Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Александр Шапран: «Ҳеч қайси футболчига олдиндан пул бермадик»

Баҳо:
+ | -

Ҳали аксарият клубларимизда инфратузилма яратиш борасида муаммолар қалашиб ётибди. Соҳадан умуман бехабар бўлган инсонларнинг бугунги кун билан яшаб, номигагина фаолият юритаётганлиги ҳам аччиқ ҳақиқатдир. Айнан ташкилий ишларни тўғри йўлга қўйиш ва тизимни яратиш бўйича мутахассис ҳисобланган Александр Шапран жорий мавсумдан "Андижон" клубида ижрочи директор вазифасида иш олиб бормоқда. Александр Иванович куни кеча "Футбол экспресс" газетасига интервью берди. Ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Футболчилик фаолиятини якунлаганларнинг аксарияти кейинчалик мураббийлик соҳасини танлайдилар. Тизим яратиш борасида собиқларнинг меҳнат қилаётганлари бармоқ билан санарли. Нега энди ижодий ёндошувдан кўра ташкилий масалалар билан банд бўлишни афзал билдингиз?
— Мураббийлик иши билан шуғулланишга иштиёқим баланд бўлган. Футбол ўйнашни бас қилганимдан кейин шундай қалтис вазият юзага келдики, мазкур касб эгаларига эътибор яхши даражада эмасди. Маошлар етарли миқдорда бўлмаган. Ўзимиз ўйнаб юрган пайтларда яхши пулларга ишлаб, кейинчалик озгинасига кўнишимиз қийин эди. Бир вақтлар Москва педагогика институтининг спорт факультетини тамомладим. Диплом ишим ҳам айнан клубларда тизим яратиш борасидаги мавзуда ёзилганди. Қолаверса, фаолиятим мобайнида Валерий Васильевич Лобановский билан ҳам учрашиш насиб этган. Ўзим Украинанинг Днепропетровск шаҳрида таваллуд топганман. Машҳур мутахассис Киевнинг «Динамо»сига ўтишдан аввал «Днепр»ни бошқарганди. Ўринбосарлар таркибида тўп сурганман. Лобановский доим ташкилий томонларга жиддий эътибор қаратарди. Биринчи лигадан чиққан жамоа «олий»даги илк мавсумидаёқ 6-ўринни эгаллаганди. «Динамо»га ўтганидан кейин ҳам Валерий Васильевич ўз услубига содиқ қолиб, ташкилий ишларни юқори савияда бўлишини таъминлаган. Клубда 10 нафар маъмур меҳнат қилишиб, ҳар бири ўз соҳасига масъул ҳисобланишарди. Футболчиларнинг натижа кўрсатишдан бошқа бош оғриғи бўлмасди. Маиший муаммолар бир зумда ҳал этиларди. Шу маҳаллардаёқ тушуниб етганман: яхши таркибга эга бўлиш ютуқлар гарови ҳисобланмайди.

Ўзбекистонда «Машъал»да менежер вазифасида хизмат қилдим. Шу вақтларда биринчи лигада иштирок этишарди. Баҳром Давлатов билан «Янгиер»да бирга тўп сурганлигимиз туфайли имкониятларимни яхши биларди ва бирга ишлаш учун Муборакка таклиф этганди. Асосий масалаларни пойтахтнинг ўзида туриб ҳал қилардим. Биринчи лига жамоаси эканлиги сабабли бажариладиган иш ҳажми катта миқдорда эмасди. Кейинчалик олий лигага йўлланмани қўлга киритиб юқори ўринларга даъвогарлик қилдик. Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этдик. Чекка ҳудудда фаолият кўрсатаётган клубнинг ташкилий ишларини тўғри йўлга қўйиш бироз мураккаброқ жараён саналади. Бақувват ҳомийимиз борлиги туфайли моддий тарафдан ҳеч қандай муаммога дуч келинмасди.

— Кейинчалик олдингизда «Бунёдкор» (аввалги «Қурувчи») варианти пайдо бўлди.
— «Машъал» билан алоқаларим яхши даражада эди. Кейин «Қурувчи» пайдо бўлиб, барча босқичдан ўтишди. Биринчи лигада эканликлари чоғидаёқ клуб раҳбариятидан таклиф олдим. Тошкентда юриб, муборакликларга ҳам ёрдам беришда давом этдим.

— Иккала жамоага битта ҳомий ёрдам бергандан кейин... Демак, «Машъал»да расман ишлаб, тошкентликларга маслаҳатларингиз орқали кўмаклашиб турдингизми?
— Ҳа. «Машъал»дагилар «Қурувчи»га ҳам кўмаклашаётганимни яхши билишарди. Пойтахтликлар олий лигага чиқиш вазифасини бир мавсумдаёқ уддалаганларидан кейин бундай тарзда меҳнат қилишим ҳеч қандай қолипга тушмасди. Давлатов билан келишган ҳолда «Машъал»дан кетишга аҳд қилдим. «Қурувчи» дастлаб муборакликлар босиб ўтган йўлдан боришга ҳаракат қилди. Даставвал академия ҳақида бош қотирилди. Натижалар ижобий кўриниш олиб, молиявий имкониятлар кенгая бошлагач, шогирд устоздан ўзиб кета бошлади. Ном ҳам ўзгариб, раҳбарият «Бунёдкор»ни топ-клубга айлантириш вазифасини олдимизга қўйди. Кўплаб иқтидорли футболчилар — Павел Бугало, Сергей Лушан, Виктор Карпенко, Ёрқин Назаров, Бахтиёр Ашурматов сингари тажрибали футболчиларни жалб қилдик. Маълум фурсат ўтгач, хориж томонларга эътибор қаратилди. Дастлабки харидимиз чилилик Хосе Луис Вильянуэва билан шартнома имзоланди. Бразилияликлар келишди.

— Демак, чет эллик скаутлар билан ҳам алоқалар яхши йўлга қўйилиш эвазига «Бунёдкор» савияли легионерларни жалб қила бошлади.
— Биринчи бўлиб франциялик собиқ футболчи билан алоқа ўрнатгандик. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли бир қатор малакали футболчилар сафимизни тўлдиришди. Шу вақтда кўпчилик «Бунёдкор»ни вақтинчалик жамоалардан бири сифатида эътироф беришиб, келгуси тақдиримизга шубҳа билан қарайдиганлар учраган.

— Олий лиганинг бақувват клубларида фаолият юритдингиз. Ташкилий томонларни йўлга қўйиш учун маблағ умуман аялмаганлигидан яхши хабардормиз. Эндиликда эса «қуйида»сиз. «Андижон»га ўтиб, ҳолат билан танишгач, фарқ жуда катта эканлигини англаб етганингизда хаёлингиздан қандай фикрлар ўтди?
— Ҳозирга келиб «Бунёдкор» ҳақида тўлқинланиб гапирилмоқда. Йўқ жойдан қисқа фурсат ичида шаклланган клуб эканлигини ёдимиздан чиқармайлик. Клуб раҳбарияти ривожланиш борасида ғоя беринглар, пул тарафдан муаммони биз ҳал қиламиз дейишарди. Шу тариқа тизим аста-секин яратиб борилди. Элементар масалалар юзасидан ҳам бош қотиришимизга тўғри келарди. Турли жиҳозларни сотиб олардик. Нуфузли клубга айланиш учун вақт керак бўлади. Айримлар пул бор, шунинг учун уларга осон бўлган деб қолишади. Енгиллик ҳеч қаерда йўқ. Ҳамфикрлар жамланиб, ўйлаган ғояларимизни амалга ошириш учун тинмай изландик, меҳнат қилдик.

«Андижон»га келганимда вазиятни ўрганиб, салбий хулосага келганман. Шонли тарихга эга клуб, Ўзбекистонда ҳар соҳада етакчилик қилиб келаётган вилоят... Олий лигадан бежиз тушиб кетмади. Раҳбарият — вилоят ҳокимлигидир. Шунингдек «GM-Ўзбекистон» қўшма корхонаси раҳбари шинаванда инсон. Футбол учун маблағни ҳеч қачон аямай беради.

— Клуб тизимидаги камчиликлар бошқаларда ҳам кўзга ташланади. Бу жабҳада олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолаш қийин. Бошқарув фақат бир-икки инсонларга боғлиқ бўлиб, фақат бугунги кун билан яшашлари оддий ҳолга айланган.
— Мендан «Андижон» ҳақида сўраганингиз сабабли масалага кенг тўхталаётганим йўқ. Дарҳақиқат, бу борадаги муаммолар аксарият клубларимизга тегишлидир. Ҳозирги кунда биринчи лигада тўп сураётган Тошкентнинг «Истиқлол»и ҳақида кўп гапиришмоқда. Форма, жиҳозлар сотиб олиш билангина иш битиб қолмайди. Аввало тизим яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу йўналишда кетаверишса, бир соатлик халифага айланиб қолишади деб қўрқаман. Пул бўлса-ю, ўрнига ишлатишни билмасангиз, бари бефойда. Кўпинча «Манчестер Сити»даги ҳолатни мисол сифатида келтириб ўтаман. Уларга қарши мухлислик қиламан. Клубга нисбатан щеч қандай хусуматим йўқ. Бепоён имкониятларга эга, молиявий тарафдан умуман муаммо йўқ. Уч йилда чемпионликка эришишди. Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичидан чиқишни эплай олишмаяпти. Ваҳоланки, таркибда дунёнинг таниқли ижрочилари тўпланишган. Ҳаммасини пул билан ўлчаб бўлмайди. Молия билан ташкилотчилик бир хил даражада кетса унуми албатта сезилади. Иккаласига алоҳида ёндошув керак эмас.

— «Андижон»ни клуб сифатида ривожланиши учун қандай режаларни тузгансизлар?
— Жамоани аввало олий лигага қайтариш борасида меҳнат қилинмоқда. Ҳозирги кундаги натижалар чакки эмас. Балки охирги пайтда футболчиларимиз намойиш этаётган ўйин кимларгадир ёқмаётган бўлиши мумкин. Имконият борида турли хил вариантларни мураббийлар штаби синаб кўришмоқда.

— Бизни кўпроқ ташкилий ишлар қандай йўлга қўйилаётганлиги борасидаги ҳолат қизиқтиради.
— «Андижон»га келишдан аввал узоққа мўлжаллаб тузган режамизни раҳбариятга тақдим этганмиз. Ўтган йили жамоанинг олий лигада қолдирилишига умид боғлагандик. Шунга кўра биринчи лигада фарм-клубимиз сифатида «УзДонгЖу» тўп суриши кўзда тутилаётганди. Вилоят чемпионатида эса асосан ёшлардан иборат таркибимиз ўйнаши керак эди. «УзДонгЖу» ҳақида илиқ фикрлар билдиришим мумкин. Жамоа ҳозирги таркиби билан ҳам биринчи лигада «йўқолиб» қолмайди. Келаси мавсумда барчаси кўнгилдагидек кечишига умид қилмоқдамиз. Қолаверса, фахрийлар футболига ҳам жиддий эътибор қаратмоқчимиз.

— Азамат Абдураимов билан ҳамфикр эканликларингни англаш қийин эмас. Айрим масалаларда баҳслашиб турасизларми ёки ҳаммаси силлиқ кетмоқдами?
— Ҳар биримиз ўз соҳамизга жавоб берамиз.

— «Бурун суқиш» йўқ, шундайми?
— Собиқ футболчи сифатида баъзи вазиятлар бўйича бош мураббий хулосамни сўраб қолса тушунганимча фикр билдиришим мумкин. Пастдаги ўриндиқда ўтиргандан кўра трибунада учрашувни кузатиш қулайроқ ҳисобланади. Айрим тушунмовчиликлар юзага келса биргаликда ҳал этишга уринамиз.

— Охирги пайтда клуб хайрия тадбирларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Мақсад клуб имижини кўтаришми ёки яна бошқа сабаблари борми?
— Албатта, имиж ҳақида ҳам ўйлаймиз. Асосий мақсадимиз ишқибозларни стадионга қайтаришдан иборат. «Йўқолиб қолишди». Шу ўринда яна «Бунёдкор»даги фаолиятимга қайтсам. «Навбаҳор» ёки «Нефтчи»ни сафарда йирик ҳисобда мағлуб эта олардик. Аммо «Андижон»га ташриф буюрганимизда ўйинимиз кўпинча қовушмай қоларди. Маҳаллий ишқибозларнинг босими доим сезилиб турарди. Ғалаба қозонганимизда ҳам кичик ҳисоб қайд этиларди. Асосий рақобатчимиз «Пахтакор» ҳам Андижонда жуда кўп бора қоқилган. Шундай шаҳар, ашаддий ишқибозларга эга жамоага деярли ҳувиллаб турган трибуналарда тўп суриш ярашмайди. Ҳатто сафар учрашувларида ҳам суюклиларини қандай тарзда қўллаб-қувватлашни билишади. Ҳозирги ҳолатда бизга анча ноқулай бўлмоқда. Шунингдек, болалар уйига бориб жажжи фарзандларимизнинг ҳолидан хабар олиб турибмиз. Эсласангиз, «Бунёдкор» ҳам шундай тарзда фаолият юритиб, пойтахтдаги болалар уйи тарбияланувчилари ҳолидан доимий равишда хабар олиб туриларди. Стадионимизга мунтазам тарзда ташрифларини таъминлардик.

— Оғриқли яна бир мавзуни четлаб ўта олмаймиз. Малакали футболчиларга йил бошида кўтарма пулини бермасангиз таклифингизга рози бўлишмайди. Танганинг иккинчи томонига қарасак, маблағни олдиндан олган айрим ўйинчилар тезда «тўйиб» қолишиб, ўзига бўлган талабни сусайтириб юборишади. Ушбу муаммонинг мақбул ечимини нимада кўрасиз?
— Европа клубларида бундай усуллардан умуман фойдаланишмайди. Ён қўшниларимиз ҳисобланган қозоқлар футболидаги вазиятдан мисол келтириб ўтсам. Уларда ҳозирда кўтарма пули деган тушунча умуман йўқ. Ўрнига футболчиларнинг маошларини кўтаришиб, молиявий эҳтиёжларини қониқтирадиган даражага чиқариб қўйишди. Ўзингиз таъкидлаганингиздек, айрим нопок футболчилар йил бошида пулини олишади-да, турли жароҳат ёки бошқа баҳоналар билан мавсум давомида жамоага ёрдам бермай айёрлик йўлига ўтишади.

— Шунингдек кўтарма пулларга шериклик қиламан деган айрим клуб раҳбарлари учун вазиятнинг ўзгаришидан манфаатдор эмаслар.
— Ҳа. Футбол ичида фаолият кўрсатаётган инсонлар ичида ҳам нопоклари учраб туради. Ўз манфаатларини ҳар соҳада устун қўйишади. Мавсум бошидаёқ кўтарма пулларининг берилиши эвазига йиллик сарф-ҳаражатнинг ярмидан кўпи ишлатиб бўлинади ва натижада йил якунига бормай маблағ тугаб қолиши ҳеч гап эмас. Эндиликда бошқача усулга ўтиш вақти етиб келди. Яхши даражада тўп сурсанг, катта маош оласан, хизматингга яраша мукофот пуллари берилади. Чин маънода жароҳат олса, албатта ёрдам бериш зарур.

— Жамоа мусобақа жадвалида охирги ўринларни банд этиб турса-ю, клуб футболчиларга кўтарма пулларини беришда давом этиши мутлақо мантиқсизликдир. Бизда ҳам тўлагича жамоанинг якунда бажарган вазифасига қараб бонус тўлаш усулига ўтиш вақти келди шекилли.
— Олий лигани тарк этган жамоанинг ўтган йил бўйича айнан мукофот пуллари бўйича қарз тўпланиб қолганлиги ва шу пулларни тўлашимиз ҳақида ПФЛ томонидан турли қоғозлар келмоқда. Ўтган йилги эришилган ғалабалар учун ҳеч кимга пул берилмади ва вазифа уддаланганидан сўнг ҳақ олишлари борасида келишувга эришганмиз. Кўтарма пуллари эса берилган. Умуман ўтган йили амалга оширилган бир қатор молиявий операцияларга бизнинг умуман алоқамиз йўқ. Ҳеч кимга катта ваъдаларни бермаганмиз. Ушбу йил учун ҳам бировга кўтарма пули берилмади. Расул Раҳмонов, Лочин Солиев, Асқар Жадигеров сингари етакчи футболчилар ҳам шунга рози бўлишиб, тўп суриб келишмоқда.

— Наҳотки, «Навбаҳор» билан молиявий томондан келиша олмаган Асқар Жадигеров ҳеч қандай кўтарма пулисиз «Андижон»га ўтишга розилик билдирган?
— Яна қайтараман, ҳеч кимга олдиндан пул бермадик. Футболчилар бизга ишонишди. Вазифа бажарилса, алоҳида ажратилинадиган бонус ҳар бирининг меҳнатига қараб бўлиб берилади. Ишонмасангиз, ўйинчиларнинг ўзидан ҳам сўраб кўришингиз мумкин.

Абдулҳафиз АБДУЛАЗИЗ ўғли суҳбатлашди.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 08:06, 16.05.2013.
Ўқилди: 4327 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.