Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Ғузорга телевидение қачон келади?

Баҳо:
+2 | -

Олий лиганинг 8-тур беллашувлари ҳам ортда қолди. Ғузорнинг “Шўртан” футбол клуби ҳозирча ўз майдонида тўртта ўйин ўтказди. Шундан учтаси олий лига ҳамда биттаси Ўзбекистон Кубогидан ўрин олган баҳсдир. Бу ўйинларда қандай натижалар қайд этилгани иккинчи масала, айтмоқчи бўлганимиз шуки, Ғузорда бўлиб ўтаётган футбол беллашувларида маҳаллий ОАВнинг эътибори жуда суст. Масалан, бу йил ҳисобидан Қашқадарё телевидениеси ҳали келиб бирорта ўйинни тасвирга туширгани йўқ. Натижада Ғузордаги беллашувлардаги хавфли вазиятлар, голлар, мураббийларнинг ўйиндан кейинги фикри футбол ихлосмандлари имкон қадар қолдирмай кўриб борадиган “Футбол шарҳи” кўрсатувида берилмаяпти.

Биласиз, “Шўртан” ўтган турни сафарда “Гулистон”га қарши ўтказди. Шу учрашувни маҳаллий ТВ ходимлари келиб тасвирга туширишди ва ўйиндаги энг муҳим эпизодлар билан биргаликда мураббийларнинг ҳам фикрини қўшиб “Спорт” телеканалига юборишди. “Футбол шарҳи”да кўрган бўлсангиз керак, “Гулистон” – “Шўртан” баҳси ажойиб тарзда 2-3 дақиқалик кўрсатув сифатида эфирга узатилди. Энг муҳими, одамлар ўша лавҳадан ўзларига нимадир олишди.

Бундан ташқари, олий лиганинг 7-туридан олган “Олмалиқ” – “Навбаҳор” баҳси тўлиқ равишда эфирга узатилди. Тўғриси, шахсан ўзим шу ўйинни мириқиб томоша қилдим. Чунки операторларимизда ўйинни тасвирга тушириш маҳорати ошган, шарҳловчи эркин гапиряпти, албатта шундай бўлганидан кейин томоша қилмайсизми. Энди пойтахтдаги ўйинларни 5-6та камера ёрдамида “съёмка” қилишни гапирмаса ҳам бўлади. Секин-аста бизда ҳам такрорий видеоёзувлар намойиш этилмоқда, эндиликда битта камерада суратга олиш билан ҳеч ким чекланиб қолаётгани йўқ. Аммо ҳамкасбларимиз хафа бўлишмасин-у, айрим вилоятлардаги тележурналистларнинг ишига беш баҳо қўя олмайсиз. Масалан, Қашқадарёни олайлик. Доим воҳада футболга эътибор катта деб мақтанамиз. Лекин эътибор ким томонидан берилаётганига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Асосан вилоят ҳокимлиги ва клублар раҳбарлари. Лекин уларнинг ишини халққа намойиш этиб берадиган журналистлар нима қилишяпти? Айтиш мумкинки, ҳеч нима. 2007 йилдан бери Қашқадарёда фаолият олиб бораётган бўлсам, шу вақт ичида бу ердаги маҳаллий ОАВга умуман беш кетмадим. Бу гап айниқса ТВ вакилларига тегишли. Газета ва сайт ходимлари имкон қадар ишлашмоқда, уларга эътироз бўлиши мумкин эмас. Лекин ТВ ҳалиям уйқуда. “Машъал”да ишлаб юрган кезларим Қарши телевидениеси камдан кам ўйинларни келиб тасвирга туширарди. Масалан, ўтган йил Муборакка ТВ фақат битта ўйинга борди: “Машъал” – “Насаф” баҳсини ёритиш учун. Ўшандаям эркин фаолият юритадиган ТВ келгани йўқ, балки “Насаф” футбол клубига қарашли КТС (кўчма телевизион станция) келиб ўйинни тўлиқ тасвирга тушириб кетди.

“Машъал” бу мавсум биринчи лигада ўйнамоқда ва йил охиригача ТВнинг Муборакка бориши амримаҳол. Аммо олий лигада тўп сураётган “Шўртан” ўйинларига нима учун Қашқадарё телевидениеси келмайди? Нима сабабдан ТВ фақат “Насаф” ўйинларига боради? Ёки уларга Ғузорга бориб келиш узоқлик, аниқроғи қимматлик қиладими? Бемалол айтишим мумкин, Муборакка бориб келиш уларга қимматлик қиларди ўша пайтлари. Ҳали қарасанг бензин йўқ, ҳали газ етмайди каби гап-сўзларни кўп эшитганмиз. Лекин ҳозир давр бошқа. Замон ўзгаряпти. Телевидение ҳам секин-аста ўзи пул топиш йўлига ўтмаса бўлмайди. Пул топишнинг энг асосий йўли эса реклама, тижорий ташкилотларни ҳамкорликка чорлаш.

Юртимизда футболга бўлган эътибор ошаётгани бор гап, лекин ана шу эътиборни халққа кўрсатиб бера оладиган моҳир қаламкашлар, етук тасвирчилар, ўткир журналистлар етишмаяпти бизда. Бир сўз билан айтганда, кадрлар муаммоси бор. Эътибор беринг, Қашқадарёда эркаклар футболи бор, болалар футболи бор, аёллар футболи бор, пляж футболи бор, лекин шуларни ёритиб бера оладиган журналистлар йўқ. Айниқса, теле-журналистлар жуда танқис. Мана шунинг учун ҳам матбуотда Қашқадарё футболи кўп тилга олинмай қўйди. Қанийди вилоят телевидениесида футболга оид ҳафталик кўрсатувлар ташкил қилинса ва унда “Насаф”, “Машъал”, “Шўртан”нинг ўйинлари лавҳалар орқали таҳлил қилинса. Қашқадарёда нечталаб футбол фахрийси бор. Ахир ҳар гал кўрсатувга кимнидир мемон сифатида чақириб давра суҳбати қурса бўлади-ку.

Одатда биз - журналистлар қайсидир жамоа ютқазса танқид қилишга жуда устамиз. Лекин ўша жамоанинг айтайлик бир йиллик фаолиятини мунтазам ёритиб боришга эринамиз. Футболни бир маҳсулот деб оладиган бўлсак, уни журналист халққа етказиб бермаса ким етказиб беради? Ёки мураббий дуч келган одамга бирма-бир айтиб чиқиши керакми, бугун ўйинимиз бор келиб кўринглар деб.

Энди бошқа масала хусусида тўхталсак. Масалан, “Насаф” олдига ҳар йили катта мақсадларни қўйиб келмоқда. Аммо жамоа ОФК Кубогини ютгани билан ҳали Ўзбекистон чемпиони бўлгани йўқ. Агар шу жамоага маҳаллий матбуотнинг эътибори юқори бўлса, мана кўрасиз, “Насаф” ҳам қачондир албатта чемпион бўлади. Лекин бизда одамлар осонроқ йўлни танлашади: “Насаф” нега чемпион бўлмаяпти деб жамоани танқид қилишга тушамиз. Танқид қилишдан олдин эътибор бериш кераклигини кўп ҳолларда унутиб қўямиз.

Биз – матбуот вакилларимиз. Муҳтарам Президентимиз ОАВни бежизга тўртинчи ҳокимият деб атаётгани йўқ. Ҳозир ахборот асрида яшаяпмиз. Қаерга қараманг, ҳамма жойда янгиликка дуч келасиз. Футболда ҳам шундай. Лекин футбол журналистикасини ривожлантирмай туриб миллий футболимизни яна бир поғона юқорига кўтара олмаймиз. Мисол учун Россияда олдин журналистика ривожланди, кейин шунинг ортидан футбол кўтарилди. Журналистлар халқни ва энг асосийси пулдор одамларни футболга қизиқтира олишди. Натижада ЦСКА, “Зенит” каби Европанинг кучли клублари қаторидан ўрин олган жамоалар шаклланди. Бунда албатта ОАВнинг хизмати ниҳоятда каттадир.

Мақсадимиз Қашқадарё футболини юқорига кўтариш экан, бунда журналистлардан вилоятда рўй бераётган ҳар бир воқеиликни ёритиб бориш талаб этилади. “Хабарлар”, “Футбол шарҳи” каби кўрсатувларда нафақат “Насаф”, балки “Шўртан” ва “Машъал” иштирокидаги ўйинлардан ҳам лавҳалар кўришни хоҳлаймиз, бизнинг ҳам мураббийлар фикрини эшитгимиз келади. Лекин буларни амалга ошириш биринчи навбатда маҳаллий телевидение қўлида эканлигини унутмайлик.

Хайрулла ХОЛИҚОВ.

 

Манба: www.fcshurtan.uz
Киритилди: 14:07, 15.05.2013.
Ўқилди: 5631 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.