Чемпионлар лигаси-2001/2002да ҳам иккала клуб мусобақадаги энг етакчи жамоалар эди десам, янглишмаган бўламан. Аммо “кўзи кўр” қуръа бу сафар ҳам жамоаларни ярим финалда бир-бирларига тўғри қилди. Дастлабки ўйин Каталония пойтахтида бўлиб ўтди. Ўша куни "Барса" сафида жамоа етакчиси Ривалдо майдонга туширилмади.
Унга “жароҳат олган”, деб ташхис қўйишди. Ривалдо жароҳат олиб майдонга тушмадими ёки бир неча кундан кейин Япония ва Жанубий Корея майдонларида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига ўзини аядими, буниси бизга қоронғу, менимча, иккинчи тахмин ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак.
Холбуки, олдинги ўйинда Ривалдо Ла-лигадаги "Сельта"га қарши баҳсда майдонда 90 дақика ҳаракат қилиб, рақиб дарвозасига тўп ҳам киритганди. Шундай қилиб, бразилиялик юлдуз мавсум охиригача "Барса" сафида майдонга тушмади ва келгуси йили "Милан"га ўтиб кетди.
Ўйинга қайтадиган бўлсак, ўйин каталонияликларнинг ҳужумлари билан бошланди. Луис Энрике, Хавьер Савиола каби футболчиларнинг зарбалари йўлига "Реал" жамоаси дарвозаси тусини ва дарвозабон ғов бўлди. Ўша куни "Реал" дарвозабони Санчес Сeзар жуда кўп муқаррар голлардан жамоасини асраб қолди. Жамоанинг асосий дарвозабони Икер Касильяс эса жароҳат олганди. Бугунги Диего Лопес Касильяснинг ўрнида қаҳрамонлик кўрсатаётганига ўхшаб кетди бу ҳолат.
Ҳужумга берилиб кетган "Барса" футболчилари қарши ҳужумлардан бирида гол ўтказиб юборишди. 55-дақиқада "Реал"нинг франциялик юлдузи Зинеддин Зидан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Голдан руҳлангaн "Қироллик клуби" вакиллари ўйин якунланиши арафасида англиялик Стив Макманаманнинг аниқ зарбасидан сўнг ҳисобни 2:0га етказишди. Бу ғалаба "Реал"га финалга чиқиш учун ажойиб имкониятни тортиқ этди. Мадриддаги баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди ва "Реал" финалга йўл олди. Финалда улар Леверкузеннинг "Байер" жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихларида 9-марта Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли соврини эгасига айланишди. Уша ғалаба ҳозиргача "Реал"нинг Чемпионлар Лигасидаги энг охирги ғалабаси бўлиб келаётган бўлса, бу орада "Барселона" ушбу мусобақада 3 марта зафар қучиб улгурди.
Айниқса, Чемпионлар Лигаси-2010/2011 ярим финалида ана шу жамоалар яна учрашгани кўпчиликка маъқул келмади. Чунки, бутун дунёдаги футбол мухлислари бу икки гранд жамоани финалда кўришни орзулаётган эдилар-да. Ярим финал ўйинидан бир неча кун олдин "Реал" ва "Барселона" ўртасида Испания Қироли кубоги финалида ажойиб ва муросасиз тўқнашув бўлиб ўтди.
Ўша ўйин ҳақида ўз фикримни билдирар эканман, финалмисан финал бўлди деб таъриф беришим мумкин. Иккала жамоа ҳам бутун дунё футбол аҳлига томошабоп футбол намойиш этиб беришди. COPA DEL REY деб номланадиган бу мусобақа финали тақдирини 103-дақиқада "Реал" етакчиси К. Роналдунинг ягона голи ҳал қилди. Бир неча кун ўтиб Чемпионлар Лигаси ярим финалидаги ўйинда "Барселона" қандай бўлмасин Қирол кубогидаги мағлубият аламини олиш учун майдонда саф тортди. Ўша ўйинда барчасини ўзгартириб юборгaн ҳодиса 2-бўлим ўрталарида "Реал" ҳимоячиси Пепенинг кутилмаганда майдондан четлатилиши бўлди, десак, адашмаймиз. Ҳимояси заифлашиб қолган "Кироллик клуби" сўнгги дақиқаларда Леo Мессининг "дубли" эвазига дарвозасидан 2 та тўп олиб чиқди. Жавоб ўйинида Гонсало Игуаиннинг голи инобатга олинмади ва ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Финалга йўл олган "Барса" "МЮ"ни енгишга унчалик ҳам қийинчиликка дуч келмади - 3:1.
Орадан бир йил ўтиб бу икки жамоа тағин ярим финалгача етиб боришди. Ана энди иккала жамоанинг Чемпионлар Лигаси финалида учрашиши учун имконият пайдо бўлди. Чунки эндиги қуръа натижаларига кўра "Реал" билан "Барселона" ярим финалда бир-бирлари билан учрашмайдиган бўлишди. Аммо иккала клубга ҳам энг ҳал қилувчи паллаларда омад етишмади. Жамоаларнинг етакчилари - Месси ва Роналдуларнинг пенальтини ноаниқ бажарганликлари эвазига уларнинг рақиблари - "Челси" ва " Бавария мусобақа финалида учрашадиган бўлишди.
Кўриб турганингиздек, жорий йилдаги ярим финалда хам "Барса" билан "Реал" бир-бирларига карши майдонга тушмайдилар. Улар Германиянинг икки гранд жамоаси — "Бавария" ва "Боруссия" (Дортмунд)дан эсон-омон ўтиб олсалар, насиб этса, "Уэмбли"да "эл-классико" кўрамиз. Рақиблар ҳам анойи жамоалар эмас. "Бавария" ҳозир қандай ўйин кўрсатаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Уларнинг ўйини ҳозирги кунда анча такомиллашиб улгурди. Чемпионат ўйинида "Гамбург"ни 9:2 ҳисобида мағлуб этганининг ўзиёқ бу жамоанинг қандай кучга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Қолаверса, улар чорак финалда "А" серия пешқадами "Ювентус"ни ҳар жабҳада мағлуб эта олишди. Ўтган йилги ЧЛ финалида "Челси"дан қабул қилинган аламли мағлубият учун ҳам "Бавария" бу йил жон-жаҳди билан ҳаракат қилиши аниқ. "Боруссия"ни эса ёниб турган оловга қиёслаш мумкин. Кейинги йилларда бу жамоа таркибидан жуда кўплаб истеъдодли футболчилар етишиб чиқиб, жамоа "Кўҳна қитъа"нинг гранд клублари даражасигача етиб борди. Чорак финалда, "Малага"га қарши ўйинда улар кўрсатган қаҳрамонликлар нафақат Еврокубоклар, балки бутун футбол тарихида ўчмас лавҳалардан бири бўлди. Ахир энг сўнгги 2 дақиқа ичида 2 та тўп киритиб, йўлланмани илиб кетиш унча-мунча жамоанинг қўлидан келадиган иш эмас.
1999 йилги ЧЛ финалидаги "Манчестер Юнайтед" кўрсатган мўъжиза ҳам бунчалик ҳаяжонли тус олмаган бўлса керак. Бундан ташқари гуруҳ босқичида "Реал" бу жамоа билан ўйинда чинакам қаршиликка дуч келди. Дортмунддаги ўйинда мағлуб бўлган бўлса, Мадридда эса, мағлубиятдан аранг қутулиб қолди - 2:2. Қолаверса, "Боруссия" (Дортмунд) мазкур мусобақа мобайнида мағлубиятга учрамай келаётган ягона жамоадир.
Нима бўлганда ҳам ярим финал босқичига 4 та энг яхши жамоа етиб келди. Бу жамоалар ижросидаги футбол спектаклларни томоша қилиб завқ олайлик. Биз мухлислар эса уларга омад тилайлик! Зеро, футболда омад кучлиларга кулиб боқади.
Сафарали СИДДИҚОВ
Касби тумани, 10-сонли мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси