Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Миша Ге: «Мақсадим — Ўзбекистон фигурали учиш мактаби шуҳратини янада юксалтириш»

Баҳо:
+ | -

Аввал хабар қилганимиздек, фигурали учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси Миша Ге Канаданинг Лондон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кучлилар сафидан ўрин эгаллаб, 2014 йил Сочи шаҳри (Россия)да ўтказиладиган навбатдаги қишки Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Тажрибали спортчимиз Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида бўлиб, матбуот хизмати ходимлари билан бўлган суҳбатда келгуси режалари билан ўртоқлашди.

— Миша, аввало дунёнинг энг йирик спорт анжумани Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Бу билан Сиз, Ўзбекистонда қишки спорт турлари, хусусан, фигурали учиш спорт тури қай даражада тараққий этиб бораётганлигини амалда исботладингиз.
— Аслида, жамоамизнинг мақсади ҳам Ўзбекистон фигурали учиш мактаби шуҳратини халқаро майдонда улуғлашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Эътиборлиси, мамлакатимиз гарчи географик жойлашувига кўра иқлими иссиқ ўлкалар қаторидан ўрин олганлигига қарамай, қишки спорт турларини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилади. Бунда энг аввало муҳтарам Президентимиз томонидан биз спортчиларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликларни алоҳида таъкидлашни истардим. Шуни ишонч билан айтаманки, ўтган давр мобайнида қандай муваффақиятларга эришган бўлсам, бевосита Давлатимиз томонидан биз спортчилар яратилаётган шарт-шароитлар ва ғамхўрликларнинг самарасидир. Албатта, биз бугунги муваффақиятлар билан асло чекланиб қолмоқчи эмасмиз ва келгусида ҳам юксак марраларни забт этишда давом этаверамиз. Шу ўринда мен бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратсам. Биласиз, спортда айримлар жуда қисқа фурсатда ярқ этиб порлаб, тезда сўнадилар. Воқеалар ривожини бундай тус олишига ўзига хос сабаблар бор. Бундай холатга тушмаслик учун жамоамизнинг бу борада ишлаб чиққан ўзига хос стратегияси мавжуд. Яъни, босқичма-босқич чўққига илдамлаш ва узоқ давр мобайнида кучлилар сафидан муносиб ўринга эга бўлиш. Ҳар бир мусобақадаги иштироким мен учун тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтайди ва ҳар бир иштирокимни жамоамиз билан атрофлича таҳлил қилиб, хато ва камчиликлар устида жиддий ишлаймиз. Бу ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоа учун жуда муҳим деб ҳисоблаймиз.

— Жамоангиз таркибидан қандай мутахассислар ўрин эгаллашган? Ушбу таркибда ота-онангиз ҳам борлигидан хабаримиз бор.
— Дарҳақиқат, аҳил жамоамиздан ота-онам ҳам ўрин эгаллашган. Улар катта тажрибага эга мутахассислар ҳисобланишади ва фигурали учиш спорт оламида кўплаб машхур спортчиларни тарбиялашган. Ота-онам билан бир қаторда Френк Кэррол, Филипп Миллер каби тажрибали мураббийлар, психолог- шифокорлар, қўйинки, бугунги кунда етакчи спортчилар жамоасидан ўрин эгаллаши зарур бўлган барча мутахассислар бизнинг жамоамизда ҳам мавжуд. Айни дамда яна бир қатор катта тажрибага эга бўлган мутахассислар билан яхши алоқаларни йўлга қўйганмиз. Бир сўз билан айтганда, жамоамиз стратегияси узоқ йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган. Ва биз ўз мақсадимиз йўлида собитқадамлик билан илдамлаб бораяпмиз.

— Сочи Олимпиадасига ҳам тайёргарлик режаси ишлаб чиқилган бўлса керак.
— Албатта. Биз Ўзбекистон қишки спорт турлари федерацияси билан тайёргарлик режасини ишлаб чиқдик ва ана шу режани бугун Миллий Олимпия қўмитасига тақдим этдик. Шу ўринда мен, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлганлигини таъкидлаб ўтишни истардим. Қўмита раҳбарияти билан бўлган учрашувда бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Асосийси мақсадларимиз муштарак. Бу эса жуда ҳам муҳим. Умид қиламанки, бундай ҳамкорлик бизни янада юксак манзиллар сари чорлайверади. Бевосита тайёргарлик ҳақида тўхталадиган бўлсам, Олимпиада ўйинларига муносиб хозирлик кўриш учун вақт тобора оз қолмоқда. Турли ўқув-машғулот йиғинларидан ташқари, бир қатор нуфузли халқаро турнирларда ҳам иштирок этишни режалаштирганмиз. Яқин келажакда қандай мусобақаларда иштирок этишим ҳақида хозир аниқ маълумот айта олмайман. Ўйлайманки, Олимпиада ўйинларига жисмоний ва рухий жихатдан юқори формада бораман.

— Нима деб ўйлайсиз, биринчи бор Олимпиада ўйинлари иштирокчилари учун етарли даражада тайёргарлик кўришда руҳий тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратиш лозимми ёки жисмоний?
— Ҳар иккиси ҳам ўта муҳим. Жисмоний жиҳатдан кучли тайёргарлик кўрсангизу, руҳан тайёр бўлмасангиз, кўзланган натижага эриша олмайсиз. Ёки аксинча. Шу боис ҳам ҳар икки жиҳатга жиддий эътибор қаратганмиз.

— Маълумки, спорт оламида Олимпиада ўйинларида асосийси иштирок этиш деган гап бор. Шу маънода айтингчи, Олимпиада ўйинларига қандай мақсадлар билан йўл олмоқчисиз.
— Иштаҳа овқат маҳали келади дейишади-ку. Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилгач, навбатдаги вазифа тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида муносиб иштирок этиш. Юқорида айтиб ўтганимдек, жамоамиз ўз олдига юқори мақсадларни қўйган ва кўзланган манзил сари босқичма-босқич одимлашда давом этяпмиз. Шуни ишонч билан айта оламанки, Сочида ҳам Президентимиз, халқимиз ишончини оқлашда бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз.

— Бу йўлда Сизга ва аҳил жамоангизга улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
— Фурсатдан фойдаланиб, бизни қўллаб-қувватлаб турган ва бизга ишонган барча-барчага жамоамиз номидан чуқур миннатдорчилик билдириб қоламан.

Манба: www.uz.mcs.uz
Киритилди: 10:52, 10.04.2013.
Ўқилди: 4977 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.