Ўйинолди матбуот анжуманида иштирок этиш учун “Бунёдкор” вакиллари журналистлар қаршисига кириб келишганида “Санфречче Хиросима” клуби устози ва срдори ҳали анжуманлар залини тарк этиб улгуришмаганди. Шу боисдан ҳам иккала жамоа аъзолари ўйинолдидан қўл беришиб, эсдалик учун суратга тушишди.
Матбуот анжуманида Миржалол Қосимов билан жамоа етакчиси Лутфулла Тўраев иштирок этди.
- Барчани Чемпионлар лигаси старти билан табриклайман. Рақибимиз куни кеча суперкубок баҳсида ғалаба қозонди ва ОЧЛ олдидан яхши кайфиятга эга бўлди. Умаман олганда “Санфречче Хиросима” клубини кучли жамоа деган бўлардим. Бироқ биз ҳам яхши ҳолатдамиз. Эртага ғалаба қозониш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз, - дейди Миржалол Қосимов.
- Жамоангиз Туркияда тайёргарлик кўрди. Японияга у ердан тўғри етиб келдингларми?
- Дарҳақиқат, биз Туркияда йиғин ташкил этдик. Бироқ Японияга келиш олдидан ярим кун Тошкентда бўлдик.
- Февраль ойи йиғинларидаги ўртоқлик учрашувларида Акмал Шораҳмедов ва Александр Пишурни нега алмаштирдингиз?
- Назорат учрашувларини алмаштиришсиз ўтказиб бўлмайди. Шораҳмедов кичик жароҳат олгани боис Японияга келмади. Пишур эса баҳсга хозирлик кўрмоқда.
- Украиналик ҳужумчингиз жудаям бўйдор. Ундан нималар кутяпсиз?
- У илгари Европа клублари шарафини ҳимоя қилган ва кўплаб голлар урган. Ўйлайманки, у жамоамизга ҳам фойда келтиради.
- “Санфречче Хиросима” ўйинларини ҳам кузатиб бордингизми? Рақиб ҳақида нималар дея оласиз?
- “Санфречче Хиросима”-кучли футболчилардан ташкил топган ва шаклланган жамоа. Бироқ ҳар бир жамоанинг ўзига яраша кучли ва кучсиз томонлари бор. Биз рақибни кемтик нуқталаридан учрашув давомида фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
- Эртага Сизни дуранг ҳам қониқтирадими ёки фақат ғалаба қозонишни истайсизми?
- Бу мавсумдаги илк расмий ўйинимиз. Айнан шу баҳсга жуда пухта хозирлик кўрдик. Шундай экан тўлиқ уч очкони ўзимиз билан олиб кетишга ҳаракат қиламиз. Лекин кучли рақиб майдонидан дуранг билан қайтиш ҳам ёмон натижа эмас.
-Рақибнинг қайси ўйинчисидан чўчияпсиз?
- Аввало жамоа сардори Сатони кучли футболчи деган бўлардим. Шунингдек “Санфречче”нинг қанот ярим ҳимоячиларининг маҳорати ҳам юқори.
- 1994 йили Сиз бу ерда Осиё ўйинлари ғолиби бўлгансиз. Ўшанда Хиросимага футболчи сифатида келган бўлсангиз, бу сафар мураббий бўлиб ташриф буюрдингииз. Ўтган 19 йил мобайнида қандай ўзгаришлар юз берди?
- Хиросимага яна қайта келганимдан ва айнан бизга омад келтирган стадионда бўлиб турганимдан жудаям хурсандман. Ўйлайманки, эртагаям бу стадион бизга ёқимли анъаналарни давом эттиришга сабабчи бўлади. Илгари фақат ўзимга жавоб берардим. Ҳозир эса бутун бошли жамоа ҳақида ўйлайман. Ҳар сафар Японияга яхши кайфият билан ташриф буюраман, бу ернинг об-ҳавоси доимо инсонни ўзига жалб этади. Бироқ вақтнинг камлиги доимо сафаримни қисқа ўтишига сабабчи бўлган. Агарда имконият бўлганида бу ерда сумо мусобақасини томоша қилган бўлардим.