Ўз вақтида ОФК Кубогида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган “Шўртан”ни бу йил таниб бўлмаяпти. Йилдан йилга гранд жамоалар сафига қўшилиб боришга интилаётган Ғузор жамоасининг бу йилги натижаларини мақтаб бўлмайди. Омадсиз ўйинлардан кейин, бир неча йил мобайнида клуб шаклланишида катта ҳисса қўшган мураббий Эдгар Гесс ҳам истеъфога чиқарилди. “Ўт ўчирувчилик” вазифасида эса бунгача ўринбосарлар билан ишлаб келган маҳаллий мураббий Зоир Тўрақулов гавдаланди. Тўғри, бу йил “Шўртан” таркибида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Аммо таркибга келиб қўшилган футболчилар ўз вақтида жамоасининг етакчиларидан бўлишганини унутмаслик лозим. Раимқулов, Отахонов, Соломин, Фоменко, Востриков... шулар жумласидандир. Бундан ташқари, ўтган йили ҳам жамоада тўп сурган Жўрабоев, Алиқулов, Крушельницкий каби ўйинчилар ҳам таркибда олиб қолинган. Хуллас, таркибда ижрочилар етарли бўлишига қарамай, “Шўртан” чемпионатда аутсайдерлар қаторидан жой эгаллаб турибди. Биз омадсизликнинг сабабларини билиш, умуман жамоадаги вазият билан танишиш мақсадида клуб ижрочи директори Икром Норчаевни суҳбатга тортдик.
- Икром Хурсанович, жорий мавсумда “Шўртан” қайд этаётган натижалар ижобий кўриниш олмаяпти. Шу боис саволларимиз ҳам шунга монанд бўлади. Айни пайтда мақсадимизнинг моҳиятини тушуниб турган бўлсангиз керак?
- Ҳа, биламан, ҳозир кўпчилик “Шўртан”нинг салбий натижаларига нима сабаб бўлаётганлиги билан қизиқмоқда. Чунки жамоа мамлакатимизда ўз ўрнига эга. Вақтида ОФК миқёсидаги турнирда иштирок этган. Мамлакат Кубоги финалигача етиб боришни уддалаган. Шунинг учун бу йилги қониқарсиз натижамиз кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўляпти.
- Клуб ижрочи директори сифатида “Шўртан”нинг бу йилги омадсиз иштироки сабабини нималарда кўрмоқдасиз?
- Бунинг асосий сабаби шуки, клубга бош ҳомий “Шўртаннефтгаз”нинг эътибори пасайиб кетди. Бош ҳомийнинг клубга бўлган эътибори бу йил жуда суст бўлмоқда.
- Жамоани айни пайтда футболчилардан қанча қарздорлиги мавжуд?
- Ўйинчиларга март ойидан бери маош берилмади. Уч ойдан буён маош олмаётган футболчилардан натижа талаб қилишнинг ўзи мантиқсизликдир. Шу боис футболчиларни ҳозир айблаб бўлмайди. Улар футболни танлашган ва шу орқали оиласини боқади. Ойлик берилмаганидан кейин уларнинг шашти ҳам пасайиши аниқ. Аслида футболчига барча шароитни яратиб бериб кейин натижа талаб қилса бўлади. Чунки футболчи шундагина фақат футбол ҳақида ўйлайди. Ойликдаги узилишлар ва шу каби муаммолар юзага чиқавергач, футболчининг калласига турли фикрлар келиши аниқ. Эҳтимол, ҳозир футболчиларнинг айрими биринчи даврадан сўнг ўзларига янги жамоа топишни ўйлаётгандир.
- “Шўртан”нинг жорий мавсум учун бюджети бироз қисқаргани ҳам натижага ўз таъсирини кўрсатяптими?
- Бюджет қисқарган, лекин сезиларли даражада эмас. Биласизми, гап буюджетнинг қисқарганида эмас, унинг ҳисобимизга вақтида тушмаслигидадир. Агар йил бошида ишлаб чиқилган бюжетдаги пуллар ўз вақтида ҳисоб-рақамимизга тушиб турганида, чемпионатдаги ўрнимиз бунчалик паст бўлмасди.
- Таркибда таниқли ва етакчи ижрочилар бўлишига қарамай, жамоа қайд этаётган натижаларни кўнгилдагидек деб бўлмайди. Бу билан футболда кўпинча молиявий масала биринчи ўринда туришига амин бўлмоқдамиз. Сиз қандай фикрдасиз?
- Албатта, жамоанинг ўйини биргина футболчиларнинг тажрибасига ва уларнинг маҳоратига боғлиқ эмас. Молиявий жиҳат ҳам асосий ўринда туради.
- Жамоани инқироздан олиб чиқиш учун қандай ишлар қилинмоқда?
- “Бухоро”дан ўз майдонимизда учралган мағлубият нафақат мураббийлар штабига, балки раҳбариятга ҳам огоҳлик қўнғироғи бўлди. Шундан кейин вазиятни ўнглаш учун иш бошладик. Биринчи навбатда молиявий муаммони бартараф эта олсак, қолгани ижобий томонга ўзгаришига ишонаман.
- Мухлислар “Шўртан”ни йилдан йилга юқори ўринларда юришини исташмоқда. Аммо айни пайтда эгаллаб турган ўрин мухлисларни, айниқса ғузорлик футбол ишқибозларини ранжитмоқда. Бу кетишда жамоа олий лигада қолиш учун курашадиганлар сафига қўшилиб қолиши ҳеч гап эмас. Фикримизга қўшиласизми?
- Тўғри, мухлисларни ҳозир яхши тушуниб турибман. Бунинг учун улардан аввало жамоамиз номидан узр сўрайман. Ишқибозлар жамоани доимо юқори ўринларда юришини исташади. Мавсум бошида бу йилги чемпионатда 5-ўриндан пастламаслик учун курашишни режалаштиргандик. Аммо вазият биз ўйлагандек бўлиб чиқмади. Энди бор эътиборни кучлилар сафида қолишга қаратамиз. Ўйлайманки, жамоамиз бунга қодир. Мен бунга 100 фоиз ишонаман. “Шўртан” учун кейинги ҳар бир баҳсни финалга тенг деб баҳоласа бўлади. Ишқибозларимиздан то мавсум охиригача қўллаб-қувватлашни сўрайман.
- Жамоанинг аввалги устози Гесс кўпинча футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига эътибор қаратади. Нима деб ўйлайсиз, Эдгар Яковлевич жамоадан кетганидан кейин “Шўртан” футболчиларида жисмоний томондан пасайиш юзага келдими?
- Йўқ, ҳозирги бош мураббий Зоир Тўрақулов ҳам футболчиларнинг тайёргарлигига жиддий эътибор қаратмоқда. Лекин “Бухоро” билан ўйинда биз асосан жисмоний томондан ютқаздик деб ўйлайман.
- Эдгар Гесснинг ишига қандай баҳо берасиз? Унинг истеъфога чиқишида фақатгина натижа ижобий кўриниш олмагани сабаб бўлдими ёки бошқа сабаблар ҳам борми?
- Эдгар Яковлевичнинг малакали, футболда ўз қарашига эга мураббий деб биламан. Тажрибасига ҳам сира шубҳам йўқ. Жамоамизнинг шаклланишида албатта, бу мураббийнинг ўзига яраша ҳиссаси бор. Аммо клубимиз мутасаддилари унинг ишидан қониқишмади ва мураббийга омадсиз ўйинлардан кейин очиқ эшиклар кўрсатилди. Аслида Гесс вазиятни ўнглаш учун қўлдан келганича ишлаётганди. Шу боис менимча унга камида биринчи давра охирига қадар имконият берган маъқул эди деб ўйлайман.
- Айни пайтда масъулиятни ўз бўйнига олган Зоир Тўрақулов бошчилигида жамоа рақибларига жиддий қаршилик кўрсата олаётган бўлса-да, аммо якунда очко жамғара олмаяпти. Умуман маҳаллий мутахассиснинг фаолиятидан раҳбарият қониқиш хосил қилмоқдами ёки жамоада яна янги мураббийни кўришимиз мумкинми?
- Зоир аканинг ҳам мураббий ва инсонийлик хусусиятлари жуда яхши. “Юмшоқ” мураббий. Баъзида бош мураббийлик ҳарактери етишмайди. Мисол учун гарчи у киши бош мураббийликка ўтган бўлса-да, бизга ўз шарт ва мажбуриятларини айтмади. Демоқчиманки, у киши жамоа натижасини ижобий томонга ўзгартириш учун бизга ўз маслаҳатларини бериб нималарнидир талаб қилиши керак. Балки, биз у кишининг дилига тугиб қўйган режаси нималардан иборат эканлигини билмаётган бўлишимиз ҳам мумкин-ку! Эхтимол бу борада мураббий биринчи даврадан кейин ўз шартларини маълум қилар. Лекин керак пайтда футболчиларга қатъийлик ҳам қилиб туради. Тўрақулов ҳозирча вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажариб келмоқда. Иккинчи даврага қадар ҳаммаси натижага қаралади. Агар бу борада ўзгариш бўлмаса четдан янги бош мураббий келиш эҳтимоли ҳам бор.
- Четдан деганда хорижлик мутахассислардан бирортасини назарда тутяпсизми ёки...?
- Йўқ, янги мураббий хорижлик бўлмайди. Бу пайтда чет элдан мураббий таклиф этиб, омадсизликка барҳам бериб бўлмайди. Шу боис янги мураббий ўзимиздан бўлади. Чунки ҳозирги пайтда жамоани фақатгина юртимиздаги мураббийларгина инқироздан олиб чиқиб кета олади. Четдан мураббий олиб келадиган бўлсак, унинг жамоага келиб вазиятни ўргангунча вақт ўтади. Кўрамиз, юқорида айтиб ўтганимдек, кўп нарса жамоанинг биринчи даврадаги натижасига боғлиқ.
- Одатда ўйиндан олдин футболчилар билан чигалёзди машқларни ёрдамчи мураббийлар ўтказишига гувоҳ бўламиз. Лекин “Бунёдкор” билан ўйинда бир нарса эътиборимизни тортди. Яъни, ўйиндан олдин футболчилар билан чигалёзди машқларини бош мураббий Зоир Тўрақуловнинг ўзи олиб борди. Айтишларича, машғулотларни ҳам Тўрақуловнинг бир ўзи ўтказяпти экан. Унинг ёнига бирор бир мураббийни олиб келиш режада борми?
- Аввало Зоир ака бахтимизга доим соғ бўлсин! Яхши фикрни олдинга сурдингиз. Очиғи, бунга кўп ҳам эътибор қаратмаган эканмиз. Айни пайтда дарвозабонларни Эркин Мирзаев шуғуллантирмоқда. Жамоада яна бир мураббий бор, Ихтиёр Каримов. Аммо у киши бизга айни пайтда кўпроқ ташкилий масалалар борасида ёрдам бериб келмоқда. Албатта, юқоридаги фикрлардан кейин буни клубимиз кенгаши аъзолари билан ўйлаб кўрамиз. Ва яқин кунларда жамоада ёрдамчи мураббий иш бошлайди.
- Тўрақулов жамоада иш бошлаганидан буён маҳаллий ёшларга имконият бермоқда. Мураббийнинг бу қарорини маъқуллайсизми?
- Албатта, таркибда маҳаллий ёшларни ўйнатиш ҳар бир жамоа учун маъқул. Зоир ака ёшлар билан ишлаш ҳадисини олган мураббий. Бу албатта яхши. Тўрақулов таркибга бир қатор ёшларни киритмоқда. Умуман олганда, бизда истеъдодли футболчилар кўп. Фақат уларнинг олий лига ўйинларига тўлиқ мослашиб кетиши учун вақт керак. Ишонаманки, яқин йиллар давомида бу ўз самарасини бера бошлайди.
- Легионерлар борасида фикрингиз қандай? Улар жамоага нимадир бера олишдими?
- Ихтиёримизда иккита хорижлик футболчи бор. Павел Леус билан Артурас Фоменко. Дастлаб литвалик дарвозабон хусусида гапирадиган бўлсам, у кўпинча заҳирада қолиб қетмоқда. Балки Александр Корнейчук машғулотларда ундан кўпроқ ишлаётган бўлса керак. Аслида хорижлик футболчи захирада ўтириши эмас, балки жамоа муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшиши лозим. Афсуски, Леус хусусида бундай дея олмайман. Шахсан мен учун айни пайтда Корнейчук ундан кучлироқ кўринмоқда. Фоменкога келадиган бўлсак, унинг асосий ютуқларидан бири хаводаги курашларда кўпинча ютиб чиқишидир. Олдинги 2-3 та ўйинда Артурас кўпроқ шу томондан фойда келтирди. Аммо у ҳужумчи бўлса-да, гол уриш борасида барибир оқсамоқда.
- Демак бундан келиб чиқадики, “Шўртан” иккинчи даврада ушбу легионерлар билан хайрлашиши мумкин. Шундайми?
- Ҳа, Леуснинг жамоадан кетиши деярли аниқ. Чунки хорижлик посбонга захирада ўтиргани учун маош тўлашдан фойда йўқ. Фоменко масаласини эса биринчи даврадан сўнг ўрганиб чиқамиз.
- Яхши биламизки, “Шўртан” ҳар йили ўз футболчиларини ва бошқа ходимларини таниқли фирмаларнинг, сифатли экипировкалари билан таъминлаб келади. Шунингдек, илгари футболчилар машғулотларда ҳам бир хил спорт кийимларидан фойдаланарди. Аммо бу йил футболчиларга кийим бош берилмади деб эшитдик. Наҳотки, олий лига вакили бўла туриб, бунга имконият йўл қўймаган бўлса?
- Йўқ, биласизми биз ўтган йили “ADIDAS” фирмасининг маҳсулотларидан кўпроқ олгандик. Шу боис бу йил ўтган йилдан қолган кийим бошни футболчиларга берганмиз. Тўғри, ҳозирча, тўлиқ спорт кийимлари билан таъминлаганимиз йўқ. Лекин яқинда спорт кийимлари билан клуб аъзоларини тўлиқ таъминлаймиз. Бу борада фирма билан келишувга эришдик.
- Яқинда клуб раҳбариятида Оллоёр Расулов иш бошлаганидан хабаримиз бор. Халқимиз “иккита қўчқорнинг боши битта қозонда қайнамайди” дейди. Шу боис айтинг-чи, Расулов билан муносабатингиз қандай?
- Оллоёр ака илгари ҳам клуб тизимида ишлаган. Бунгача клуб раҳбариятида бир ўзим ишлаб келаётгандим. Эндиликда Оллоёр ака Расулов ҳам фаолият юритмоқда. Албатта, у киши билан муносабатларимиз ёмон эмас. Жамоани инқироздан олиб чиқиш учун доим ўзаро фикр алмашиб ишламоқдамиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.
Исломбек РУСТАМБЕКОВ суҳбатлашди.