Бугун “Аш-Шабоб” стадиони матбуот анжумани залида “Аш-Шабоб” ва “Пахтакор” ўйинидан олдинги матбуот анжумани ўтказилди. Унда “Пахтакор”дан бош мураббий Мурод Исмоилов ва ярим ҳимоячи Дилшод Шарофетдинов журналистлар саволларига жавоб қайтаришди. Мезбонлардан Маркос Пакетага унинг ҳамюрти Луис Энрике ҳамроҳлик қилди.
М.Исмоилов: — Биз кеча Дубайга етиб келдик ва биринчи машғулотимизни ўтказдик. Биз билан келган футболчиларнинг барчаси ўйинда иштирок этишга шай. Чемпионлар лигасида осон ўйинлар бўлмайди. Вазифамиз ёш футболчилар билан чиройли ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониш.
— “Аш-Шабоб”ни ўрганиш жараёни қандай кечди?
— Биз бу жамоани яхши ўргандик. Бир неча учрашувларини кўриб чиқдик. “Аш-Шабоб” яхши шаклланган жамоа. Таркибда юқори савияда ўйнайдиган бир қатор футболчилар бор. Ўзбекистонлик Азиз Ҳайдаровни улардан бири сифатида кўрсатишим мумкин. Шунингдек, уч нафар бразилиялик ўйинчи етакчилар қаторида эканлигини биламан. Эртага бизни жуда муҳим ўйин кутиб турибди. Шу билан бирга у осон кечмайди.
— Азиз Ҳайдаров жамоангизга қарши кўп марта Ўзбекистонда майдонга тушган. Уни қандай биласиз ва у “Пахтакор” ҳақида етарли маълумотга эгами?
— Ҳа, Азиз Ўзбекистон чемпионатида жамоамиз билан бир неча марта тўқнаш келган. Лекин у икки йилдан буён БАА чемпионатида тўп тепмоқда. Бизнинг таркибимизда эса шу вақт орасида кўплаб ўзгаришлар юзага келди, асосан ёш футболчилар жамоа ўзагини ташкил этишмоқда. Шу сабабли унинг жуда кўп маълумотга эгалиги унчалик тўғри бўлмаса керак. Лекин биз Азизни яхши биламиз. У юқори савияда ўйнай олади ва “Шабаб”да етакчилардан бирига айланган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ҳайдаров майдонга тушган пайтида 100 фоиз кучини рақибни енгиш учун сарфлайди.
Д.Шарофетдинов: — Ушбу мусобақадаги ҳар бир ўйин жуда қийин кечади. “Аш-Шабоб” БААнинг кучли жамоаларидан бири. Биз эса чиройли футбол намойиш қилиб, мухлисларимизни ғалаба билан хурсанд этишга ҳаракат қиламиз.
— “Пахтакор” аввалги йилларда гуруҳдан чиқа олмади. Бунга нима сабаб бўлди?
— Чунки таркибимизда ўзгаришлар содир бўлди. Ёш ўйинчиларга эътибор қаратилди. Уларга тажриба зарур эди. Ўтган йил билан солиштирсак, бу йил ўзгаришлар кам. Энди биз яхшироқ натижаларга умид қилишимиз мумкин.
— Тажриба кўп нарсани ҳал қилади деб ўйлайсизми?
— Албатта. Бундай миқёсдаги учрашувларда тажриба катта аҳамиятга эга. Айнан унинг ёрдамида қийин паллаларда ўйинни зарур йўналишда ўзгартириб юбориш имконияти бўлади.