Кеча хабар бериб ўтганимиздек, бугун тонги соат 6:55да Тошкент-Рим йўналиши билан «Бунёдкор» ҳамда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг иқтидорли ҳужумчиси Забиҳилло Ўринбоев ўз агенти Санъат Шарипов билан Италия томон йўлга чиқиб, деярли етти соатли парвоздан сўнг Апеннин ярим оролига етиб боришди. Улар кейин Римдан Неаполь шаҳрига бориб, футболчини кутаётган «Наполи» клуби базасига йўл олдилар. Забиҳилло «Наполи» ёшлар жамоасида мартнинг дастлабки ўн кунлигида кўрикда бўлади.
— Биз ушбу футболчи ҳақида эшитганимизга бир йилдан ортди. Бу борада биз футболчининг агенти Санъат Шарипов билан музокаралар олиб бордик, — дейди «Наполи» селекция хизмати менежери Франческо Баррези. — Бизнинг скаутларимиз аввал ўйинчининг агенти бизга тақдим этган видео ва бошқа материалларни ўрганиб чиқишди. Биласизми скаутлар хулосаси қанақа бўлди? Ўринбоевда жуда кучли футболчи бўлиб етишиш учун керакли бўлган кўпгина сифатлар бор. Бўйи узун, шу боис иккинчи қаватда устунлик қила олади. Тўпни корпуси эвазига ўзида яхши сақлайди. Энг асосийси, бундай сифатларга эга футболчи ҳужум вақтида рақиб жарима майдончаси олдида тўпни олгач, у катта гавдаси ва корпуси ҳисобига тўп илинжида бўлган қарши жамоа футболчиларини тўпга яқинлаштирмай, ҳужумни рақиблар учун ҳар томонлама – ўнгдан, чапдан ёки марказдан бемалол давом эттириш хислатига эга. Кўрамиз, ҳаммасини Туркияда ёзда бўладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати кўрсатади. Биз эса Забиҳилло ортидан кузатувларимизни давом этамиз.
— Мен Забиҳилло учун ғоятда хурсандман, — деб ўз фикрларини изҳор қилмоқда унинг агенти Санъат Шарипов. — Бундай кучли клубларга бирор бир футболчини олиб боришнинг остида изчил меҳнатлар ётади. Буни барча яхши англаса керак. Мана, сўнгги йилларда ўзбек футболининг муваффақиятлари давомий тус олмоқда. Бундан биз тўғри фойдаланишимиз лозим. Иқтидорли йигитларимизни ўз вақтида реклама қилиб, уларни имкон қадар Европанинг кучли клубларига юборишимиз лозим. Шунда келажакда миллий терма жамоамизнинг ютуқлари янада улкан бўлади. Мен фақат Ўринбоев билан чекланиб қолмоқчи эмасман. Мен ўз олдимга жиддий ва қатъий режалар қўйганман. Яқин орадаги режаларимдан бири, ёш истеъдодли футболчиларимиздан яна бир-иккитасини Туркиянинг «Галатасарой» ва «Фенербахче» жамоаларига юбориш.
Мухлисларга бевосита Забиҳилло Ўринбоевнинг ҳам фикрлари қизиқ бўлиши турган гап:
— Менинг 2013 йилдаги ўзига яраша мақсадларим бор. «Бунёдкор»нинг ёшлар жамоаси сафидаги ишончли ва сермаҳсул ўйинларим орқали бош мураббийимиз Миржалол Қосимов эътиборини қозониш ва асосий таркибдан ўрин олиш. Ва албатта Туркиядаги ёшлар жаҳон чемпионатида чиройли ўйинлар кўрсатиб, жамоамиз ғалабаларига катта ҳисса қўшиш. «Наполи»нинг чорлови мени ўз устимда янада ишлашга ундайди. Умид қиламанки, бу воқеа фаолиятимда менга катта туртки бўлади.