Мадриднинг “Реал” клуби раҳбарияти ёзги трансфер ойнаси пайти янги харидлар учун 250 миллион евро ажратди. Fichajes нашри хабарига кўра, клуб ушбу маблағ эвазига учта асосий позицияни кучайтиришни режалаштирмоқда.
Мадридликларнинг асосий нишони — “Челси” ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес. “Қироллик клуби” аргентиналик футболчи учун 100 миллион евро сарфлашга тайёр. Раҳбарият Энсони жамоа марказий чизиғидаги назоратни қайтариш учун идеал номзод сифатида кўрмоқда.
Ҳужум чизиғини кучайтириш учун “Марсель” аъзоси Мэйсон Гринвуд танланган. Унинг трансфери Мадрид клубига 80 миллион еврога тушиши мумкин. Гринвуд жамоада Винисиус ёки Родригонинг эҳтимолий кетиши фонида муносиб ўринбосар бўлиши кутилмоқда.
Ҳимояни мустаҳкамлаш мақсадида эса “Боруссия Д” марказий ҳимоячиси Нико Шлоттербек рўйхатга киритилган. Антонио Рюдигер ва Давид Алабанинг ёши ўтаётгани сабабли, 25 ёшли футболчи мудофаа чизиғининг янги етакчисига айланиши мумкин.
Маълумот учун, “Реал” ушбу харидлар орқали таркибни нафақат кучайтириш, балки сезиларли даражада ёшартиришни ҳам мақсад қилган. Айни пайтда мадридликлар Ла Лига турнир жадвалида 1-ўринни эгаллаб турибди. Клуб 24 ўйиндан кейин 60 очко жамғарган ҳолда асосий рақобатчиси “Барселона”ни икки очкога ортда қолдирмоқда.













