«Манчестер Сити» Хосеп Гвардиоланинг клубдан эҳтимолий кетишига тайёргарлик кўриб, турли вариантларни кўриб чиқмоқда.
«TEAMtalk» журналисти Грэм Бэйлининг маълумотига кўра, «шаҳарликлар» Германия терма жамоаси устози Юлиан Нагельсманнни таклиф қилиш вариантини ўрганмоқда. 38 ёшли мутахассис Манчестер клуби раҳбариятида ижобий таассурот уйғотган.
Нагельсманн 2023 йилда Германия терма жамоасини бошқаришни бошлаган эди. 2025 йилнинг январида у амалдаги шартномасини 2028 йил ёзигача узайтирди. Шунингдек, мураббий фаолияти давомида «Хоффенхайм», «РБ Лейпциг» ва Мюнхеннинг «Бавария» клубларини бошқарган. У «Бавария» билан Бундеслига ғолиби ва икки карра Германия Суперкубоги соҳибига айланган. 2017 йилда Нагельсманн Германияда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.













