Миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқа олмаганидан сўнг бор умидимиз Туркияда ўтаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон ёшлар термасига қаратилган десак муболаға бўлмайди. Чунки ёшларимизнинг кўрсатаётган натижаси ҳозирча биз мухлисларни хурсанд қилиб, кўнгилларимизга умид учқунини қайтармоқда. Шундай ўйнашда давом этинглар укаларим, токи охирги кучингизгача майдоннинг ҳар бир қаричи учун Ватан манфаати йўлида курашинглар.
Футболни қандай қилиб ўйнаш кераклиги ва ўз юртини қандай қилиб севиш лозимлигини булар курсатишяпти, баракалла, офарин йигитлар. Сиз кўрсатаётган натижалар туфайли биз мухлисларнинг ҳам кайфияти аъло даражада ва биз учун кутилмаган совға бўлди. Аслида, бу муффақиятимиздан ҳайратланмаслигимиз керакдир. Нафақат Осиёда, балки Жаҳонда ҳам ўз ўрнимизга эга бўлаётгандирмиз.
Тўғри, биз гуруҳимизда мутлақо бир-бирига ўхшамайдиган учта ўйин ўтказдик ва уларнинг ҳар бирида турли натижа қайд этдик. Лекин нимчорак финалда Грецияга қарши ўйинда керакли натижага эришиб, ўз тарихимизда илк бора чорак финал йўлланмасига эга бўлдик. Ўйлайманки, шунинг ўзи ёшларимиз учун катта тажриба мактаби булмоқдаки, ҳар бир уйинда ўз тактик услубимизда ўйнашимиз бизга қўл келмоқда.
Ўйиндан-ўйинга тажриба орттириб бораётган Аҳмаджон Мусаев бошчилигидаги ёшлар терма жамоамиз кўп ҳолларда жамоавий футболни биринчи ўринга қўймоқдаки, бунинг натижасида рақибларимиз ҳам бизга қарши ўйнашдан олдин қанақа тактика қўлланишда иккиланиб майдонга тушмоқда.
Чорак финалдаги рақибимиз Франция билан ўйинда Грецияга қарши бўлгани сингари ҳолатда тўп сурсак, албатта ярим финалга йўл олишимиз мумкин. Бунинг учун аввалдан Францияга қарши ўйинда дисклификация туфайли майдонга тушиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган иккита марказий ҳимоячиларимиз ўрнини босадиган ҳимоячи танлашда хатога йўл қўмаслигимиз лозим. Ана шунда жаҳон чемпионатида энг бўйи баланд футболчиларга эга бўлган Французларнинг тўсиғидан ўтсак бўлади.
Яна, футболда бир ибора борки «энг яхши ҳимоя – ҳужум». Дарҳақиқат, ҳужум қилмасанг гол қайда! Гол урмасанг ютуқ ўз-ўзидан келиб чиқмайди, албатта. Айрим футбол мухлисларимиз фикр юритаётгандек фақат қарши ҳужум тактикасига таяниб ҳам тўп суриш нотўғри деб ўйлайман. Демоқчиманки, қачонгача рақибнинг хатосини кутиб ўтирасан, ундан кўра ўз тактик услубимизга таянган ҳолда ҳужум уюштирганмиз маъқулдир, менимча.
Жамоамиз жамоавий ўйинга мослаштирилган ўз тактик услубига эга. Буни мен тўртта ўйиндан буён кузатиб келмоқдаман, шундан келиб чиқиб ўз фикримни билдирмоқдаман. Гарчи Уругвайга йирик ҳисобда ютқазганимизда ҳам ўз услубимизга содиқ қолганимиз бунинг исботидир. Фақат ўша бизга «кераксиз» ўйингача ёшларимиз кейинги босқич масаласини муддатидан аввал қўлга киритганлиги туфайли ё жароҳат олмасликка, ёки бўлмаса огоҳлантириш олмаслик мақсадида сал эҳтиёткорона ҳаракат қилиб ўйнаши оқибатида йирик ҳисоб келиб чиққан бўлса не ажаб.
Энди мен чорак финалдаги рақибимиз Францияга қарши тушадиган асосий таркибни ўз дунё қарашимдан келиб чиқиб, тахминан тузиб чиқсам дегандим. Бунга сабаб, иккита асосий таркиб ҳимоячимиз Сардор Раҳманов (сариқ карточкалари сони 2та етгани туфайли) ва Бобурбек Йўлдошев (Грецияга қарши ўйинда олган қизил карточкаси туфайли) чорак финалда майдонга туша олмайди, улар биз каби мухлислар қаторида ўйинни майдон ташқарисидан кузатишга мажбурлар. Уларга ҳам осонмас, керакли пайтда ўз жамоасига ёрдам беролмаслигидан ачинаётгани бор гап, лекин уларнинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қиладиган ҳимоячиларимиз бор.
Менинг тахминий таркибим қуйидагича (3-5-2):
Дарвозабон: Асилбек Омонов.
Ҳимоячилар: Максимилиан Фомин, Камронбек Кападзе, Тоҳиржон Шамсиддинов.
Ярим ҳимоячилар: Владимир Козак, Диёр Туропов, Аббосбек Махсталиев, Сардор Собирхўжаев, Муҳсинжон Убайдуллаев
Ҳужумчилар: Игорь Сергеев, Забиҳилло Ўринбоев.
Ўйин куни қанақа таркибни майдонга тушириш ёшлар терма жамоамизнинг мураббийлар штабига боғлиқ, албатта. Мен бу ерда фақат ўз тахминимни келтирдим, холос, кошкийди, менинг ҳам фойдам тегиб колса, бунинг нимаси ёмон. Ахир, ҳар қандай терма жамоамизни биз мухлислар чин юракдан қўллаб-қувватлаш бориш бурчимиз деб биламан.
Яна шуни қўшимча қилиб айтмоқчиманки, Ўзбекистондаги ва юртимиздан ташқари чет элларда юрган футбол мухлисларимизни бир оила фарзандлари каби бирлашишини, ёшларимизни хоҳ стадионда бўлсин, хоҳ телевизор қаршисида бўлсин, хоҳ интернет орқали бўлсин қўллаб-қувватлаб туришга чақираман.
Насиб қилса, эртанги ўйин ва ундаги ғалаба мухлислар учун ажойиб совға бўлар эди. Ёшларимиз эртанги келажагимиз. Биз ёшларга ишонамиз.
Абдумажид Қодиров