Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Пэлас» бағрида ҳам «ўзга сайёралик» бор...

Баҳо:
+ | -

«Челси» ёш иқтидорлар истиқболини тўғри баҳолай олмаслик одати билан ҳам танилган.

Ёрқин мисоллар: «аристократлар» вақтида Муҳаммад Салоҳ ва Кевин де Брюйнедек бугунги мегаюлдузларни «ношуд»га чиқаришган, Деклан Райсни эса академияданоқ «бадарға» қилишган. Бугунги қаҳрамонимиз Майкл Олисени ҳам «Челси» томонидан қадрланмаган истеъдодлар қаторига қўшиш мумкин. Тўғри, ҳозирги «Кристал Пэлас» етакчиларидан бири Салоҳ ва де Брюйнедан фарқли ўлароқ, нисбатан сокин фаолияти билан секин-аста эътибор марказига тушди.

*** 

«Кристал Пэлас» хавбеки 9-14 ёш оралиғида айнан «Челси» академиясида таҳсил олади. Уни Лондон клубига «кўклар» тизимида хусусий футбол мактабини очган собиқ скаут олиб келганди. Майкл кейинчалик Кобхэмдан кетади ва ярим йилча ўзига янги жамоа қидиради. Бу орада чамаси 2 ҳафта «Манчестер Сити» тизимида шуғулланади. Ниҳоят, у 2023 йилнинг ёзида «Челси» соҳиби Тодд Боули назарига тушди. Умуман, Олисе футбол оламига оддийгина эълон бўйича бош суққан. Газета орқали уйлари яқинида спорт мактаби очилганидан хабар топган Олиселар оиласи Майклга шунчаки, болалик эрмаги топиб беришни ўйлаган экан. Амалда эса бу эрмак профессионал касбга айланди. «Олисенинг «ўзга сайёралик» эканлиги дастлабки машғулотлардаёқ тасдиқланган эди. Йигитча керакли паллада юқори тезлигини ишга солиб, рақибларини енгилгина ортда қолдирарди», - дейди франциялик футболчининг илк устози ва адаши Майкл Ричардс. Мураббий шунинг баробарида шогирди бошидан жамоа учун тўп суришни биринчи ўринга қўйганини алоҳида таъкидлайди. Айтганча, Олисе болалар тоифасида Букайо Сака билан рақобатлашган. Ҳа, ўшанда «Арсенал»­нинг бўлажак юлдузи қўшни футбол мактабида таҳсил оларди. 

Ёшлар ўртасидаги мусобақаларни кузатганлар орасида бўлган «КПР» скаути Шон Конлон ўз тенгдошларидан яққол ажралиб турган Олисега юксак баҳо беради: «Майкл билан илк марта танишганимда, у футболга жиддий қарамаётган болакайдек таассурот қолдирганди. Лекин шиддат, тезлик ва маҳорат бобида туғма қобилияти шундоқ кўзга ташланиб турарди». Шон билан параллель равишда «Арсенал» вакиллари ҳам ёш иқтидорга қизиқиб қолишади. Бироқ Конлон уни ўзининг аввалги иш жойи, яъни «Челси» клуби мутахассисларига тавсия этади. Охир-оқибат, 9 ёшли болакай «кўклар» тизимидаги ўсмирлар жамоаси сафига қўшилади. Тўғри, Олисенинг «Челси»даги даври хусусида тўлиқ маълумот йўқ. Ягона факт - у 14 ёшида клубдан кетади. Конлоннинг таъкидлашича, ўшанда томонлар келишолмай қолишганди. Бошқа манбаларда эса, клуб раҳбарияти шунчаки, Олисе истиқболига ишонмай, ҳамкорликка чек қўйгани зикр этилган. Шон бу масалада оддий хулосага эга: «Нима бўлишидан қатъий назар, «Челси» тизимидаги давр Олисенинг ўзи учун беиз кетмади. Энг асосийси, Майкл керакли пойдевор ҳозирлади, мураббийлар сабоғи билан профессионалларга хос ишлашни ўрганди. Майкл шу тариқа футбол ва одатий ҳаёт ўртасида уй­ғунлик ўрнатди».

*** 

Олисе «Челси»дан кетгач, маълум муддат «Манчестер Сити» академиясида шуғулланди. Конлоннинг айтишича, Майклда футболчилик сифатлари айнан Манчестердаги қисқа вақтда шаклланган. Биринчидан, у «шаҳарликлар» даргоҳида кимсан Хосеп Гвардиола назарига тушади. Иккинчидан, кўча футболига хос ижобий хислатларини тўлиқлигича сақлаб қолади. Кейинчалик ярим йилча муносиб жамоа тополмаган ёш футболчига яна Конлон ёрдам қўлини чўзади. У бу сафар Майклни ўзининг хусусий футбол мактабига чорлайди. Асосийси, бу тадбир яхши самара беради. «Олисега шунчаки, амалиёт олиш имкониятини яратдик. Асосан ярим профессионаллар жамоалари билан мураккаб ва тажовузкор 7х7 тизимида куч синашардик. Майкл эса деярли барча учрашувларда энг яхши футболчилардан бири бўларди», - дея эслайди Конлон ўзгача ғурур билан. Кўпни кўрган скаут Майклни бир қатор касбдошларига тавсия этишни ҳам унутмайди. Улар эса йигитчага шубҳа билан қарайдилар. Бинобарин, Олисе ёшига нисбатан анча бақувват эди ва каттароқ кўринарди. Қолаверса, «Челси»нинг ёш хавбекдан воз кечгани ҳам мураббийларни иккилантиргани тайин. Конлон ҳаваскорларга қарши ўйинларда Олисенинг ҳаракатини видеотасмага тушириб юрарди ва йигитча охир-оқибат, «Рединг» скаутларига маъқул тушади. Шоннинг хулосаси бўйича бу борада Майклга омад кулиб боққанди: «Бошида камтаринроқ жамоа шарафини ҳимоя қилиш футболчини фидойилик ва меҳнатсеварликка чорлайди». Олисе янги жамоада чиндан ҳам, барчани ўзига мафтун этади. Дейлик, у «Рединг»дан кетгач, жамоа футболчилари ҳам, мураббийлар ҳам ўз интервьюларида ортидан асосан мақтовлар айтишади. «Майкл илк дақиқалардан юксак салоҳиятини намойиш этишга тушарди. Айниқса, тўпни жуда нафислик билан олиб юрарди. Яна бир томони, аксарият футболчилардан фарқли равишда, тўпни очиқ ҳудуд эмас, балки рақиблар қуршовида қабул қилишни хуш кўрарди» - бу «Рединг» ҳимоячиси Том Макинтайр эътирофи. Жамоанинг яна бир вакили - Майкл Моррисон эса ўша вақтдаёқ адаши АПЛга мос эканлигини айтганди: «Олисе савия бўйича АПЛ талабларига тўла жавоб беради. Зеро, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам хотиржам ўйнайди, узатмаларни вақтида амалга оширади. Дейлик, жамоамиз 2:0 ҳисобида олдинда бораётган паллада ҳам фаолликни асло пасайтирмайди, тўпни имкон қадар тез эгаллаб, дриблинг қобилиятини намойиш этишни ёқтиради».

*** 

Мураббийлар Майкл Олиседаги худбинлик иллатини уни ёшлар жамоасида ҳимоя чизиғига боғлаб қўйган ҳолда бартараф этишади. Лекин «Рединг»да уни бошқа бир ёмон хислат - тундликдан халос эта олишмайди. «Олисени шахс сифатида тушуниш жуда қийин. Баъзан жамоадошлари билан қўл учида сўрашиши ёки уларни назар-писанд қилмай, жимгина ўтиб кетиши мумкин. Мулоқот чоғи эса кўнглини очмайди. Олисе шу оғир табиати билан ёшлар жамоаси мураббийларини бездирганди», - дейди Том Макинтайр. Шунингдек, футболчи ғалаба голини нишонламаслиги ёки мураббий ортидан бақириб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. «Рединг»да бу каби «жумбоқ»ларга ечим тополмайдилар. Иккинчи томондан, Олисе ўта вазмин табиати билан ҳам ажралиб туради. Мисол учун, Англия кубогидан ўрин олган «Миллуолл»га қарши баҳсда рақиб жамоа мухлисларидан бири Майклга бутилка улоқтиради. Футболчи шунда ҳорғин ҳолатда безори томон ўгириладию, лом-мим демайди, бутилкани эса шу ўйинда урган голи ва қайд этган ассистидан эсдалик сифатида ўзида олиб қолади. 

*** 

Муҳими, Олисенинг мураккаб феъл-атвори иқтидорига салбий таъсир этмади. Майкл АПЛдаги икки мавсумда 11та ассист расмийлаштиргач, «Челси» ўтган йилнинг ёзида хавбекни ортга қайтариш ҳаракатига тушди. Маълумотларга қараганда, «аристократлар» Олисе шартномасида кўрсатилганидан ҳам кўпроқ товон пули тўлашга рози бўлишган, аммо келишув амалга ошмади, барибир. Қисқаси, Олисе якунда «Кристал Пэлас» билан шартномаси муддатини узайтирди. У айнан «Пэлас»даги ўйинлари билан янада савиялироқ клублар эътиборини қозониш ниятида. Майклни бу қарордан ҳозир «Челси» академиясида таҳсил олаётган укаси Ричард ҳам, уни «Сити» ўсмирлар жамоасига олиб борган Жо Шилдс ҳам қайтара олишмади. Умуман, қаҳрамонимизнинг асл мақсади фақат ўзига аён. Якунда Олисе билан «Рединг»да бирга ўйнаган Майкл Моррисон сўзларидан яна бир иқтибос келтирамиз: «Олисе учун идеал роль - Вильфрид Заха». Торта олармикан? Эҳтимол, Олисе ҳали бирор топ-клубга ҳам йўл олар...

 МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 11:29, 05.03.2024.
Ўқилди: 1246 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.