Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Фергюссон, «Бунёдкор» ва Қосимов...

Баҳо:
+5 | -

Мен ҳамиша яхши мураббийга имкон беришнинг тарафи бўлганман. Бир мавсумга қолмай мутахассисларнинг «думини тугиш»ни тушунмайман, тушунишни ҳам истамайман. Чунки мен яхши кўрган жамоани мен яхши кўрган мураббий мен туғилмасимдан аввал қабул қилиб олган ва ҳозирга қадар бошқариб келмоқда, яхши бошқармоқда.

Фақатгина бу учун эмас, мен шунчаки 1 йилда яхши клуб ташкил қилиш мумкин эканига ишонмайман. Сиз билган «Қурувчи» биринчи йили «Пахтакор»дан катта фарқ билан ортда қолган. Ўша «Манчестер Сити» ҳам, ўша «ПСЖ» ҳам 1 йилнинг ўзида мақсадига ета олмаган. Вақт, сабр, имкон каби тушунчаларсиз аввал кучли бўлганларни шунчаки йўққа чиқара олмайсиз.

Бугунги кун мухлиси футболга турлича кўз билан қарайди. Ким учундир жамоаси ютса бўлди. Ғалаба ҳалолми ёки ҳаққоний аҳамияти йўқ. Кимдир эса «Фейр плей» тарафдори. Ёки ҳаммаси «Playstation» ва «Pes» каби. Кимдир энг тез югурадиган, энг кучли зарба берадиган ва ҳоказо энг-энгларни бир жамоада бирлаштиради, бу билан рақибларини янчишга ҳаракат қилади. Кимдир эса борига қаноат қилиб ўша энг-энглардан устун бўлишни истайди. Айни вақтда ким қайси йўлдан юришини ва у аслида қандай эканини муҳокама қилмоқчи эмасман. Бу борада дидларимиз турлича. Қайси бирининг афзал экани борасида баҳслашиш эса кўп ҳолларда илиқ муносабат ва соғлом рақобат билан якун топмайди, кўп синалган бу.

Келинг, вазиятга бошқа тарафдан баҳо беришга ҳаракат қиламиз. Бунда мени фанатликда айбласангиз ҳам майли. Аслида фанат эмас мухлисман, бу икки тушунчани ажрата олишингиздан ҳам умидворман. Ва ишонаманки, вазминлик билан фикр юритадиган инсонлар менинг мухлислигимни ҳазм қила оладилар. Ҳазм қила олмаганлардан хафа бўлмайман, чунки ҳамманинг ўз ҳақиқати бор. Менинг фикрим ҳеч қачон идеал бўла олмайди, худди сизники каби. Соғлом дебат орқалигина нисбатан мантиқли бўлган тўхтамга келамиз.

Айтмоқчи бўлганларимнинг кўплиги бу мақолада эзмалашишимга сабаб бўлди. Фикрларимни аниқ тизимга сола олмаяпман. Ёки айтадиганимни шартта айтгим йўқ. Маъзур тутинг...

Юқорида футболга турлича кўз билан қараш ҳақида тўхталиб ўтдим. Бу бежизга эмас. Энди шу қарашни яхши ёки ёмон одатлар атрофида таҳлил қилиб кўрамиз. Ўзбек қадрлайдиган фазилатлар ёки аксинчалар ёрдамида балки қарашларнинг аслида қандайлигига ойдинлик киритиш мумкиндир, нима дейсиз?

Исрофгарчилик. Шу ердан бошлаб ким учундир бачканалашаман. Яна кимгадир фикрим ёқмайди. Қарши фикр билдиринг, бемалол. Сизнинг фикрингиз меникидан асослироқ бўлиши катта эхтимол. «Манчестер Сити» «Аякс»га қарши иккита ўйинда 1 очко билан чекланди. Бироқ «Аякс» асосий таркибидаги футболчилари учун бор йўғи 2,75 миллион сарфлаган (биргина Одил Аҳмедовнинг нархидан ҳам кам). 6 нафар футболчи клуб академиясидан етишиб чиққан бўлса, яна 3таси амстердамликлар сафига эркин агент мақомида келиб қўшилган. «Манчестер Сити»да эса бу кўрсаткич 187,5 миллионни ташкил қилади. «Аякс» Роберто Манчини жамоасига қарши яна 10та ўйинда майдонга тушиб 4 очко ола билмаслиги мумкин деган идеология ҳақиқатга яқин. Шу сабабли «Аякс» ўрнига «Манчестер Юнайтед»ни қўйиб мавзуни давом эттираман. Фергюссон дунёнинг энг бой жамоасини 1986-йилдан бери бошқаради. Ўтган 26 йилнинг бирортасида мутахассис «Манчестер Сити» амалга оширгани каби улкан трансферларга қўл урмаган. Ҳозир икки клуб деярли тенг даражада. Бироқ шу савияда туриш учун «МЮ» қанча сарф-харажат қилмоқда-ю, «МC» қанча? Сабр масаласида Англияда «Челси» ва «Ливерпул»га, мақсад борасида «Арсенал»га ҳавас қилиб бўлмайди, тўғрими? Кимдир мураббийни қўлқоп каби алмаштиришга ёки энг яхшиларни сотиб, совринлар учун кураша олмайдиган даражага тушиб қолишга хайрихоҳми?

Фергюссон ва Моуриньодан қай бири кучли деган саволни ўртага ташламайман. Иккиси ҳам ўзини кучли деб тан олишлари учун етарлича иш қилиб қўйган. Фақатгина мақсад, йўналиш турлича бўлган холос. Боз устига Премьер-лигадаги 20та клубнинг барчаси «МЮ» услубида фаолият олиб борса аниқки ўта зерикарли ҳолат вужудга келарди. Ўша Венгернинг бизнесменлиги-ю, ўша Абрамовичнинг қайсарлиги, Манчини ва унинг халқаро майдондаги қоқилишларига босиқлик билан чидаб бераётган араб шайхи Премьер-лиганинг қизиқарлилигини таъминлаб туришибди. Шунчаки мен «МЮ»дан, катта укам «Челси»дан, кичиги «МC»дан кайф олади. Бунинг ёмон тарафи йўқ.

***

Ўзбекистонда эса вазият тамомила бошқача. Клублар танлаб олган йўл ривожланиш ёки кимнингдир кайфи учун эмас. Бизда танланган йўл мажбурият ёки кимнингдир чўнтагига «барака» холос. Афсуски шундай.

«Олмалиқ» ва «Металлург» раҳбариятига ҳеч қандай оламшумул натижа керак эмас. Мақсад камтаргина маблағ билан ҳам Олий лигада ўралашиб юриш. Бунинг учун Мирсодиқов ва Шквирин ҳозирча идеал вариант. Иккита тажрибали мутахассис клубдан топаётган пулини оқламоқда, бироқ бошқа масалаларда келаётган пул  ёки қилинаётган иш ўзбек футболини булғашдан бошқасига ярамайди. 

«Нефтчи»нинг «МЮ» каби БОССи бор, бироқ клубнинг нормал ҳомийси йўқ, пули йўқ. Фергюссон фақатгина клубга ишлагани учун ҳам керак пайтда Глейзерларнинг қарзини ёпиш билан машғул бўлиб ҳам, Англияда ўз ўрнини йўқотиб қўймади. Саркисян эса ҳеч қачон Фергюссон бўла олмайди. Пул борида натижа, йўғида эса нолиш, бошқа нарса кўрмадим. Мен Вазгеновични қаттиқ хурмат қиламан. Бироқ футболчилар трансферидаги пулларнинг барчаси «Нефтчи» ҳисоб-рақамига тушганига ишонмайман. Саркисян бундай пайтда ўзини унутиши мумкин эмас. Ҳеч бўлмаганда пул бор вақтда келажакка замин ҳозирлаш ҳақида ўйлаш мумкин. Агар жамоа 20 йилдан кейин ҳам бир тийинлик фойдага кирмаса ва фақат ҳомийларнинг қўлига қараб қолаверса, менимча тизимни ўзгартириш керак, аллақачон!

«Пахтакор» «Арсенал» каби иш тутаётганга ўхшаб кўринади. Лекин ҳар йили Аҳмедов билан Гайнрих етишиб чиқмайди, каттароқ маблағ эвазига сотиш учун. Чунки «Пахтакор»нинг Венгери йўқ. Қўшимчасига клуб ўз имкониятидан юқори сакраш учун ҳаракат қилади, бу йўлда Бабаян тиним билмайди. Кураш эса майдонда эмас, унинг ташқарисида аёвсиз кечади.

«Бунёдкор» 3 йилдан бери қайта бунёд бўлади. Икки сафардан бери боши узилган товуққа ўхшаб қоладиган клуб фақатгина Қосимов сабаб бир маромда ўйнаб турипти. Бўлмаса клубнинг қадам олиши «Машъал»никидан фарқ қилмайди. «Машъал» эса қадам олишининг энг чўққисига етиб келди.

«Насаф» ҳокимдан ёлчиб яхши йўлга тушиб олганди. Клубларимизнинг ҳоким қўлига қараб қолишининг касри эса «Насаф»ни ҳам «ўлдирди».

Бу йил фақатгина «Локомотив»да ишлар жойида бўлди. Клуб эгаларининг мақсади бор: пул ишлаш. Яхши мақсад. Агар бу мақсад пировардида ўзбек футболи ривожланса, қолган клублар ҳам «Локомотив»дан ўрнак олишига қарши эмасман. Ҳаммаси оддий: хорижлик бизнесмен 3-4 йил давомида клубга аямай пул тикади. Кейин эса футболчиларни сотиш орқали уни қайтариб олади. Ҳар ҳолда мен шундай тахмин қиламан. Ҳозир собиқ Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «Локомотив»да тўпланмоқда. Ажойиб қарор. Эртага янги Жепаров, Аҳмедов, Гейнрих бўлиб етишадиган бу футболчилар Қозоғистон, Россия, Корея ёки араб клубларидан бирортасига трансфер қилинади. Ҳаммаси оддий. Футболчининг нархи 6 миллионга баҳоланади, жамоатчиликка эса 2 миллион деб кўрсатилади. 2 миллион клуб ғазнасига, 4 миллион клуб учун пул тиккан бизнесменга ўтади. Ҳалол бизнес, шундай эмасми? Эвазига 1та яхши клубимиз бўлади!

«Пахтакор» ёки «Нефтчи»ни танқид қилишдан йироқман. Ҳар иккиси ҳам кучлироқ ҳомийга жуда муҳтож. Мазкур икки клубнинг кучсизланиб кетиши, ўзбек футболига катта зарар етказади. Бирининг раҳбари нима қилиб бўлсада натижага эришаяпти. Жамоатчилик олдидаги обрўси ҳақида билмадимку-я, аммо ўз клуби учун бир амаллаб туриб беришга ҳаракат қилаяпти. Бу ҳаракат яхши ёки аксинча экани менинг мақолам мавзусига кирмайди. Иккинчи клуб раҳбари эса пул бўлмаса натижа ҳам йўқ дейди. Уни ҳам тушуниш керак. Европа клублари пул билан натижа қила олмаётган бир вақтда, Саркисяндан яна нима кутиш мумкин?

Бироқ шундай клублар борки, унда якдил инсонлар фаолият олиб бормаётгани сабаб ривожлана олмаяпти. Ваҳоланки, клубнинг обрўси ҳам, ҳомийси ҳам, яхши мураббийи ҳам бор. Ҳа, мен «Бунёдкор» ҳақида ёзаяпман. Мен Қосимов ҳақида тўхталмоқчиман.

Ўзбек футболида биринчи рақамли футболчи дея Геннадий Красницкий тан олинган. Қосимов эса бу борада учинчи. Аммо мен учун Миржалол биринчи. Мен Красницкийнинг ўйинларини кўрмаганман. Аммо тарихини биламан. Ўзбек футболига ким нима берганини ҳам биламан. Бу менинг ҳақиқатим ва у ким учундир тўғри бўлмаслиги табиий. Футбол фахрийлари майли мендан нафратланишсин, майли фикримга тупуришсин. Мен барибир ўз фикримда қоламан. Бугун Қосимовни ёқтирмай қолганлар ҳам талайгина. Бироқ футболчилик даврида ўша кишилар Миржалолни қўллаб-қувватлашар эди, кўкка кўтаришар эди. Мен «МЮ» мухлисиман ва бу ҳолатни ҳазм қила олмайман. Чунки «МЮ» фанатлари Бекхэм ёки Роналду «Реал»га кетса ҳам уларни яхши кўришади. «Олд-Траффорд» эгалари ҳақидаги фикрим аввалги блог-постларимда бор ва ҳозир уни такрорламоқчи эмасман.

Қосимов хориждан келибоқ «Пахтакор»га қайтди. Бироқ ўша Агамуродов-у Бабаянлар учун кераксиз эканини ҳис қилиши билан «Машъал»га йўл олди. Раул «Реал»га кераксиз бўлиб «қироллик клуби»ни тарк этгани билан «Реал»дан кўнгли совумайди. У Моуриньо ёки Пересни ёқтирмаслиги мумкин холос. Аммо қалби ҳамиша «Реал» билан. Қосимовда ҳам шундай. Йўқса Миржалол футболни тугатиши билан «Пахтакор»га мураббий бўлади деб ўйлаганлар каммиди? Буни Қосимов хоҳламаган деб ўйлайсизми? Бироқ қадрига етишмаса, ҳеч ким итнинг кейинги оёғи бўлишни истамайди. Қўшилмайдиганлар ўз касблари бўйича ўзларини Қосимовнинг ўрнига қўйиб кўришлари мумкин.

Ҳа, Миржалол ўзбек футболига ёрдами керак бўлган пайтда ҳеч қачон ёрдамини аямади. Умуртқа пағонаси шикаст еганида ҳам, температураси 38 даража бўлганида ҳам, жамоаси чемпионлар лигасининг ярим финалига келганида ҳам ва ҳоказо. Кимгадир теккизиш ниятим йўқ. У терма жамоада ишлаш учун кимгадир «подкат» бермади. Ўз ишини билиб қилди, ҳозир эса Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқишга жуда яқин турибди. Ҳаммаси ният ва амалга қараб берилади. Йўқса бугунги ҳолат Ўзбекистон терма жамоасини энг кучли қила олган мураббийга ҳам насиб этиши мумкин эди-ку. Ҳар ҳолда мен буни шундай изоҳлайман.

«Бунёдкор»да йил бошидан бери атмосфера яхши эмасди. ОАВда бежизга Давлатов ҳақида 2-3 марта чиқиш қилинмади. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламаслиги сизга маълум. Бироқ шунда ҳам клуб максимум натижа қайд этишга ҳаракат қилди. Мураббий йил бошида ўзига керакли футболчиларни ололмасада, футболчиларга ўз вақтида пули берилмасада, мавсум ўртасида Қосимов терма жамоани қабул қилиб олсада стабилликни ушлашга ҳаракат қилди. Футболни яхши тушунган инсон учун бу ишлар қандай машаққат эканини уқтириш шарт бўлмаса керак.

«Бунёдкор»да энг яхши шароит Луиз Фелиппе Сколарига яратиб берилди. У ўзи хоҳлагандек таркиб ҳосил қилсада, халқаро майдонда ҳеч нарсага эриша олмади. Миржалол эса аксинча, бир сафар ярим финалда, кейинги сафар чорак финалда жамоасини бразилияликларга топшириб кетди. Ана энди ишлайман деганида эса раҳбарият унинг талабларини қондира олмади. Ўша Саша ва Славалюб Жоржевичлар олиб берилди. Қосимов бу каби легионерларни хоҳламасди. Вазият яхши томонга ўзгарди дейилганида эса, ҳеч нарса ўзгармади. Давлатов олган Кенжисариев ҳам, ўша машҳур Карни ҳам захирага михланди. Ваҳоланки Қосимов, йил бошида раҳбариятдан ҳар бир позиция учун 1тадан яхши легионер сўраганди.

***

Мақола ғалати кўриндими? Олдинига Премер-лига, кейин эса ПФЛ... Энди ўша иккита қисмни бирлаштираман. Фикримга қарши чиқадиганлар жуда кўп, биламан. Аммо юқорида айтганим каби соғлом дебатдан кейингина нисбатан мантиқли тўхтамга келиш мумкин. Шундай экан сиз ҳам ўз фикрингизни қолдиринг, балки у меникидан анча яхши ва асосли бўлиши мумкин.

«МЮ» Глейзерлар оиласига тегишли. Бироқ клубда фақатгина Сер Алекс Фергюссонгагина БОСС деб мурожаат қилишади. Клуб сиёсати, қандай футболчи олиш, кимни кимга ижара беришни ҳам фақат БОСС ҳал қилади. Аслида «МЮ»нинг бошқарув пакетини қўлида ушлаб турган оила бунга бемалол чек қўйиши мумкин. Бироқ ўша БОСС ва унинг қарорлари Глеезерларнинг осилиб қолган халтасига фойда келтираётган экан, Фергюссон «МЮ»дан кетишга ўзи қарор қилмагунича, оила САФни истеъфога чиқаришга шошилмайди.

«Бунёдкор» ўз ҳомийсига ва ишониш мумкин бўлган мураббийга эга. Шу кунгача ўзбек футболи манфаатини биринчи ўринга қўйган Қосимовга ишлаш учун имкон бериш керак! Ҳатто ўша Давлатови ҳам «Бунёдкор»га нимадир бера олмади. Мураббий билан ҳамфикр бўлмади. Қосимов эса яхши пайтда ҳам, ёмонида ҳам натижа кўрсатди. Мен уни жамоада БОСС сифатида кўришни хоҳлардим!

Ҳозир «Локомотив» кетма-кет яхши футболчилар билан шартнома имзолаётган бир вақтда, Қосимов «Бунёдкор»га янги бош тезроқ келишини кутиб яшамоқда эҳтимол. Бироқ янги бошнинг яна қандай бўлишини у билмайди. Балки яхшиси келар, балки йўқ. Ўзим ҳам янги бошни ким қўйишини ҳам аниқ билмайман. Балки шунинг учундир Қосимовнинг ўзи БОСС бўлишини хоҳлаётгандирман. Фергюссондан ташқари Арсен Венгер, Қурбон Бердиев каби кишилар ҳам бу вазифа билан яхши жамоа туза олишди. Бутун клуб инфротузилмаси биргина бош ва унинг қарашлари бўйича бирлашди.

Мен ўз фикримнинг самараси сифатида «Бунёдкор»ни ОЧЛ чемпиони сифатида кўраётганим йўқ, мен башоратчи ҳам, йўқ нарса учун ишонч билдирадиган аҳмоқ ҳам эмасман. Мен шунчаки яхши мурабийга имкон ва вақт бериш тарафдориман. Мураббий бир клубда абадий ишлаши мумкин эмас. Бироқ у арзийдиган мураббий бўлса ўзи хоҳлаганидек ишлаб кўриши керак деб биламан. Эътибор қилинг, жамоада фақатгина раҳбарият алмашяпти, Қосимов эса жойида. Демак, клубдаги муаммолар ва бошқа бир қатор масалалар ҳақида ҳеч ким Қосимовчалик яхши билмайди. Балки Қосимовнинг ўзи БОСС бўлганида Абдуҳолиқов ва Раҳматуллаев каби ёш истеъдодлар жамоадан шундай кетиб қолмасмиди... Мураббий ўзи учун келажак ҳозирлашга ҳаракат қилса-ю, бироқ раҳбарият унинг ҳар бир ишини бир тийин қилиб турса, қандай ишлаб бўлади?! Фергюссонда эса исталган футболчини жамоада олиб қолиш, истагани билан шартнома тузиш ва яхши футболчига истаган баҳосини қўйиш имкони бор. Шунинг учун ҳам у 17 ёшли Рунини пайқаб, ўзи жамоага қўшиб олаверади ва буни ҳеч кимдан сўрамайди. Эркин агентга айланган Майкл Оуэнга бир қатор ҳаридорлар чиқиб турганида уни бир чашка қаҳфа ичишга таклиф қилади ва БОСС экани учун ҳам Оуэн Фергини рад қила олмайди, унга ишонади. Шунинг учун ҳам Роналду ва Бекхэмларнинг орқасидан келадиган миллионлаб пуллар кимнингдир чўнтагига эмас, «МЮ» ҳисоб рақамига ўтади. Шунинг учун ҳам «МЮ» қандайдир оила қарзини ёпиб юрсада битта темпни ушлай олади. Чунки унинг БОССи бор. «Бунёдкор»да эса аввалига Абрамович сиёсати, кейин Абрамовичдан кейинги инқироз сиёсати, ундан кейин эса Давлатов сиёсати (аслида шуниси ўрганишли мавзу, менимча ўрганилиш жараёнида унинг соғлиғи ёмонлашди ва ўз аризасига кўра ишдан кетди) амалда бўлди. «Қалдирғочлар»нинг аҳволлари тобора ёмонлашиб борсаю, қачондир айбдор мураббий бўлиб қолса, яхши шароитда ишлай олмаган мураббийга ноҳақлик бўлмайдими? Сиз САФ сиёсатини ҳам клубда синаб кўришга нима дейсиз?

Диёр Имомхўжаев

Манба: www.dior.blogi.uz
Киритилди: 08:20, 12.12.2012.
Ўқилди: 13832 марта.
Фикрлар: 55 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.