Суперлигада 14-турнинг қолдирилган учрашувлари бўлиб ўтди. «Нефтчи» жамоаси бу тур ўз майдонида «Сўғдиёна»ни қабул қилди ва 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг жамоа мураббийи Сергей Арслонов матбуот анжуманида иштирок этди.
— Бугунги ўйин ҳақида нимадир дейиш қийин. Биринчи ўтказиб юборган голимиз режаларимизда йўқ эди. У ҳаммасини барбод қилиб юборди. Шунга қарамай, йигитлар иккинчи таймда ўзини қўлга олишни уддалади. Иккинчи бўлимдаги 20 дақиқаликни зўр ўтказдик, аммо яна дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Бу якуний натижага таъсир қилди. Йигитларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Барча қўлидан келган ишни қилди.
— Кетма-кет дуранг ва мағлубиятлар. Мухлислар машғулотларга киритилмади. Сабаби мураббийлар иккинчи давра учун янги тактика устида ишлагани деб айтилди. Бугун нимадир етишмадими?
— Саволларингизга кетма-кет жавоб бераман. Бизда тактик ишламалар бор эди. Янги ўйинчилар ҳам келган эди. Шу боис, ишқибозлардан бу учун узр сўраймиз. Эътибор қилган бўлсангиз, келганлар яхши қўшилиб кетди. Тактика ва стратегиясиз футбол бўлмайди. Кимлардир ҳужумкор ва ҳимоявий футбол борлиги ҳақида айтади, аммо ундай тушунча йўқ. Услуб бўлади. Бу бизни жамоа ҳужум қилаётганида ва ҳимояланади. Биз фақат мудофаада ўтирамиз деган гап йўқ. Биз асосий урғуни майдоннинг учинчи қисмидаги якунга берганмиз. Машғулотларда ишлаяпмиз, аммо буни ҳар сафар майдонда кўрсатишнинг имкони йўқ. Жароҳат олганларнинг йўқлиги ҳам сезилмоқда. Ҳусайн Норчаевнинг жароҳати сабабли у катта эҳтимол билан келаси йили майдонга туша олади. Биз ишқибозлардан бироз сабрли бўлишларини, бизга ишонишларини сўраб қоламан.
— Майдонга тушган ёш футболчиларнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
— Айнан ўртоқлик ўйинларида уларга вақт бердик. Улар ишончни оқлади. Бугун захира ўриндиғида етарлича ижрочи бўлмагани боис ёшларни майдонга туширдик. Тўғрисини айтаман, улар ўйинга яхши қўшилиб кетишди.
— «Нефтчи» биринчи давранинг илк 8 турида энг яхши мудофаага эга жамоа эди. Ҳозир жуда кўп гол ўтказиб юборяпсизлар?!
— Исталган ўтказиб юборилган ёки киритилган гол кўплаб воқеаларнинг йиғиндиси. Агар урсак, бу тўғри ҳаракатлар йиғиндиси, ўтказиб юборсак хатолар эффекти. Бунда барчанинг айби бор. Рақибни бугун ғалаба билан табриклайман. Улар 3 очкога муносиб ўйин намойиш этишди.