«Барселона» футболчиси Фермин Лопес Ла Лига доирасида «Атлетик» Бильбаога қарши кечган ўйиндан (1:0) сўнг интервью берди.
Каталонияликларга ғалабани 68-дақиқада Ламин Ямал томонидан йўлланган аниқ зарба тақдим этди. Сешанба куни Ханс-Дитер Флик жамоасини яна бир қийин сафар кутмоқда — «кўк-анорранглилар» Чемпионлар лигаси 1/8 финалида Англиянинг «Ньюкасл» жамоаси билан куч синашадилар.
«Қийин ўйин бўлди, лекин биз яхши ҳимояландик. Натижадан жуда хурсандмиз. Ростини айтсам, биз жуда чарчаганмиз. Ўйинлар орасида тикланиш учун вақтимиз жуда кам — айниқса, бор кучимизни берган сешанба кунги «Атлетико»га қарши баҳсдан кейин анча қийин бўлмоқда. Ҳозир биз аллақачон «Ньюкасл» ҳақида ўйлаяпмиз», — дея Фермин Лопеснинг сўзларини келтирмоқда Barca Universal.
«Барселона» 67 очко билан Ла Лига турнир жадвалида биринчи ўринда бормоқда. Мадриднинг «Реал» клуби билан орадаги фарқ тўрт очкони ташкил этади.













