Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Дубай Спорт кенгаши билан ҳамкорликда йил якунлари бўйича энг яхши футболчиларни тақдирлаш учун янги мукофот ташкил этганини маълум қилди. Бу ҳақда FIFA матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, мазкур мукофотнинг илк тақдирлаш маросими 2026-йилда бўлиб ўтади. Шунингдек, FIFA Best Awards мукофоти Дубай шаҳрида топширилишини эълон қилди. FIFA президенти Жанни Инфантино маълум қилишича, ушбу мукофот доирасида дунёнинг энг яхши футболчилари, мураббийлари ва жамоалари тақдирланади.
Мазкур ҳамкорлик ҳақида 29–30 декабрь кунлари Madinat Jumeirah мажмуасида бўлиб ўтаётган World Sports Summit саммитида маълум қилинди. Инфантинонинг сўзларига кўра, ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — футболнинг глобал миқёсдаги нуфузини кенгайтириш ва ўйиннинг турли мамлакатларда ривожланишини қўллаб-қувватлашдир.
“Биз футболни глобал миқёсда ривожлантириш учун миллиардлаб доллар инвестиция қилмоқдамиз. FIFA сифатида бу жараёнда бутун дунё иштирок этишини истаймиз”, деди Инфантино очилиш нутқида.
FIFA талқинига кўра энг яхши футболчи 1991-йилдан буён аниқланиб келинади. 2009-йилгача ташкилот ғолибни мустақил равишда эълон қилиб келган. 2010–2015-йиллар оралиғида эса мукофот France Football журнали билан ҳамкорликда топширилган ва “FIFA Олтин тўпи” номи остида ўтказилган.
2016-йилдан бошлаб мукофотлар яна икки йўналишга ажратилди — France Football талқини ва FIFA талқини бўйича. Халқаро футбол федерациясининг мукофоти “The Best” деб номланди. 2025 йил якунларига кўра ушбу соврин франциялик футболчи Усмон Дембелега насиб этди.













