Анчадан бери, айниқса, “Арсенал”нинг кечаги мағлубиятидан кейин кўп гапирилмоқда – “Арсенал”га яққол ҳужумчи керак. Жамоа сўнгги 7 ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонди, охирги 3 ўйинда деярли 6 xg яратиб, 61 зарбадан атиги 1 гол урди. Гўёки, ечим ўртада.
Аммо мен бу фикрга қўшилмайман. “Арсенал”нинг кучи айнан олдинги чизиқдаги футболчиларнинг ҳамоҳанг ҳаракатланиши ва навбати билан хавфли вазиятларга чиқиб боришидир. Айнан мана шу фактор “Арсенал” рақибларига қийинчилик туғдиради, жамоага устунлик беради.
Ўтган мавсумда “Арсенал”да биратўла 4 футболчи (Эдегор, Мартинелли, Сака, Жезус) ҳам гол, ҳам ассист бўйича 10+ кўрсаткич қайд этган, ўзига хос рекорд. Ҳозир мавсумнинг ярмига келиб, бу тўрт футболчи жами 12 та гол урган холос. Мана шу муаммолар бошланган охирги 7 ўйинда бу тўртлик жами 3 гол урди холос.
Назаримда, Артетанинг муаммолари бирор бир типдаги яққол ҳужумчининг таркибда йўқлиги эмас, ҳужумдаги етакчи футболчиларнинг формаси билан кўпроқ боғлиқ. Бу футболчилар яхши ўйнаб турганида, ўтган мавсум ёки шу мавсум бошида ҳеч қандай муаммо йўқдек эди.
Мен бу фикрлар билан “Арсенал” умуман ҳужумчи олмаслик керак демоқчи эмасман. Влахович, Тоуни билан боғлиқ хабарлар ҳам бежиз эмас. Албатта, бошқача услубда ўйнайдиган ҳужумчи зарар қилмайди. Аммо айни мана шу жамоани бир поғона кучлироқ қилмайди, шунчаки, мана шу ҳозиргидек ҳолатларда ўйинни соддалаштириш, айрим футболчиларни айрим ҳолатларда алмаштириб, баъзи ўйинларда қўшимча очколар олиб келиш учунгина керак, менимча.
Айтмоқчиманки, “Арсенал” жамоасида ҳужумчи муаммоси йўқ, унинг тизимида бошқача футбол ўйнайдиган ижрочига эҳтиёжни бўрттириб юбормаслик керак.
Албатта, яққол мисол сифатида “Манчестер Сити” ва Ҳоланд бирлашуви, жуда кўп аввалги фаразларни йўққа чиқарди, гўёки, ниҳоят Пеп ўз принципларидан воз кечиб, яққол ҳужумчи сотиб олиши билан требл қайд этди. Лекин мен бу фикрларга ҳам қўшилмайман. “Сити”нинг требли Ҳоланд билан хронологик боғлиқ холос, аслида “Манчестер Сити” ундан аввалги йилларда ҳам требл қилиши мумкин эди, ҳатто кучлироқ даврлари ҳам бўлган. Ўз навбатида, ўтган мавсумда ҳам, айтайлик, “Ливерпул”нинг зўр даврига рўпара келганида, Ҳоланд билан ҳам “Сити” Англияда чемпион бўлолмаслиги ҳам мумкин эди. Яъни футболдаги натижаларни конкрет бир факторга боғлаш кўпинча ноўрин бўлади, эътиборга олинадиган жиҳатлар жуда кўп.
Бундан ташқари, гап Ҳоланд ҳақида бормоқда. У дунёдаги энг зўр ҳужумчилардан бири, табиийки, ҳатто Пеп ҳам ўз услубини унга қараб мослаштириши ҳам табиий ҳол. Ўз фаолияти давомида Пеп жуда кўп, бир бирига ўхшамайдиган жамоалар қурганини ҳам биламиз. Артета учун эса, бугунги “Арсенал” биринчи ва ягона лойиҳаси. Асосий таркибни айни пайтдаги мавжуд муаммони ечиш орқали ўзгартириш, бу билан жамоа кучаяди деб ўйлаш, бироз рискка эга. Ундан кўра, Сака, Мартинелли ёки Жезусларнинг реализация борасида ўтган йилги режимига қайтиши ишонарлироқ ва кўпроқ асосга эга бўлган фактор бўларди, менимча.
Яна бир мисол – “Ливерпул”. Салоҳ бор экан, жамоанинг марказий ҳужумчиси кўпроқ “алдамчи” бўлиши, бироз орқароқда тўп суриши лозим бўлади. Ўз вақтида Салоҳнинг ҳам муваффақиятсиз даврлари бўлган, аммо Клопп токи, Салоҳ таркибда ва унинг ўнгланишига ишонар экан, ундан барибир асосий куч сифатида фойдаланишда давом этади. Доим Салоҳга эркинлик берилади, керак бўлганда, у учун зоналар хосил қилинади, унинг устунликларига урғу берилади. Бир омадсиз даврга келиб, бошқа тўпурар олиб келиб, Салоҳнинг позицияси чекланиши кейинчаликка Салоҳдан ҳам максимал фойдаланишга йўл бермаслигини Клопп билади.
Туони, Влахович, ҳатто Осимҳен каби ҳужумчилар ҳам, Сака – Мартинелли – Эдегорни чеклаш, жамоа ўйинини соддалаштириш учун етарли даражада эмас, тағин билмадим.
Қаҳрамон Асланов.