Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Шахмат

Баҳо:
+ | -

Менимча, ўйинни ҳамма кўрди. Шарҳга ҳожат йўқ. Ўйинга бўлган эътибор энг юқори нуқтада бўлса-да, ижро ва ўйин картинаси борасида жамоаларга юқори баҳо қўйиш қийин. Албатта, Ди Хеа ёки Роналдунинг ҳаракатлари таҳсинга лойиқ, аммо хатолар кўп бўлди, демак футболнинг ёрқин намунасидан бироз узоқ баҳсни кузатдик.

Айтайлик, ушбу жамоаларнинг ўн йил олдинги тўқнашуви ёки яқин классиколар томошанинг савияси борасида анча устунроқ кўринса керак. Лекин бу ҳиссиётлар ҳам учрашув даражасини тушириб юбора олмайди, ахир майдон четида сўнгги йилларнинг энг барқарор ва эътиборли икки мураббийи баҳслашса. Шу жиҳатдан ўйин қандайдир шахмат баҳсини эслатиб юборди.

Қуръа ташлангандаёқ, «Реал» ҳам, «МЮ» ҳам бўлажак баҳс муҳитида яшаши аниқ эди. Бунинг устига миллий чемпионатлардаги интрига ва босим у қадар эмас, ўртадаги фарқлар катталашишдан давом этмоқда. Демак, ҳар икки мураббийда бугунги ўйинга атрофлича тайёрланиб бориш имконини туғдирганди. Шу асосда бир нечта жиҳатларни тилга олса бўлади.

1) Роналду марказда. Бугун Роналду одатдагидан сал бошқача вазифа ва позицияда туп сурди. Моуриньонинг бу қарори мантиқан изоҳлаш осон. «МЮ» қанотларда икки нафардан футболчини туширадиган жуда кам сонли жамоалардан бири ҳисобланади. Топ клублар ичида ягона десак ҳам бўлади. Одатда, замонавий қанот тўлиғича ҳимоячига топширилиб қўйилади ва ярим ҳимоячилар марказга ихтисослашган бўлади. Фергюсоннинг ҳамма қатори ромбга ўтиш тажрибаси ҳали ўзини оқламаяпти, айнан шу йўналишда сотиб олинган Кагава ҳам, Клеверли ҳам қониқарли спорт формасига кира олишмаяпти. Натижада, Валенсия+Янг иштирокида, ўша эски қанотли «МЮ» ни кўраётгандик. Моуриньо Роналдуни ортиқча «дум»дан халос қилиш ниятида, марказроққа олишга уриниши табиий, «Гранада» билан ўйинда, масалан Роналду айнан марказроқда синаб кўрилганди. Бугун ҳам чап қанотда Роналдудан кўра Ўзилнинг пайдо бўлиши ёки Коентраунинг активлашиши айнан Роналдунинг марказдан хавф солиши билан боғлиқдир. Зеро «МЮ» да энг ожиз  ва изланишдаги нуқта — марказ ҳисобланади.

2) Кутилмаган ромб. Фергюсон эса ўйинга ўз ҳолича йўналиш танлади. Валенсия, охирги ўйинларда кўпроқ синалаётган Нани эмас, Уэлбек+Кагаванинг тушиши кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Мураббийларнинг ўзига хос баҳсида Фергюсон рақиб юришини олдиндан кўра билганини қайд этсак бўлади. «МЮ» таркибидаги асосий фигуралардан бири Фил Жонс бўлди. Фергюсон уни бугунги ўйинга анчадан бери тайёрлаб келаётганини пайқаш қийин эмасди. «Блекберн»да асосан марказий ҳимояда ўйнаган Жонс «МЮ» да таянч ярим ҳимоячиси сифатида синалиши янгилик эмас, лекин баъзи ўйинларда, ҳожати бўлмаса-да, Рафаэлнинг ўрнига ўнг қанотда туп сургани ростан ҳам ажабланарли эди. Жонс жисмоний кўрсаткичлар бўйича бу позицияга умуман мос эмаслиги шубҳасиз, демак Фергюсон уни қандайдир муайян вазифага шайлаётганди. Масалан, Роналдуга қарши персонал ўйнаш. Жонс кўпроқ зонани қўриқлаш билан банд бўлган бўлса-да, асосий вазифаси Роналдуга босим уюштириш экани сир эмасди.

Кагаванинг тушиши эса, хато бўлди деб ана энди хулоса қилишимиз мумкин. «Реал»нинг ўз майдонидаги босимига ҳатто «Барселона» ҳам дош бера олмайди, Кагава эса Алонсо, Рамос каби «монстр»лар ичида ўзини йўқотиб қўйди. Шунингдек, Рафаэлнинг ҳам биринчи бўлимда ҳаддан зиёд хаяжонланганини таъкидлашни истардим.

3) 1-тайм: Очиқ футбол. Биринчи тайм дуранг билан тугаган бўлса-да, ўйинга бўлган танлов нуқтаи назаридан, Моуриньо Фергюсондан устун чиқди дейишимиз мумкин. «МЮ» очиқ беллашмоқчи бўлди, «Реал» эса бундай зоналарда ўзини балиқдек хис қилади, унга етадигани дунёда йўқ. Натижада тезкор  ҳужумлар рўй бера бошлади, марказ тўлиқ «Реал» ихтиёрига ўтди. 1:1 — бу меҳмонларнинг омади, мезбонлар ҳисобни йирик кўринишга олиб келишлари ҳам мумкин эди. «Реал» шу қадар тез ҳаракатландики, «МЮ» таркибидаги баъзи футболчилар ўзини йўқотиб қўя бошладилар. Фақат ҳисобни очилишигина уларни сал бўлса-да жамланиб олишларига имкон яратди.  Айнан мана шу ерда, айтиш мумкинки, учрашудаги бу сценарийга «МЮ» футболчилари тайёр эмасдилар.  Фергюсон бу борада Моуриньога мағлуб бўлди.   

4) 2-тайм. «Реал»нинг азалий муаммоси. Испания чемпионатидан маълум, «Реал» тезкор ҳужум уюштириш бўйича Европада тенгсиз бўлса-да, позицион ҳужумда жуда қийналади. Агар рақиб юқорироқ савияда бўлса-ку, қўяверинг. Биринчи таймдаги муаммога Фергюсон жуда аниқ ташхис қўя олди: иккинчи таймда ташаббус ва тўп тўлиғича мезбонларга берилди ва «МЮ» кўпчилик бўлиб, ҳимоялана бошлади. Тўп олиб қўйилганда ҳам кўпроқ сақлаб туриш ва темпни туширишга ҳаракат қилдилар. «Реал»да муаммо пайдо бўлди, иккинчи таймда жамоа тўпга кўпроқ эгалик қилиб, кўпчилик ҳужум қилган бўлса-да, вазиятлар яратиш бобида оқсади.

Умуман олганда, дуранг ўйиннинг мантиқий якуни дейишимиз мумкин. Умумий картинада мезбонлар устун кўринган эрсаларда, танланган вазифа, уни бажариш бобида устунлик кўринмади. На «Реал», на «МЮ» бугун ғалабага ҳақли ҳисобланадиган даражада рақибни енга олмадилар.

Бу эса яхши. «Олд Траффорд»да иккинчи қисмни кўрамиз. «Реал» кейинги босқичга чиқиши учун яна гол уриши шарт энди. Жамоа сафардаги ўйинларда бу йил ишончли ўйнамаётган бўлса-да, ЕЧЛ да бундай муаммо бўлмайди. «Олд Траффорд» мезбонларининг эса ҳимояланишни ёмон кўрадилар. Эплай олмайдилар. Демак ҳужумкор, муросасиз, қизиқарли ўйин бизни кутиб турибди. Жуда оддий янграса-да, бошқа таъриф бера олмайман.

Қаҳрамон Асланов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 04:10, 14.02.2013.
Ўқилди: 4490 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.