Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Мавсумдаги эътиборли воқеалар

Баҳо:
+ | -

Яқинда ниҳоясига етган мавсумда инглиз футболи ихлосмандлари бир қатор қизиқарли ва ибратли воқеаларга гувоҳ бўлишди. Уларнинг айримларини сизларга етказишни лозим топдик.

1. Йил стадиони

АПЛнинг янги аъзоси бўлмиш «Лутон» бош­қа жамоалар мухлисларининг шаҳарга ва стадионга келиб кетишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, кимнингдир турар-жой биноси ва орқа ҳовлидан меҳмонлар секторига алоҳида йўл очиб қўйди. Жамоа элитада мунтазам тўп суриш учун бор куч-маҳоратини сарфлади. Лекин афсуски, у яратган қулайликлардан яна Чемпионшип жамоаларининг ишқибозлари фойдаланадиган бўлишди. Ҳа, айтганча, статистика маълумотларига биноан, маҳаллий жамоанинг элитада тўп сураётгани нотинч шаҳарга ижобий таъсир кўрсатди - Лутондаги жиноятчилик сезиларли даражада пасайди.

2. Йил қутқаруви

Йўқ, бу ҳикоя дарвозабонларнинг сэйвлари ёки жон сақлаш учун аёвсиз кураш ҳақида эмас. Декабрь ойида бўлиб ўтган «Борнмут» - «Лутон» учрашуви «шляпадўзлар» сардори Том Локьернинг юраги уришдан тўхтаб қолиши оқибатида тўхтаб қолганди. «Борнмут» шифокорлари тез тиббий ёрдамни кўрсатгунларига қадар футболчи 2,5 дақиқа нафас олмади.

Орадан 3 ой ўтгач, такрорий ўйин арафасида Том ва шифокорлар майдонга тушдилар. Ҳаётини сақлаб қолишгани учун футболчи уларга миннатдорчилик билдирди. «Борнмут» эса ўйин програмкаси муқовасини Томнинг сурати билан безатди - бегона жамоа ўйинчиси учун мислсиз ҳолат.

3. Йил сахийлиги ва йил камбэки

Аввалги воқеанинг давоми. Лутонликларга Борнмутдаги такрорий учрашувга келишни истаган мухлислар етишмаётганлигидан хабардор бўлган маҳаллий ишқибозлар маблағ тўплашга киришдилар. Улар 4та автобусни меҳмонлар учун ажратиб, кира ҳақига 1000 фунт тўплашни мўлжаллашганди. Йиғилган маблағ 2 баравар кўпроқ чиққач, ташкилотчилар ортиқча маблағни юрак хасталикларини даволаш билан шуғулланадиган муассасага ҳадя этдилар.

Мезбонларнинг саҳоватпешалиги муносиб тақдирланди: 0:3 ҳисобида имкониятни бой бераётган «Борнмут» якунда 4:3 ҳисобида зафар қучди. Бунақа буюк камбэк АПЛда 20 йилдан бери бўлмаганди! «Лутон»дагилар эса ўзгача инъомдан умидворлар - Том Локьяр яна майдонга қайтиши мумкин.

4. Йил баннери

«Брайтон» фанатлари «Рома»нинг ультрас мухлисларига Римда намойиш этишган марҳума қиролича Елизаветага бағишланган ҳақоратомуз баннерлари учун муносиб жавоб қайтаришди. Инглизлар кинояси даҳшатли чиқди: «Тотти пиццадаги ананасларни яхши кўради».

5. Йил парвози

Бу борада 2 поғона юқорига кўтарилган Райан Рейнальдснинг «Рексхэм» жамоаси ғолиб бўлиши мумкин эди. Бироқ бунинг учун мутасаддилар ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфлашди. «Ипсвич» эса 2 йил ичида Лига 1дан АПЛга Чемпионшипдаги аутсайдернинг бюджетига тенг маблағ билан парвоз қилди. Фантастик парвознинг ижодкори - илк бор бош мураббий курсисини банд этган, фақат Моуриньо ва Сульшерга ёрдамчи вазифасида ишлаган 37 ёшли Киран Маккенна.

«Ипсвич»да муваффақият қозонган мураббийлар кейинчалик Англия терма жамоасига ўтишганини инобатга олсак, сочлари барвақт оқарган Гарет Саутгейт («МЮ»даги 1 йил 3 йилга тенг) ўрнида шимолий ирландиялик мутахассисни кўрсак, ажабланмаймиз. 

6. Англия кубогидаги йил афсуни

Жаҳоннинг энг кўҳна турнири бу йил сеҳрли сюжетлари билан мухлисларни қувонтирди. Аввалига 6-дивизиондаги «Майдстоун» сенсацион «Испвич»ни маҳв (голлар бўйича 2:1, зарбалар бўйича 2:38) этди - бу лига жамоалари 46 йилдан бери мазкур босқичга чиқа олишмаганди.

Кейинги раундда «Майдстоун» «Ковентри»дан енгилди, у эса чорак финалнинг 97-дақиқасигача «Вулверхэмптон»га имкониятни бой бериб, кейин 2та гол урди. Ярим финал баҳси янада қизиқарли ўтди. «МЮ»дан 3та гол қабул қилган «Ковентри» 25 дақиқа ичида мувозанатни тиклади, 120-дақиқада урган голи инобатга олинмади, пенальтилар серияси эвазига «МЮ» финалга чиқди ва фаворит мақомидаги «Сити»дан Кубокни юлиб олди.

7. Йил мураббийи

Саратон хасталигига чалинган Свен-Йоран Эриксен доимо «Ливерпуль» мухлиси бўлгани, мураббий курсисида ўтиришни орзу қилганини айтганди. Умри якунига яқинлашиб қолган мураббий орзусини рўёбга чиқаришни кўзлаган клуб уни «Аякс» фахрийларига қарши ўйинга таклиф этди. Ўша куни натижанинг аҳамияти бўлмасада, 0:2 ҳисобида ортда қолаётган «Ливерпуль» ҳисобни 4:2га ўзгартирди ва ғамгин воқеага озгина бўлсада, қувонч бағишлади.

Ўйиндан кейин 76 ёшли швециялик мутахассис учрашув бошланиши арафасида «Раҳмат, «Ливерпуль» қўшиғини кўзларида ёш билан тинглаганини айтиб, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди. Ҳаммаси учун сенга ҳам раҳмат, Свен.

8. Йил фахрийси

2016 йилда «Лестер»нинг чемпионлигига улкан ҳисса қўшган 37 ёшли Жейми Варди энди жамоанинг элитага қайтишида муҳим роль ўйнади. Фахрий ҳужумчи 35 ўйинда 18та гол урди. Мавсум давомида нечта «Ред Булл» ичимлигини ичиб тугатганини ҳатто Opta ҳам билмайди.

Тақдирлаш маросимида ажойиб илтифот кўрсатиб, совринни ёлғиз ўзи кўтаришни истамади ва ёнига бошқа фахрийлар - Марк Олбрайтон билан Рикарду Перейрани чорлади.

9. Фахрийлар номинацияси бор жойда, ўсмирларга ҳам жой ажратиш шарт

«Арсенал» тизимида ва Данияда тўп сураётган 16 ёшли Чидо Оби-Мартин ноябрда «Ливерпул»га 10та (U-16) гол урди, кейин U-18 таркибида «Норвич»га 7та гол урди. Ҳозир унинг ҳисобида 18 ўйиндаги 32та гол бор.

Бироқ Чидонинг катталар футболида натижаси йўқ. 19 ёшли Кобби Майну эса «МЮ»да ўта муҳим голларни амалга оширмоқда. Масалан, «Ливерпул»ни чемпионлик пойгасидан жудо қилди, Англия Кубоги финалида «Сити» дарвозасига ғалаба голини урди ва учрашувнинг энг яхши ўйинчиси унвонини олди.

Болалигидан Англия терма жамоасида ўйнашни орзу қилган футболчи март ойида қўққисдан ёшлар жамоасидан бош жамоа сафига ўтганида, қувонганидан барча танишлари ва қариндошларига қўнғироқ қилди. Ўшанда Бельгияга қарши майдонга тушган 18 ёшли ярим ҳимоячи майдондаги энг яхши ўйинчиларнинг бири бўлганди. Фахрий Хендерсон Евро-2024 турнирига бормаслигини инобатга олсак, Кобби яхши имкониятга эга.

10. Йилнинг маданий воқеаси

Терма жамоа мавзусида театрга оид воқеани эсламаслик мумкин эмас. Шу ойда Лондонда Гарет Саутгейт давридаги терма жамоага бағишланган спектакль премьераси бошланди. Футболни уйига қайтариб, унинг шайдосига айланган миллатни даволашга қарор қилган қаҳрамон ҳақидаги қиссанинг мувафақияти «ВВС»ни шу мавзуда мини-сериал яратишга ундади. Сериални кутамиз, лекин асосийси - Евро-2024!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 06:00, 23.06.2024.
Ўқилди: 635 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.