Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Мураббийлар: Муросасиз Рақобатлар қиссаси

Баҳо:
+ | -

«Ҳаётимдаги энг яхши рақиб» - «Ливерпуль» - «Манчестер Сити» учрашуви арафасида Хосеп Гвардиола Юрген Клоппга айнан шундай баҳо берганди.

Германиялик мураббийнинг «Энфилд»даги 9 йиллик сермазмун фаолиятидан кейин мусобақага ўзгача шукуҳ бағишлаган бетакрор қарама-қаршилик АПЛ дурдоналари рўйхатидан жой олади. Биз эса эътиборингизга аввалги унутилмас тортишувларни ҳавола этамиз.

Хосеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо

Бир пайтлар «Барселона»да ҳамкорлик қилган мутахассислар мураббий мақомида принципиал рақибларга айланишди. Илк бор улар «Интер» ва «Барса»нинг ЕЧЛдаги тарихий ярим финал баҳсида ўзаро куч синашган эдилар. Янада муросасиз қарама-қаршилик Моу «Реал» бош мураббийи бўлганида рўй берди. 2011 йилдаги «Класико»да ҳиссиётга берилган португалиялик мураббий Гвардиола ёрдамчисининг кўзига зарба берганди.

2016 йилда Хосеп «Манчестер Сити»га, Жозе эса «МЮ»га келгач, рақобатнинг аланга олиши кутилганди. Бироқ Манчестер дербиси кескинликни йўқотмаган бўлсада, қизғинлик кучайиб кетмади. Ўзаро баҳсда «МЮ» ғолибликка интилаётган «Сити»ни «Иттиҳод»да 3:2 ҳисобида енгиб, чемпионликдан маҳрум этган бўлсада, бу ўта камёб ғалаба эди.

Жозе Моуриньо ва Антонио Конте

Феъл-атвори ва тактик услуби бир-бирига яқин бўлган мутахассислар ўртасидаги зиддият 2016 йилда, Контенинг «Челси»си Моунинг «МЮ»сини 4:0 ҳисобида маҳв этганидан кейин бошланди. Аламзада португалиялик рақибини ғалабани нишонлаш чоғида манкунианларни камситганликда айблади. Кейин Конте 2017 йилда АПЛда ғолиб чиққач, унинг жамоаси «Моуриньо мавсуми»ни ўтказишини  истамаслигини баён этиш билан португалияликнинг 2015 йилдаги омадсизлигига шама қилди. Бунга чидамаган Моу Конте туфайли сочларидан жудо бўлишни истамаслигини айтди. Яъни, Антонио соч ўстириш муолажасини олганлигини ошкор этди. Қўшимчасига, Контени Италиядаги келишилган ўйинларга алоқадорликда айблади ва эвазига «митти одамча» лақабини олди.

Рафаэль Бенитес ва Алекс Фергюсон

Бу икки мутахассис камдан-кам ҳолларда ҳамфикр бўлишарди. Бир-бирини ёқтирмаслик 2008/2009 йилллар мавсумида, «Ливерпуль» чемпионлик учун «МЮ» билан жиддий рақобатлашганда юзага чиқди. Ўшанда Рафанинг Фергюсон ҳакамлар билан жуда кўп тортишиши ва уларнинг қарорларига таъсир этишга уриниши ҳақидаги баёноти унутилмас матбуот анжуманига сабаб бўлганди. Якунда «МЮ» чемпионлик пойгасида ғолиб чиқди.

Жозе Моуриньо ва Рафаэль Бенитес

Таниқли мураббийларнинг даҳанаки жангига «Ливерпуль» ва «Челси»нинг ЕЧЛ ярим финали сабаб бўлди. Ўшанда Моу ён чизиқ ҳакамининг қарорига қўшилмаган ва «кўклар»нинг мағлубиятини тан олмаганди. Кейинчалик АПЛ ва ЕЧЛда қарама-қаршилик шахсий зиддиятга айланди. «Агар бу хоним кўпроқ эрининг парҳези хусусида ўйлаганида, мен ҳақда вайсашга вақти бўлмасди» деганди Моу у ҳақда гапирган Рафанинг хотини хусусида.

Жозе Моуриньо ва Арсен Венгер

Венгер «Арсенал»ни 2004 йилдаги мағлубиятсиз мавсумда шоҳсупага олиб чиққанди. Бироқ тез орада унинг совринига ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган даъвогар пайдо бўлди. Эшли Коул «тўпчилар»дан воз кечиб, «Челси»га ўтганида, Венгер «кўклар»ни ҳар қандай футболчини ўзига оғдириб олиш одатини танқид қилди. Моу эса «Челси»даги иккинчи даврида ҳам Венгерга «тош» отишни тўхтатмади. 

Юрген Клопп ва Хосеп Гвардиола

Мавсум якунида Клопп «Ливерпул»ни тарк этишини эшитган Гвардиола тез орада хотиржам ухлайдиган кунлар келишини айтганди. Чунки у ўзининг эски рақибига қарши ўйин арафасида ухлай олмас экан. Статистика буни тасдиқлайди: ўзаро қарама-қаршиликларда Юрген Хосепни енгган ягона ғолиб - 12га 11. Лекин совринлар бобида устунлик Гвардиола томонида - 16га 8. Унинг «Сити»си икки марта совринни «Ливерпул»ни совринсиз қолдирган. Жорий мавсумдаги қарама-қаршилик ўта қизғин кетаётганди. Бироқ «Арсенал» пойгани 3 нафар суворий иштирокида бўлишини таъминлади. Лекин сўнгги турлардаги омадсизлик «қизиллар» имкониятини пасайтириб юборди. Агар АПЛ ғолиблиги айнан Клопп ва Гвардиола жамоалари ўртасида ўтганида, ажойиб иш бўларди.

Алекс Фергюсон ва Арсен Венгер

Гвардиола ва Клоппнинг шогирдлари янада сермазмун ўйинлар кўрсатиш ва кўпроқ очколар жамғаришга қодирлар. Лекин ўзаро кескинлик ва бир-бирини хуш кўрмаслик бобида бу жуфтликка тенглаша олмайди. Шотландиялик афсона франциялик касбдошини 1966 йилда Англияга келганидаёқ ёмон кўриб қолганди. Чунки ўзининг янги ғоялари билан кўпчилик ҳурматини қозонганди. 1998 йилда «Арсенал» чемпион бўлиб, «МЮ»ни тахтдан ағдарганида, сэр Алекснинг нафрати кучайиб кетди. Кейинги мавсумда манкунианлар треблга эришиш ва билан «тўпчилар»ни Англия Кубогининг такрорий ярим финалида мусобақадан чиқариб юбориш орқали ўч олдилар. Бунга жавобан лондонликлар 2002 йилда айнан «Олд Траффорд»даги ғалаба эвазига шоҳсупани забт этишди. Фергюсон билан Венгер ўртасидаги рақобат 2004 йилда, «қизил иблислар» шубҳали ғалаба эвазига «Арсенал»нинг 49 ўйинли мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйишлари билан ниҳоясига етди.

Хўжа Абдулаҳад тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 07:07, 25.05.2024.
Ўқилди: 1288 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.