Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Машъал»-«Зарафшон» ўйинидан сўнг мураббийлар фикрлари

Баҳо:
+ | -

Биринчи лиганинг навбатдаги туридан ўрин олган “Машъал” – “Зарафшон” баҳси якунига етгач, муборакликлар устози Александр Хомяковнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Ўйин ҳар иккала жамоа учун ўзига яраша қийин ва қизиқарли кечди. Устунлик асосан биз томонда бўлди, аммо шунга қарамай гол уришга қийналдик. Негадир шогирдларим бу ўйинда оғир ҳаракат қилишди. Эҳтимол, бу мавсум бошланганидан бери 16-ўйинни ўтказганимиз билан боғлиқ бўлса керак. Ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, қўлдан келганча ҳаракат қилишгани учун шогирдларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Чунки бугун натижа учун ўйнадик ва уни бир амлалаб қўлга киритдик.

- Ўйинда сизни нима қониқтирмади?
- Гарчи баҳс бизнинг устунлигимизда кечган бўлса-да, хавфли вазиятларни якунлаш борасида кўплаб хатоларга йўл қўйдик. Қолаверса, рақиб ҳимояда фаол ўйин кўрсатди.

- Жаҳонгир Абдумўминов билан Ихтиёр Тошпўлатовнинг ўйини борасида нима дея оласиз? Негадир улар ёшлар термасига чақирилмай қўйишди.
- Тўғрисини айтсам, мен ҳар иккала футболчи учун ҳам жуда қайғуряпман. Чунки жаҳон чемпионатида тўп суриш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Ўйлайманки, Тошпўлатов ҳам, Абдумўминов ҳам ёшлар термасига муносиб номзод ва улар терма жамоага ёрдам бера олишади. Шахсан менга бу икки футболчининг “Машъал”да намойиш этаётган ўйини ёқяпти ва уларни бежизга асосий таркибда тушираётганим йўқ. Шогирдларимда терма жамоада ўйнаш учун хоҳиш жуда юқори, лекин афсуски, терма мураббийлари уларни чақирмаяпти.

- Холмурод Холмуродовнинг ўйини нега бир қовушиб, бир қовушмаяпти?
- Бу асосан ёш билан боғлиқ. Холмурод ҳали ёш йигит, қолаверса у энди-энди ўйнашни бошлади. Олдин у ҳужумда ўйнарди, энди бўлса ярим ҳимояда синаб кўряпмиз. Холмуроддан умидим катта.

- Жамоа сардори Дилявер Ваниевнинг жароҳати жиддий эмасми?
- У жароҳат туфайли Зарафшондаги ўйинда майдонга туша олмаганди, мана энди орадан кўп ўтмай яна жароҳат олди. Унинг қачон сафга қайтиши шифокорлар хулосасидан сўнг маълум бўлади.

Шунингдек, “Зарафшон-ПФК” устози Юрий Лукин ҳам ўйин борасида ўз фикрларини айтиб ўтди.

- Ўйлайманки, бугун жисмоний жиҳатдан рақибга ютқазмадик. Фақат “Машъал” футболчилари бизнинг ўйинчиларга нисбатан яхшироқ тўп сургани учун ғалаба қозонишди. Ўйинда қайд этилган 1:0 ҳисобини адолатли деб ўйлайман.

- Ушбу учрашув Зарафшондаги баҳсдан нимаси билан фарқ қилди?
- Ўз майдонимизда доим яхши ўйнаб келяпмиз, лекин сафар ўйинларида бироз ҳаяжон сезиляпти. Асосий фарқ шунда бўлса керак. Қолаверса, Муборакдаги беллашувнинг анча иссиқ об-ҳавода бошлангани ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Биздаги ўйин 19:00да бошланган эди, бу ерда эса 17:30да майдонга тушишимизга тўғри келди.

- Эшитишимизча, “Зарафшон-ПФК” олдига олий лигага чиқиш вазифаси қўйилган экан.
- Ҳозирча бундай жиддий вазифани қўйганимиз йўқ. Чунки олий лигага чиқиш учун ҳали қилинадиган ишлар кўп.

- Сизнингча, “Машъал” шу йилнинг ўзидаёқ олий лигага қайта оладими?
- Бунга шубҳам йўқ. Айни пайтда “Машъал” олий лигага чиқиш учун биринчи лига жамоалари орасида биринчи рақамли даъвогар бўлиб турибди. Муборакда жуда яхши жамоа тузилган.

Манба: www.fcmashal.uz
Киритилди: 12:17, 30.05.2013.
Ўқилди: 3690 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.