Бразилия 2029 йил бўладиган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ўз ҳудудида ўтказиш учун Халқаро футбол федерациясига (FIFA) расмий мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, мазкур ташаббус Бразилияда бўлиб ўтган учрашув чоғида илгари сурилган. Унда FIFA президенти Жанни Инфантино, Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Сильва, миллий терма жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти ҳамда Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) раҳбари Самир Шауда иштирок этган. Қайд этилишича, Инфантино бир неча кундан бери Бразилияда бўлиб турибди. Унинг ташрифи 2027-йилда Бразилияда ўтказиладиган аёллар ўртасидаги футбол бўйича Жаҳон чемпионатини тарғиб қилиш тадбирлари билан боғлиқ.
Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) бир неча ойдан буён клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини мамлакатда ўтказиш бўйича ёпиқ тарзда музокара ўтказмоқда.
“Мезбонлик масаласи жуда яқин. Албатта, барча жиҳатларни муҳокама қилиш керак. Агар барчаси бизга боғлиқ бўлса, Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини Бразилияда ўтказамиз”, дейди Бразилия футбол конфедерацияси президенти.
Маълумот ўрнида, FIFA 2025-йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўйича алоҳида танлов жараёнини ўтказмаган. Кенгайтирилган, 32 жамоа иштирок этадиган турнирни ўтказиш ҳуқуқи FIFA Кенгаши қарори билан бир овоздан АҚШга берилган. 2029-йилги мусобақа мезбонини аниқлаш жараёни қандай бўлиши ҳозирча эълон қилинмаган.













