Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

ШАХМАТ, ФИДЕ Гран-При турнирининг иккинчи босқич мусобақалари якунланди

Баҳо:
+1 | -

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида шахмат бўйича Халқаро шахмат федерацияси ФИДЕ Гран-При турнирининг иккинчи босқич мусобақалари ниҳоясига етди. Халқаро шахмат федерацияси, Ўзбекистон Маданияти ва санъати Форуми жамғармаси ҳамда Республика шахмат федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур нуфузли турнирда жаҳоннинг 12 нафар етакчи гроссмейстерлари ғолиблик учун дона сурдилар.

Қарийб икки ҳафта давом этган ғоятда муросасиз ва қизиқарли баҳсларнинг якунларига кўра россиялик Сергей Карякин 11 имкониятдан 6,5 очко жамғариб биринчи ўринни эгаллади. Худди шунча очко жамғарган хитойлик Ванг Хао иккинчи, россиялик Александр Морозевич эса учинчи ўринларни банд этишди. Кучли учликдан ўрин эгаллаган спортчилар 140 рейтинг очколарига ҳам эга бўлдилар.

Турнирни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, миллионлаб юртимиз спорт мухлислари ҳамда кўпчилик халқаро эксперт ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлган ҳамюртимиз, жаҳоннинг 17-чемпиони Рустам Қосимжонов совриндорлардан бор йўғи 0,5 очко кам жамғарди ва якунда кучли олтиликдан ўрин эгаллади. Тажрибали спортчимиз ўтказилган 11 партиянинг 10 тасида дуранг натижани қайд этиб, турнирда иккинчи ўринни эгаллаган хитойлик Ванг Хаони мағлубиятга учратди.

Иккинчи босқичда Рустам Қосимжонов каби 6 тадан очко тўплаган Фабиано Каруана (Италия) ва Шаҳриёр Мамедяров (Озарбойжон) ҳам кучли олтиликдан жой олишди. Руслан Пономарев (Украина), Пётр Свидлер (Россия) ҳамда Петер Леко (Венгрия) каби гроссмейтерлар 5,5 тадан очко жамғариб, мос равишда 7-9 ўринларни эгаллашди. Ўнинчи ўрин исроиллик Борис Гельфандга (4,5 очко) насиб этган бўлса, сўнгги турда ғалабага эришиб очколари сонини тўрттага етказиб олган Леньер Домингес Перес (Куба) 11-ўринни эгаллади. Турнир жадвалида 12-ўринни 3,5 очко жамғарган америкалик Гата Камский банд этди.

Шу тариқа, ФИДЕ Гран-При турнирининг дастлабки икки босқич мусобақаларининг якунларига кўра озарбойжонлик Шаҳриёр Мамедяров пешқадамлик қилмоқда. Ёдингизда бўлса, Шаҳриёр Лондонда бўлиб ўтган биринчи босқичда кучли учликдан ўрин эгаллаганди.

Эътиборлиси, ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов иккинчи босқич мусобақаларида бирорта партияда мағлубиятга учрамаган ягона гроссмейстер бўлди.

“Спортда ўз уйингда деворлар ҳам қўллайди деган гап бор. Билмадим, балки бу тўғри таърифдир. Бироқ, мен учун Ватанимизда ўтаётган мусобақаларда ўйнаш доимо ҳаяжонли ва шу билан бирга ўта масъулиятли бўлади. Турнирда кўрсатган натижамдан мамнунман. Ҳар бир матчга ўта жиддий тайёрландим. Шу билан бирга юртдошларимизни қўллаб-қувватлаб турганликларини ич-ичимдан ҳис қилиб турдим. Бу ўз навбатида мендаги ғалабага бўлган ишонч ҳисларини янада орттириб турди. Фурсатдан фойдаланиб барча ҳамюртларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Шу билан бирга ташкилотчиларга ҳам раҳмат айтмоқчиман. ФИДЕ Гран-При турнири аъло даражада ўтказилди. Бу ўз навбатида барча гроссмейстерларнинг юқори кайфиятда ўйнашига хизмат қилди. Насиб этса, Гран-При турнирининг қолган босқичларида ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юртдошларимизни хушнуд этишда давом этавераман” – дейди Рустам Қосимжонов.

Маълумки, 2012-2013 йиллар давомида ўтказиладиган ФИДЕ Гран-При турнири олти босқичдан иборат бўлиб, унда дунёнинг жами 18 нафар гроссмейтерлари ғолиблик учун баҳс юритадилар. Мусобақа низомига кўра ҳар бир гроссмейстер тўрт босқичда қатнашиши мумкин. Лондон (Буюк Британия) ҳамда Тошкент (Ўзбекистон) шаҳарларида бўлиб ўтган дастлабки икки босқичда дона сурган Рустам Қосимжонов, 2013 йилда Берлин (Германия) ва Мадрид (Испания) шаҳарларида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этади.

Таъкидлаш жоизки, Тошкентда бўлиб ўтган ФИДЕ Гран-При турнирининг иккинчи босқич баҳслари Оммавий ахборот воситалари орқали ўзбек, рус ва инглиз тилларида кенг ёритилди. Жумладан, ҳар бир матч онлайн орқали тўғридан-тўғри 177 давлатига узатилди. Шу ўринда нега айнан 177 давлатга узатилди деган табиий савол туғилади. Бунинг сабаби эса оддий. Бугунги кунда Халқаро шахмат федераcиясига айнан 177 давлат аъзо. Шу боисдан ҳам ўйинлар онлайн орқали 177 давлатга узатиб борилди. Албатта, турнирнинг махсус сайти орқали кузатувчи давлатлар сони янада салмоқли кўринишни ташкил этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси “Спорт” телерадиоканали орқали қарийиб 1500 дақиқани ўз ичига олган тўғридан-тўғри репортажлар мухлислар эътиборига ҳавола қилинди. Репортажларни таниқли телебошловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Акром Тошхўжаев ҳамда шахмат устаси Маматқул Хайлаевлар юқори профессионал тарзда олиб бордилар.

“Албатта, бу даражадаги нуфузли мусобақани тўғридан-тўғри олиб боришнинг машаққатлари билан бирга ўзига яраша гашти ҳам бор” – дейди биз билан суҳбатда Акром Тошхўжаев. “Ҳар бир репортажни барча учун тушунарли тарзда тайёрлашга астойдил харакат қилдик. Албатта, аҳил жамоамиз меҳнатини репортажларимизни мунтазам равишда кузатиб борган телетомошабинлар баҳолашади. Агарда репортажларимиз орқали мухлислар, айниқса, келажагимиз эгалари қалбида шахматга бўлган меҳрни шакллантира олган бўлсак, бу биз учун катта ютуқ. Мени ҳайратга солгани, мусобақалар даврида жуда кўплаб юртдошларимиз Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясига ташриф буюриб, бу ерда ўрнатилган мониторлар орқали партияларни кузатиш билан бирга, жаҳоннинг номдор гроссмейстерлари амалга ошираётган ҳар бир юришни кузатиб, таҳлил қилиб бордилар. Улар орасида ёшларимиз кўпчиликни ташкил қилганлиги эса ҳар қанча тахсинга лойиқ. Демак, улар ҳам ота-боболари каби ақл идрок ўйинини пуҳта эгаллашни мақсад қилишган”.

- Акром ака, шу ўринда шахмат спорт турининг етакчи мутахасисларидан бири сифатида мазкур турнирнинг аҳамиятли жихатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

“Шахмат оламида энг йирик мусобақалардан бирини жонажон Ватанимизда ўтказилиши, ақл идрок ўйинини мамлакатимизда янада омаавийлашуви ҳамда тараққий этишига хизмат қилади. Албатта, бундай мусобақаларга мезбонлик қилиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунда энг аввало мусобақа ўтаётган юртда тинчлик осойишталик ҳукмрон бўлиши талаб этилади. Шу билан бирга мезбон давлатда шахмат кенг ривожланган бўлиши билан бирга турнирни юқори савияда ўтказиш имкониятлари ҳам мавжуд бўлиши керак. Шукурлар бўлсинким, юқорида санаб ўтилган талабларнинг барчаси бизда мавжуд. Буни турнирга ташриф буюрган мутахассислар ҳамда спортчилар мамнуният билан таъкидлаб ўтишмоқда. Яна бир жихат. Маълумки, жаҳон чемпионини аниқлаб берадиган матчларни ташкил этилганига 120 йилдан ошган бўлса, ўтган давр мобайнида 19 нафар гроссмейстерларга жаҳон тожини кийиш насиб этган. Қувонарлиси, улар орасида ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов ҳам ўрин эгаллаган. Биласизми, дунё тождорлари жаҳон чемпиони бўлиб турган пайтда ҳеч қачон ўртоқлик учрашувларини ўтказишмаган. Бу анъанага ўтган йили Тошкентда жаҳоннинг 17-чемпиони Рустам Қосимжонов ҳамда амалдаги жаҳон тождори ҳиндистонлик Вишванатан Ананд ўртасида ўтказилган ўртоқлик учрашуви орқали барҳам берилди. Ушбу ўртоқлик учрашувини бевосита кузатиш мақсадида ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов ҳам ташриф буюриб, мусобақани аъло даражада ташкил этилганлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтган эди ва 2012 йили ўтказиладиган ФИДЕ Гран-При турнирининг иккинчи босқичини Тошкентда ўтказишга қарор қилинганди. Шуни ишонч билан айта оламанки, мазкур турнир яқин келажакда юртимиздан Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов каби жаҳон чемпионларини етишиб чиқишига ҳамда азал-азалдан аждодларимиз томонидан севиб ўйналиб келинадиган шахматни янада оммалашишига хизмат қилади”.

Тошкентда шахмат бўйича ФИДЕ Гран-При турнирининг иккинчи босқич мусобақалари якунланди. Ҳа, чиндан ҳам пойтахтимизда ўтказилган жаҳон шахмат байрами барча юртдошларимиз каби унинг иштирокчилари ҳаётида ҳам энг ёрқин хотираларни муҳрлади. Буни турнир қатнашчиларининг сайтимиз учун берган махсус интервьюлари орқали ҳам билиб олиш мумкин.

“Тошкентга илк бор келган бўлсамда, ўтган қисқа кунлар ичида мен учун жуда қадрли шаҳарга айланди. Мусобақанинг дам олиш кунлари шаҳарни айланиб, диққатга сазовор бўлган жойлар кўп эканлигига гувоҳ бўлдим. Очиғи, тасаввуримдан ҳам ортиқ чиройга эга экан. Мен келажакда оила аъзоларим билан келишни кўнглимга тугиб қўйдим. Насиб этса, яқин келажакда шаҳрингизда яна меҳмон бўламиз. Бевосита турнирдаги иштирокимга келсам, қўлга киритган натижамдан табиийки кўнглим тўлди. Энди навбатдаги босқичларда ҳам ана шундай кўтаринки кайфиятда ўйнашга харакат қиламан. Биласизми, биз шахматчиларнинг ўйини кўп жиҳатдан кайфиятга боғлиқ. Тошкентда ҳаммаси аъло даражада ташкил этилганлиги боис, юқори кайфиятда ўйнадим. Бу учун барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб қоламан”- дейди турнир ғолиби Сергей Карякин.

“Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлигидан яхши хабардор бўлсам-да, бунга бевосита гувоҳ бўлиш шу чоққача насиб этмагандим” – дейди турнирда кумуш медалга сазовор бўлган Ванг Хао.” Энди бунга юз фоиз амин бўлдим. Шаҳрингиз жуда гўзал экан. Ватанимга қайтгач, бу ердан олган таассуротларимни яқинларимга сўзлаб бераман. Шуни ишонч билан айта оламанки, турнирнинг барча иштирокчилари мен каби олам-олам ширин таассуротлар билан уйларига қайтишади. Биласизми, барчаси аъло даражада бўлгандан кейин, чиройли комбинаcиялар ҳам кашф этилаверади. Шу боис ана шу гўзал диёрда бахтли ҳаёт кечираётган барча-барчага самимий миннатдорчилигимни билдириб қолмоқчиман. Озод ва обод юртингиз янада чирой очиб бораверсин”.

“Чинданда, турнирнинг ташкилотчилиги юксак даражада бўлди. Бу эса ўйинларда ҳам ўз аксини топди. Ҳар бир иштирокчи каби мен ҳам ҳар бир баҳсга кўтаринки кайфиятда киришдим. Мен биринчи босқичда иштирок этмагандим. Шу боис Тошкент турнири мен учун омадли келди деб бемалол айта оламан. Пойтахтингиз менга жуда ҳам ёқди. Айниқса, меҳмондўст ўзбек халқига ҳар қанча таҳсинлар айтса ҳам оз. Мен мавриди билан яна Тошкентга, серқуёш диёрингизга келишни мақсад қилиб қўйдим” – дейди турнирнинг бронза медали совриндори Александр Морозевич.

“Ўзбекистон, унинг мард ва жасур спортчилари томонидан халқаро майдонларда эришилаётган ютуқлар ҳақида кўп бора эшитганман – дейди Африка шахмат федерацияси президенти Лахдар Мазоуз. Юртингиз чиндан ҳам жаннатмакон ўлка экан. Айниқса, қадим Самарқанд шаҳри менда ўзгача таассурот қолдирди. Билишимча, шахмат халқингиз томонидан жуда қадимдан севиб ўйналиб келинади ва эътиборлиси бу анъана бугунга қадар сақланиб қолинган. Тошкент шаҳрида қад ростлаган спорт иншоатларини кўриб, очиғи хайратга тушдим. Тўғриси, Ўзбекистонлик спортчиларга яратилган шароитларни кўриб, уларга ҳавасим ошди. Шуни ишонч билан айтаманки, Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт ривожланган дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига, турнир ташкилотчиларига чуқур миннатдорчилигимни изҳор қилсам. Турнир мусобақа иштирокчиларининг номи ва даражасига мос тарзда юксак савияда ташкил этилган. Мана шундай мусобақаларни ташкил этишда, сизлардан ўрнак оладиган жихатлар кўп”.

Тошкентда шахмат бўйича ФИДЕ Гран-При турнирининг иккинчи босқич мусобақалари якунланди. Турнирнинг ёпилиш маросими ҳам ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Унда сўзга чиққанлар турнир ажойиб тарзда ташкил этилганлиги билан бирга, муросасиз курашларга бой тарзда ўтганлигини алоҳида таъкидлаб, бундай мусобақалар Ўзбекистонда спортни янада оммалашувига хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

“Мусобақани юқори даражада ташкил этилганлиги, ўйинларнинг сифатига ҳам бевосита таъсир кўрсатганлигини, охирги турга қадар яққол пешқадам бўлмаганлигидан ҳам билиб олса бўлади – дейди ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов. Ҳа, бугун турнирга якун ясалади, бироқ бу билан Ўзбекистонда шахмат байрами тугади дегани эмас. Биз юртингиздаги ҳамкорларимиз билан келгусида ҳам шахмат бўйича йирик мусобақаларни ўтказишга келишиб олдик. Шу ўринда бир янгиликни айтиб ўтсам, 2013 йил сентябрь ойида шахмат бўйича Бутунжаҳон талабалар ўйинини айнан Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилдик. Ўйлайманки, ушбу мусобақа ҳам Гран-При турнири сингари аъло даражада ўтади”.

Турнир сўнггида нафақат ғолиб ва совриндорларга, балки турнирнинг барча қатнашчиларига ташкилотчилар томонидан таъсис этилган эсдалик совғалар тантанали суратда топширилди.

ФИДЕ Гран-При турнирининг учинчи босқичи 2013 йил Лиссабон (Португалия)да ўтади.

Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати

Манба: www.uz.mcs.uz
Киритилди: 15:49, 05.12.2012.
Ўқилди: 6570 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.