан 10 йил аввал ўз кўзим билан гувоҳ бўлгандим. Эрталаб аэропортга келдим ва у ерда Миржалолни кўрдим. Мақсадимиз битта эди — "Пахтакор"ни Чемпионлар лигаси ўйини учун араб давлатларидан бирига кузатиб қўйиш. Қосимов эса жароҳати боис сафар ўйинига учмаганди, у сардор сифатида жамоани кузатиб қўйиш учун аэропортга келганди. Пахтакорчилар эшикнинг нарига томонига ўтиб кетишганидан кейин биз футболчи билан ёлғиз қолдик. Кутилмаганда Миржалол мендан сўради: "Сен қаёққа борасан?". "Марказга" — дедим мен. "Ўтир, элтиб қўяман". Аэропортдан чиқаверишда 004 рақамли (Қосимов ўз ўйнаган барча жамоаларда 4-рақамда ҳаракат қилган) 600ли "мерс"ни кўрган "гаишник" бирдан хушёр тортди ва "честь" берди. Журналистнинг ҳайрон бўлган нигоҳини кўрган Миржалол кўзини қисиб қўйди: "Кўрдингми?!".

Бутун футболчилик фаолияти давомида ёрқин, ўзига хос ўйини, лидерлик характери ва харизмаси туфайли Қосимов барчанинг севимли ўйинчиси эди. Унинг жарима ва бурчак зарбаларидан моҳирона урган голлари мухлисларга ҳайратга соларди. Ушбу буюк футболчининг ўйинлари ҳақида китоблар ёзилган ва ҳужжатли фильм суратга олинган. Бундай машҳурлик ва шарафдан бошқа одамнинг "томи" кетиб қоларди, аммо Миржалолнинг эмас. Бугунги кунда у бор эътиборини мураббийлик ишига қаратган. Бу ерда ҳам у ўзининг ҳамкасбларидан илгарилаб кетган. Миллий терма жамоа ва "Бунёдкор"ни бошқаришни ҳар ким ҳам эплай олмайди.

Асосий ўйинлар олдинда
Миржалол Қосимов терма жамоа сардори сифатида жаҳон чемпионатига чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлганди. ЖЧ-2006 саралаш босқичида Ўзбекистон ўз майдонида Баҳрайн устидан ғалаба қозонган ўйини бўйича шикоят ёзди. Ўшанда япониялик ҳакам 11 метрли жарима зарбаси пайтида қўпол хатога йўл қўйганди. ФИФА ўйин натижасини бекор қилиб, ўйинни қайтадан ўтказиш ҳақида қарор чиқарди. Такрорий ўйинда эса 1:1 ҳисоби қайд этилди. Жавоб ўйинида ҳисоб очилмаганидан кейин қўшниларимиз Германияга бормайдиган бўлишди. ЖЧ-2010 саралаш босқичи қўшниларимиз учун оғир кечган бўлса (Австралия ва Япония — жуда кучли рақиблар), энди Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқиш учун яхши имкониятга эга. Бунинг учун улар Ливан ва Қатарга қарши уйдаги ва Жанубий Кореяга қарши сафар ўйинида муваффақиятли иштирок этишса бўлгани.

Миржалол Қосимовдан иқтибослар

Терма жамоадаги фаолияти тўғрисида
"Ушбу таклифни рад қилиб бўлмасди. Ахир айтишади-ку: "Ватан танланмайди". Биз ўзимизнинг бош мақсадимиз эришиб, Бразилияда ўтадиган Жаҳон чемпионатига боришимиз лозим. Мен терма жамоани унда ислоҳот ўтказиш учун қабул қилганим йўқ. Мураббийлар штаби қолади. Биз ҳозир мураббийлар штабини ўзгартириш ҳақида эмас, терма жамоанинг расмий ўйинлари ҳақида бош қотиришимиз керак".

Ўртоқлик ўйинлари ҳақида
"Рақиб қанчалик кучли бўлса, жамоанинг савияси ҳам шунчалик ошади. Бу оддий ҳақиқат. Жамоангиз кучли рақиб билан ўйнаётганида унинг камчиликлари кўзга ташланади. Эрон билан ўйиндан аввал (аслида Жанубий Корея билан ўйиндан аввал —www.stadion.uz) Қозоғистон билан Тошкентда ўртоқлик ўйинини ўтказиш борасида таклиф юбордик. Аммо улар легионерлар терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинини ўтказишни режалаштириб қўйишгани ҳақида маълум қилишди. Қозоғистон билан ўйнасак, ҳар иккала томон мухлислари бундан хурсанд бўлишарди. Лекин энди аввалдан келишиш керак".

"Актобе" ҳақида
"Нима деб ўйлайсиз, Россия клубининг захирасида ўтирган яхшими ёки "Актобе"нинг асосий таркибида ўйнаш? Иккинчи вариант анча яхши. "Актобе" яхши жамоа. Доимо чемпионатда юқори ўринлар учун украшади, Европа лигасида 3-босқичгача етиб борди. Европа жамоаларига қарши ўйнаш футболчиларимиз учун фойдали".

Ўзбекистон чемпионати ҳақида
Аввалги йиллар билан таққослаганда, чемпионатимиз савияси тушди. Буни энг яхши футболчиларимизнинг хориж клубларига йўл олгани билан изоҳлайман. Медаллар учун кураш олиб борадиган клублар савиясининг пасайгани сезилмоқда. Кетганларнинг ўрнини эгаллаган ёшлар ҳали улардек ўйнаб кетгани йўқ. Уларга вақт керак. Ўртамиёна клублар савияси эса ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаяпти. Бу ерда ҳам сабр-тоқат ва вақт керак".

Жаҳон чемпионати ҳақида
"Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир футболчининг энг олий мақсади ҳисобланади. Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси сифатида менинг бу орзуим амалга ошмади. Ҳозирги кунда футболимизда ва терма жамоаларимизда ўсиш кузатилмоқда. Биз Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубогида илк марта ярим финалигача етиб бордик. Ушбу "планка"ни ушлаб қолсак, биз жаҳон чемпионатининг иштирокчисига айланамиз. Ўсмирларимиз ва ёшларимиз сўнгги пайтларда Осиё ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этишмоқда. Мамлакатда футболни ривожлантириш учун кенгмиқёсли ишлар қилинмоқда. Ҳар йили фубол инратузилмаси мустаҳкамланмоқда, ривожлантирилмоқда. Буларнинг барчасини инобатга олганда, ишонч билан айта оламан, ўзбек футболи ҳали дунёни ҳайратга солади".

Манба: www.prosportkz.kz
Киритилди: 09:19, 30.11.2012.
Ўқилди: 8782 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.