Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Маурицио Сарри: "Жунтоли "Юве"ни чемпионлик рутбасига қайтаради"

Баҳо:
+ | -

- Афсуски, ҳатто футболдан ташқарида ҳам кўп чекаман, жуда кўп. Янги мавсум бошланиши билан футболга қайтиш истагим янада кучайди...

— Бу март ойида «Лацио» раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилганидан буён мураббийлик ишидан четда юрган италиялик Маурицио Саррининг эътирофи. 200 кундан ортиқ футболсиз яшаш ҳар қандай мураббий учун катта азоб бўлса керак...

- Маурицио, янги мавсум поездига кечикдингиз. Қачон янги жамоа бошқарувини қўлга олишни режалаштиряпсиз? Балки январь ойида қайтарсиз...

- Аслида январгачаёқ қайтишдан умидворман. Лекин ҳаммаси умумий вазият, таклифлар ва ички мотивацияга боғлиқ. Қисқаси, ҳозир адреналинни кучайтирадиган қўнғироқларни кутяпман.

- Хўш, сўнгги «рақс»ни қаерда кўрсатишни хоҳлардингиз?

- Бу ҳақда ортиқча бош қотираётганим йўқ. Фақат фаол иш жараёнига тезроқ шўнғишни истайман. Ўйлайманки, футболда ҳали қўлимдан кўп нарса келади. Ҳа, ҳозир асосан ёш мураббийлар билан ишлаш урфга айланди. Аммо унутмаслик керак, ўтган мавсум еврокубокларда фа-қат катта авлод вакиллари кубок ютишди: ЧЛда - Анчелотти, ЕЛ - Гасперини ва КЛ - Мендилибар. Қолаверса, испанларни Европа чемпионатида ғалаба сари етаклаган де Ла Фуэнте ҳам бизнинг авлодга мансуб.

- Кўзларингизни юмингда эртами-кеч яна қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечиришни хоҳлаётганингизни айтинг...

- «Бока Хуниорс»ни бошқариш - мен учун охирги ва ақлдан оздирувчи орзу. Аммо буни амалга ошириш имкони юзага келиш-келмаслигини билмайман. Хуллас, «бомбонералар» бошқарувидаги бир нечта ўйин аввало, ўзим учун ноёб тажриба бўларди.

- «А» серияда мураббийлар цехи деярли бутунлай янгиланди. Сизнингча, айнан қайси мутахассис ўз жамоасига кучлироқ таъсир ўтказади?

- Янги мураббийлар эндигина иш бошлашди. Қолаверса, чемпионатнинг трансферлар ойнаси очиқ вақтда старт олиши чиндан ҳам, бироз ғайритабиий ҳолат. Бу ҳақда доим гапирганман, ҳозир ҳам шуни такрорлаяпман. Келинг, мураббийларга баҳо бериш учун яна бир нечта ўйин кўрайлик. Дейлик, Юрген Клопп муайян мураббийга ўз салоҳиятини кўрсатиши учун 2 йил кетиши ҳақида гапирганди. Унинг бу фикрида жон бор, албатта.

- Сакки ва Капелло скудетто учун курашда «Интер»ни фаворит ўрнида кўришларини яширишмади. Бунга қўшиласизми?

- Ҳа, биринчи юзаки таассуротга таянсак, айнан шундай. Аммо жамоалар қандай ривожланишини озгина кузатиш керак. Хусусан, Мотта тузган «Ювентус» нечоғли ўзгаришини. Конте «Наполи»да қандай янгиликларга қўл уришини кўриш ҳам қизиқ, албатта. 

- Негадир «Милан» ҳақида гапирмадингиз. Бу мавсум жамоа учун оғирроқ бошланганига боғлиқми ёки...?

- «Милан» ҳам ижобий турт­ки олишини кутиш мумкин, чунки жамоа таркиби анча кучли. Янги ижрочилар билан тўлдирилган «Рома» ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.

- «Милан» мухлислари қаторида сизни «россонерлар» бош мураббийи ролида кўришга умид боғлаётганлар ҳам бор...

- Пауло Фонсека - яхши мураббий ва ажойиб инсон. У билан шахсан учрашдим, тушунинг, мураббий ўз саёҳатининг бошида турибди ва бу вақтда озгина сабр, яна хотиржамлик зарур. Очиғи, ҳозир «Милан» ҳақидаги мунозарага аралашишни хоҳламайман.

- «Ювентус» билан 2020 йили скудетто ютганингиздан кейинги даврни инобатга олсак, Мотта танлови янги инқилобга уриниш эмасми? 

- Билмадим, ҳар ҳолда, «Ювентус» бошқарувини қўлга олганимда, клубда ҳеч ким инқилоб ҳақида сўз очмаганди. Тушунинг, «Юве» энди янги саёҳатнинг бошида, тўғри, ҳозирдан Мотта ўзига хос нимадир яратиш илинжида эканлигини сезяпман.

- Трансферлар ойнаси вақти интернетда бир ҳазил­омуз ибора пайдо бўлди: «Сарри вақтида Криштиану Роналдуни ўйнатган, Мотта эса Кристиано Жунтоли билан бирга». Қизиқ, ўрнингизни Мотта билан алмашган бўлармидингиз?

- Тўхтанг, Роналду менинг қўл остимда Италиядаги энг яхши мавсумини ўтказди: чемпионат ва кубок турнирларида 37та гол! Жунтоли билан эса «Наполи»да 3 йил давомида самарали ишлаб, катта муваффақиятларга эришгандик. Хуллас, жавобим оддий: энг мақбул вариант - бир вақтнинг ўзида ҳам  Криштиану, ҳам Кристианога эга бўлиш.

- Гонсало Игуаин сиз учун энг идеал марказий ҳужумчи саналган. У ҳақда бирор кулгили воқеани айтиб берсангиз...

- «Наполи»да иш бошлаганимда, Гонсало кетмоқчи эканлигини айтди. Лекин уни атиги 5 дақиқада фикридан қайтардим. Яъни биз йўлга қўядиган футболда жуда кўп гол уришига ишонтирдим. Ҳар гал кетиш мавзуси бўйича тортишув бошлангач, унга бир гапни такрорлардим: «Гонсало, муаммо нимада эканлигини очиқ айт, биламан-ку 3 кундан кейин фикрингни ўзгартирасан, барибир». Игуаинга чиндан ҳам, ўз ғоямдаги идеал марказий ҳужумчидек қараганман, лекин у ҳар қандай мураббийга мос тушарди. Мутлақ юқори савия!

- Ёзги инқилобдан кейин Жунтоли «Ювентус»ни скудеттони забт этишга қайтара олармикан?

- Бунга шубҳам йўқ, лекин ислоҳотлар айнан қачон самара келтира бошлашини билмайман. «Юве»нинг Жунтоли билан қачондир ғалаба қозониши тайин. Бинобарин, у мураббий учун идеал футболчилар хусусиятларини тезда тушунадиган раҳбардир. Шунингдек, Жунтоли жамоа ва ходимларга нимадир бера оладиган катта жасорат эгаси ҳисобланади. Шу маънода унга нисбатан ҳурматим ҳам, ишончим ҳам баланд. Шубҳа йўқ, Кристиано бундай кескин инқилобга бежиз қўл урмаган, бунинг учун маълум сабабларни пайқаган, албатта.

- «Ювентус»ни охирги скудеттога етаклаган мураббийсиз. Айтингчи, бу фао­лиятингизнинг энг юқо-ри чўққисимиди?

- Йўқ, хотиралар билан яшашни истамайман. Тўғри, бутун фаолиятим давомида қўлга киритилган кубоклар нусхалари, шунингдек, футболкалар ва вимпелларни алоҳида хонада сақлайман. Шунинг баробарида скудеттони қандай ютганимизни тез-тез эслаб тураман. Чунки ўша ғалаба қайсидир маънода мени чалкаштириб юборганди. Дарвоқе, вақтида Буффон ҳам шунга ўхшаш гап айтган. Хўш, «Юве» билан қўлга киритилган ғалабани фао­лиятимнинг энг юқори нуқтаси сифатида кўраманми? Одамлар наздида футболда энг муҳими - ғалаба. Мен учун ҳам бу жуда муҳим, аммо йўлнинг ўзи қадрлироқ. Зеро, фаолиятимда совринсиз якунланган ажойиб мавсумлар ҳам бор.

- Нимадан кўпроқ ҳайратланасиз: де Лаурентиснинг сўнгги пайтлар жуда кам гапираётганиданми ёки ёзда трансферларга 100 миллион евродан кўпроқ сарфлаганидан?

- Тўғриси, Контега қойил қоламан. У ажойиб мураббий бўлишдан ташқари, клублар соҳибларини таркибга сармоя киритишга кўндириш қобилия­тига эга. «Наполи»да кучли таркиб шаклланди, аммо Антонио Конте катта синов олдида турибди, барибир. Ахир «Наполи» билан дарҳол ғалаба қозонадими ёки йўқ - буниси мавҳум масала. Де Лаурентис эса табиатан кутишни ёқтирмайди. Лекин тан олиш керак, «Наполи»ни айнан Аурелио қайта тиклади. Менга севимли жамоамни шуғуллантириш имкониятини бергани учун ундан ҳамиша миннатдорман. Саволингизга келсак, де Лаурентисни сукут сақлаётгани кўпроқ ажаблантирмоқда. Умид қиламанки, бу ҳам ижобий ўзгаришнинг аломати.

- Корси, де Лаурентис, Абрамович, Аньелли, Лотито... Қай бири футбол бўйича малакалироқ?

- Тактикани тушуниш нуқтаи назаридан гапирсак, Фабрицио Корси.

- Тён Копмейнерс, Чалханоглу, Лофтус-Чик... Қай бири «А» сериядаги энг кучли ярим ҳимоячи?

- Шахсан менга Лофтус кўпроқ ёқади, чунки у «Челси»да қўл остимда ўйнаган. Аммо ҳозир турли фазилатларга эга ижрочилар ҳақида гапиряпмиз. Менимча, уларни ўзаро таққослаш ва қайсидир бирини устун кўрсатиш ноўрин.

- Сарри қайси футболчи билан бирга ишлашни хоҳларди?

- Берарди ва Тонали билан. Жамоада ўзига хос руҳият шаклланиши учун умуртқа поғонасини маҳаллий футболчилардан тузиш керак. 

- Италия термасини кузат­япсизми? 

- Миллий жамоа Спаллетти қўл остидаги Франция термасини доғда қолдирганидан хурсандман, эҳтимол, «скуадра адзурра» учун ҳам янги давр бошланаётгандир. Европа чемпионатига тўхталсак, менимча, жамоа Германияга чарчоқ ҳолатида борди, буни футбол ичида юрганлар, бевосита майдонда ўйнайдиганлар яхши тушунишади. Яна Буффонни терма жамоада кўрганимдан хурсандман: у «Юве»да менга мислсиз даражада ёрдам берганди ва миллий жамоада ҳам шунчаки, жим ўтирмаслиги тайин.

- Футболдаги йўлингизга қараганингизда, кимдандир кечирим сўрашни истайсизми?

- Бир неча ой олдин Коверчанода Кристиан Маджо билан учрашганимизда, ундан ошкора кечирим сўрадим. «Наполи»даги охирги ўйиним унинг жамоа билан хайрлашувига тўғри келди. Мен мавсумни 91 очко билан якунлашни ўйладим ва Маджони майдонга туширмадим. Очиқ тан оламан, ўша қарорим хато эди ва бундан ҳанузгача афсусланаман. Футболда баъзан шундай бўлади: жамоа манфаатини ортга суришингиз талаб этиладиган ҳолатда бунга жазм этишингиз мушкул...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:23, 04.10.2024.
Ўқилди: 912 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.