Куала-Лумпурда ОФК байроғи остида ўтказиладиган бир қатор мусобақаларнинг саралаш ва финал босқичларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.
26 апрель, жума куни ОФКнинг Куала-Лумпурдаги қароргоҳида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги 2014 йилги Осиё чемпионатлари саралаш баҳсларига, шунингдек, ўсмир қизлар ўртасидаги 2013 йилги Осиё чемпионати финал босқичи ўйинларига қуръа ташлаш маросими ўтказилади.
Тошкент вақти билан 11:30да ўсмирлар (U-16) ўртасидаги 2014 йилги Осиё чемпионати саралаш босқичига қуръа ташланса, 12:30да ёшлар (U-19) ўртасидаги 2014 йилги Осиё чемпионати саралаш босқичига қуръа ташланади. Тадбирни 13:30да бошланадиган, ўсмир қизлар (U-16) ўртасидаги 2013 йилги Осиё чемпионати финал босқичи қуръаси якунлаб беради.
Маълумот ўрнида, ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш баҳсларида бош мураббий Темур Олимхўжаев қўл остидаги 1998 ва ундан кейинги йилларда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси иштирок этса, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш баҳсларида эса Алексей Евстафеев қўл остидаги 1995 ва ундан кейинги йилларда туғилган футболчилардан ташкил топган Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси иштирок этади.
2013 йилнинг сентябрь ойида Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмир қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичи ўйинлари бўлиб ўтади. Унда Гулнора Аъзамова қўл остидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Ўзбекистонлик қизлар ушбу мусобақада илк бора иштирок этаётган бўлиб, унда жами 12 терма жамоа, қитъа ғолиблигидан ташқари, 2014 йили Коста-Рикада ўтказиладиган жаҳон чемпионати баҳслари йўлланмаси учун ҳам кураш олиб боради.