Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Улуғбек Бақоев: «Бир дақиқа бўлса ҳам жаҳон чемпионатида ўйнашни истайман»

Баҳо:
+6 | -

Икки марта "Олмос" совринини қўлга киритиб, Sports.kz сайти версияси бўйича Қозоғистон Премьер-лигасининг энг яхши футболчиси деб топилган Улуғбек Бақоев Бухорога ташриф буюрган мазкур сайт мухбирига интервью берди.

— Биринчидан, Премьер-лига клублари бош мураббийлари ва футболчилари сизни иккинчи марта кетма-кет йилнинг энг яхши футболчиси топишгани билан табриклайман.
— Катта раҳмат сизга.

— Тўпурарлик хусусиятларингиз ҳақида гап кетганда, сиз ҳамиша жамоадошларингизга ва яратганга миннатдорчилик билдирасиз. Шундай бўлса-да, Улуғбек Бақоевнинг асосий ютуғи нимадан иборат?
— Биласизми, яна такрорлайман: шерикларсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Футбол — жамоавий ўйин. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, тезлигим юқори эмас, чиройли узатмаларим йўқ, аммо ўзимда бор жиҳатлар қандайдир наф келтирмоқда.

— Чемпионлик учун "Иртиш"га нима етишмади?
— Мавсум давомида ютишимиз мумкин бўлган баъзи ўйинларда очко йўқотдик. Масалан, "Атирау" билан уйдаги ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, "Қайсар" билан ҳам дуранг ўйнадик (1:1). Ўз майдонимизда эса "Актобе"га ютқаздик. Ваҳоланки, ўша ўйинда меҳмонлар камчиликда ўйнашганди.

— "Иртиш" билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз? Умуман олганда, яна қанча футбол ўйнамоқчисиз?
— Павлодар жамоаси билан яна 2 йиллик шартнома имзоладим. Ўзимни эса жуда яхши ҳис қиляпман ва организмим жисмоний юкламаларни бемалол кўтармоқда. Агар ўйнай олсам ва хизматларим кимгадир керак бўлса, нега ўйнамаслигим керак? 36-37 ёшгача футбол ўйнасам керак.

— Футболчилик фаолиятини якунлаганингиздан кейин нима иш билан шуғулланишни ўйлаб кўрдингизми?
— Ҳозирча бу ҳақида ўйлашни истамайман. Хаёлимга шундай фикрлар келса, ғалати бўлиб қоламан, кайфиятим тушади. Иложи борича кўпроқ ўйнашга ҳаракат қиламан. Бир кун келиб футбол ўйнашни тўхтатганимда ҳам футболда қолишни истардим, албатта.

— Майдондан ташқарида қайси футболчи билан яқин муносабатдасиз?
— Барча футболчилар билан муносабатим яхши. Энг яқин дўстим эса, албатта, Нурбол (Жумаскалиев — муаллиф изоҳи).

— Наҳотки ҳеч ким билан келишмовчилик юзага келмаган?
— Йўқ. Дарвоқе, Дарко Малетич билан машғулот жараёнида кичик тушунмовчилик юзага келганди. Лекин футбол эркаклар ўйини ва унда тўқнашувлар бўлиб туради. Умуман олганда, Қозоғистонда футболчилар бир-бирига нисбатан ўзаро ҳурмат билан муносабатда бўлишади. Майдонда қўполликлар ишлатилса-да, ўйиндан кейин қўл бериб кўришиб, омадлар тиланади.

— Бухорога кимларни таклиф қилгансиз?
— Мен йигитларни ҳамиша таклиф қиламан. Лекин ҳозирча фақат Мурат Суюмагамбетов келишга муваффақ бўлган. Беш-олти кун меҳмон бўлган. Кунни нонушта билан бошлардик ва у секин тушликка уланиб кетарди. Кейин эса кечки овқат танаввул қилардик. Онам бизга турли таомларни пишириб берганди. Адашмасам, Мура бу ердан "+6" ёки "+8" ортиқча вазн билан кетган (кулади).

— Ўзингиз ишлаган қайси мураббийни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
—Кўп мутахассислар билан бирга ишлаганман. Ҳар бир мураббийнинг футболга нисбатан ўз қараши бор. Бир мураббийдан иккинчи мураббийга ўтганда уларга мослашишга тўғри келади. Уларнинг ҳар биридан нимадир фойдали хислатни ўзлаштирганман. Саволингизга қуйидагича жавоб қайтараман. 2004 йилдан бери  кетма-кет 9 йил давомида бирор марта ҳам медалсиз қолмаганман. Демак, ҳамиша мутахассислар билан ишлаганман ва шунинг учун ҳеч бир мутахассисни ажратиб кўрсатмайман.

— Ким билан бирга ўйнаш ёқади?
— Нурбол билан ўйнаганимда, дам олардим. Биз бир-биримизни ярим нигоҳда тушунардик. Майдонда ўзаро тушунувчанлик мана шундай даражага чиққанди. Мен тезлик олиб улгурганимда, у тўпни ўша йўналиш бўйича ташларди. Шундай шериклар билан ишлаш осон ва меҳнатингиз самарали бўлади. Ўтган йили Амирликда ўйнаганимда эса, кутганинг билан тўп сенган етиб келмасди. Футболчилар тўпга 3-4 марта тегмагунча, 1-2 нафар футболчини алдамагунча, тўпни сенга узатишмайди. Бу вақтда эса бефойда югуришларни амалга оширасан.

— Мураббий буни тушунтирмайдими?
— Улар мураббийни одам ўрнида кўришмайди. Ҳеч ким машғулот пайтида тайинли ишламайди. Улар фақат шайхдан қўрқишади. Маълум муддат ўйнаганимдан кейин эса тушуниб етдимки, бир жойда қотиб қолмаслик учун у ердан тезроқ кетиш керак. Маиший масалаларда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Алоҳида уй ва машина ҳайдовчиси билан бирга ажратилганди. Аммо мен ўйинчи сифатида ўсишдан тўхтаб қолгандим.

— "Иртиш"да эса кимни таъкидлаган бўлардингиз?
— Биринчи навбатда Сергей Иванов. Уни бир сўз билан ифодалаш мумкин — ҳақиқий меҳнаткаш. Шунингдек, Влад Чернышовни ҳам таъкидлашим мумкин — жангчи.

— Майдондан ташқарида қайси футболчи ўзгача?
— Ҳар бир кишининг ўзига яраша хислати бор. Масалан, Глеб Мальцев яхши куйлайди.

— Амалдаги шартномангиз бўла туриб, Қозоғистонга қандай қилиб қайтдингиз?
— Барча тафсилотларни аниқ билмайману, аммо Талғат Маруанович Улуғбек Асанбоевдан ўйин услуби Бақоевга ўхшайдиган ҳужумчи топишни сўрабди. Улуғбек эса ўйин услуби ўхшаш футболчини эмас, Бақоевнинг ўзини таклиф қила қолайлик, деган. Хуллас, мендан сўраб ўтирмасдан, масалани ҳал қилиб қўйишган (кулади). Қозоғистонга қайтганимдан хурсанд бўлдим.

— Эрон устидан қозонилган ғалаба ўзбек футбол мухлислари қалбига оптимизм уруғларини сепди.
— Биз ўйиннинг аҳамиятини ҳис қилган ҳолда Эронга йўл олдик. Руҳий жиҳатдан жуда оғир бўлди. Агар мағлубиятга учраганимизда фақатгина плей-офф учун курашиш имконияти қоларди. Ғалаба эса барча нарсанинг оёғини осмондан қилиб юборарди. Делегациянинг барча аъзолари — футболчилар, мураббийлар, раҳбарлар ғалабани кўзлашди. Барчамиз бу мақсад йўлида жипслашдик. Бунгача Эроннинг Жанубий Кореяга қарши ўйинини томоша қилдик ва кореяликларга мухлислик қилдик. Корея гуруҳда 1-ўринни эгаллайди ва биз 2-ўрин учун курашамиз, деб ўйлагандик. Лекин кореяликлар ютқазиб қўйишди. Эрон 1-ўринга кўтарилди ва биз 3-ўринда қолдик. Ўйиндан олдин Миржалол Қўшоқович, нима бўлса ҳам барчаси яхшиликка, дея таъкидлади. Эроннинг ғалабаси бизга нафақат 2-ўрин учун, балки 1-ўрин учун курашиш имконини беради. Жамоага қандайдир куч-қувват кирди. Биз иккинчи рақамли жамоа сифатида майдонга чиқдик ва ўйинга белгиланган режани аниқ амалга оширдик. Аввалги жаҳон чемпионатлари саралаш ўйинларида бизга нимадир камлик қиларди. Биз ҳали ЖЧга чиқмадик, аммо мундиал иштирокчисига айланишдан жудаям умид қиляпмиз.

— Гол урган вазиятингизни эслайсизми?
— Биринчи бўлимда гол уриш учун менда вазият бўлганди, бироқ зарбам дарвоза устидан ўтиб кетди. Голдан 3-4 дақиқа олдин хаёлан ўзим билан гаплашдим. Ҳали имконият бўлади ва уни албатта голга айлантириш шарт, дедим ўзимга. Жарима зарбаси белгиланди ва Сервер тўпни чиройли тарзда етказиб берди. Ҳимоячи мени бир неча сонияга йўқотди ва мен керакли жойда пайдо бўлиб, тўпни дарвоза томон буриб юбордим.

— Ўйиндан кейин кийиниш хонасида нималар содир бўлди?
— Барча хурсанд эди, барча бир-бирига миннатдорчилик билдирди. Мураббий Шуҳрат Мақсудов ҳар бир ғалабадан кейин кийиниш хонасида рақсга тушади. Федерация раҳбарияти бизни табриклади. Биз гўёки Бразилияга боргандек хурсанд бўлдик. Аммо, кейинчалик хотиржам бўлдик. Ҳаммаси ўз қўлимизда, ўз уйимиздаги 2та ўйинни ютишимиз шарт. Мен терма жамоада ёш катта футболчилардан бири сифатида йигитларни бир жойга жамлайман, бор куч билан ўйнаш кераклигини уларга таъкидлайман. Терма жамоада кўпчилик ҳали ёш. Мен учун эса ЖЧга бориш учун бу сўнгги имконият. Мен уларга шуни айтаман. Жудаям хавотирланаман, жон куйдираман. Жаҳон чемпионати — азалий орзуим. Унда 5 дақиқа бўлса ҳам, бир дақиқа бўлса ҳам ўйнашни истайман. Жаҳон чемпионатидан кейин эса футболчилик фаолиятини якунлаш ва келажак режалари ҳақида мулоҳаза қилиш мумкин.

Думан Балиқбоев. Бухоро шаҳридан.

Манба: www.sports.kz
Киритилди: 09:47, 09.12.2012.
Ўқилди: 6643 марта.
Фикрлар: 34 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.