Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Севилья»нинг даҳшатли қулаши

Баҳо:
+ | -

2019-2022 йиллар оралиғида «Севилья» охирги 65 йил ичида қаторасига 3 марта Ла Лиганинг етакчи квартетидан жой олган ва Европанинг нуфузли клублари қаторида эди.

Жамоа трансфер бозорида ақл билан иш тутиб, таркибни кучайтириш учун катта маблағ сарфлаш ўрнига, асосий эътиборни таркибдаги ўйинчилар савиясини оширишга, даромад манбаи бўлган академияга қаратарди.

Бироқ жамоани зукколик билан бошқариб турган спорт директори Рамон Мончи ўтган йил ёзида «Писхуан»даги иккинчи фаолиятини якунлаб, «Астон Вилла»га ўтиб кетди. Ундан тобора кексайиб бораётган, самарадорлиги паст ва катта иш ҳақи оладиган таркиб мерос бўлиб қолди. жамоанинг ҳозирги ҳолати янада ачинарли. Мухлислар «Севилья»нинг Сегундага тушиб кетишидан хавотирдалар.

Мавсумнинг 22-тури ҳам ўтдики, жамоа 11та ўйинда имкониятни бой бериб, атиги 3 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган ва табиийки, аутсайдерларга қўшни бўлиб келмоқда. 22-турдан кейин 17 очко жамғарган «Севилья» ҳозирда 4-энг ёмон натижа муаллифи. Олис 1967|68 йиллар мавсумида 20та ўйинда 13 очко тўплаган ва якунда элитани тарк этганди.

Жамоанинг муаммолари 2019 йилда, Мончи «Рома»даги омадсизликдан кейин қайт­ганида бошланди. У «Севилья»ни ғолибликка даъвогарлар сафига олиб чиқишни мўлжаллаганди. Бироқ мутасаддилар асосан фаолияти якунига етиб бораётган ёки бой тажрибаси билан мақтана оладиган ўйинчиларни жалб этишган интилишди.

Мончи ўзи шакллантирган жамоани тубдан ўзгартиришга киришди, «Севилья» қисқа муддатли муваффақиятга интила бошлади. Натижада Фернандо, Люк де Йонг, Иван Ракитич, Алехандро Гомес, Маркос Акунья, Томас Дилейни, Хесус Корона, Антони Марсьяль, Алекс Теллес, Иско ва Эрик Ламелалар 2019-2022 йилларда таркибдан жой олдилар. Уларнинг айримлари ўйинни кучайтирдилар. Лекин ўша харидларнинг кўпчилигини ўринсиз ёки омадсиз дейиш мумкин.

Эҳтимол, Хулен Лопетегининг юксак малакаси у яратган ишончли ҳимоя чизиғи туфайли «Севилья» асли ҳолидан кўра савиялироқ кўрингандир. Дарҳақиқат, 2020|21 йиллар мавсумида жамоа қаддини тиклаб олди, кейин «Реал» учун асосий рақобатчи мақомига кўтарилди. Жюль Кунде - Диего Карлос жуфтлиги Европанинг энг яхши марказий ҳимоячилари сафидан жой олишди. Шунингдек, дарвозабон Ёсин Буну ишонч­ли ҳаракат қилганди.

2019 йил августидан 2022 йил июнига қадар топ-лигалар бешлигида 32та жамоа «Севилья»дан кўпроқ гол урганди. Бундан ташқари, ўша 3 йил ичида фақат «Реал» (84), «ПСЖ» (88), «Манчестер Сити» (93) ва «Атлетико» (95) «Севилья»га нисбатан (97) камроқ тўп ўтказиб юборишган. Ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлаш борасида Лопетеги жамоаси (51) фақат «Манчестер Сити» ва «Реал»дан ортда қолганди.

Бироқ қачондир Кунде ва Карлос жамоани тарк этишса, уларнинг ўрнини тўлдириш осон бўлмаслиги аввалдан маълум эди. Дарҳақиқат, 2022 йил ёзида ишончли жуфтликдан жудо бўлган жамоада парчаланиш бошланди. Ҳимоя чизиғидаги заифликни ҳужумкорлик салоҳиятини ошириш билан қоплаш режаси самара бермади. «Севилья»га ижара шартномаси асосида келган Каспер Дольберг бирорта гол ура олмагач, 2022 йил декабрида келишув бекор қилинди. Иско эса Мончи билан келиша олмай, декабрда жамоани тарк этди. ўша йилнинг ёзида келган Аднан Янузай ҳанузгача бирорта гол ура олгани йўқ. Миш-мишларга кўра, клуб у учун бошқа вариантларни изламоқда, лекин ҳозирча бир тўхтамга кела олади.

Жамоадаги қайта қуриш жараёни 2022|23 йиллар мавсумининг аянчли старти билан ниҳоясига етди. Дастлабки 10 учрашувдаги ягона ғалаба Лопетегининг истеъфоси билан интиҳо топди. Унинг ўрнини эгаллаган Хорхе Сампаоли ҳам вазиятни ўзгартира олмади. Унинг инжиқ феъл-атвори ва тактик ғояларига ўйинчилар кўника олмадилар. Янги бош мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилган 2023 йилнинг мартида «Севилья»ни аутсайдерлар гуруҳидан атиги 2 очко ажратиб турарди. Сампаоли ўрнига шошилинч суратда олиб келиган Хосе Луис Мендилибар жамоани элитада сақлаб қолишдан ташқари, ЕЛда шоҳсупага олиб чиқиш билан чинакам мўъжизани намойиш этди.

Лекин 2023 йил сентябрида жамоа мўъжиза муаллифи билан хайрлашди. Сабаби - Мендилибар шогирдлари янги мавсумдаги дастлабки 11 учрашувда атиги 2 марта ўз мухлисларини ғалаба билан хушнуд этишганди. Октябрь ойида бош мураббий лавозимига Диего Алонсонинг тайинланиши ажабтовур қарор бўлди. Клуб миқёсидаги сўнгги фаолиятида «Интер Майами» яхши таассурот қолдира олмаган Алонсо Қатар мундиалида Уругвайни гуруҳдан олиб чиқа олмади. Айни ўша паллада «Севилья»нинг директорлар кенгаши ва «Лидс»дан таклиф этилган янги спорт директори Виктор Орта мураббий масаласида низо юзага келди.

Клуб президенти Хосе Каст­ро ва вице-президент Хосе Мария дель Нидо Карраско ҳам Алонсони шубҳаланиб қабул қилишди. Тез орада хавотир бежиз эмаслиги аён бўлди. Диего Алонсо Ла Лига доирасида бирорта ғалабага эриша олмади. У ўзининг даст­лабки 8та ўйинида ғалаба қозона олмаган иккинчи бош мураббий сифатида клуб тарихидан жой олди. Шунингдек, Ла Лига тарихида дастлабки 4 беллашувда дуранг билан кифояланган иккинчи мураббий бўлди.

Навбатдаги мураббийлик танлови узоққа чўзилмади - Диего Алонсо ўрнини Кике Санчес Флорес эгаллади. Имконияти чекланиб қолган жамоа таваккал қилишга мажбур бўлди. Ҳар ҳолда, янги мураббий Испанияда ишлаш тажрибасига эга эди. Хуллас, унчалик ёқимли бўлмаган саёҳат билан шу кунларга етиб келдик. Ҳозир «Севилья» турнир жадвалида қуйи дивизионга номзод жамоалар сафида бормоқда. Ҳатто ўта оптимистик руҳдаги мухлислар ҳам жамоа фақат элитадан тушиб кетмаслик, 24 йил аввалги шармандалик такрорланмаслиги умидида тўп сураётганлигини тушуниб туришган. Ла Лига вакиллари орасида 2022|23 йиллар мавсумидан шу пайтгача фақат «Альмерия» (47), «Кадис» (58) ва «Сельта» (60) жамоалари «Севилья»га (66) нисбатан камроқ очко жамғаришган. Жорий мавсумда жамоа яна асосий эътиборни ёш иқтидорларга қаратмоқда. Бу жамоанинг онгли равишдаги танлови эмас, балки вазият тақозоси. Ҳозир «Севилья» қандайдир чора,тадбирлар учун молиявий қудратини сақлаб қолиш мақсадида тажрибали ўйинчиларни сотиб юборишга мажбур бўлмоқда. Эҳтимол, жамоа шу йўл билан мавжуд камчиликларни бартараф этиб, испан футболининг чўққиси томон интилиш ниятидадир. Бироқ ҳозирги вазиятни инобатга олганда, «Севилья»нинг асл ҳолига қайтиши пастга шўнғиш тезлигидан анча паст бўлиши, яъни, тикланиш даври бир неча йилларга чўзиладигандек туюлмоқда.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 21:34, 06.02.2024.
Ўқилди: 1609 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.