Кириш Регистрация

Олександр Пишур «Бунёдкор»ни финалга олиб чиқди

Баҳо:
+-1 | -

Ушбу мавсумда ўтказилган "Локомотив" ва "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги ўйинда илк марта дуранг қайд этилмади (аввалги 3та ўйин дуранг билан тугаганди). Ғалаба қозонган жамоа — "Бунёдкор" эса Ўзбекистон кубоги финали йўлланшмасини қўлга киритди.

Жамоалар биринчи бўлимни эҳтиёткорлик билан ўтказишди. Дуранг натижа "Локомотив"ни қаноатлантирсада, улар ҳимояда ётишмади, имкон қадар ҳужумга ўтиб туришди. Қосимов шогирдларининг ҳужум ташкил қилиши эса табиий ҳолат эди. Бироқ Биринчи бўлимда юзага келтирилган барча вазиятлар голлга айланмади.

Иккинчи бўлимда гол уриш дастлабки ўта қулай вазиятни темирйўлчилар юзага келтиришди. Майдон марказидан етказиб берилган тўпни Нагаев бош билан Карпенкони жарима майдончаси ичига бошлади. Виктор эса тўпни бўш қолган Иваннинг ўзига қайтариши мумкин эди, аммо "Бунёдкор"нинг собиқ футболчиси ўткир бурчак остидан ўзи зарба беришга қарор қилди. Зарба кучли, аммо ноаниқ.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасидан "Бунёдкор" футболчиси Марко Блажич дарвозагача 25 метрлардан масофадан жарима зарба ишлади. Яна бир легионер — Пишур эса жарима тўпини жонли деворнинг ёнидан ўтказиб, ерлатиб йўллади. Бугало ўзи назорат қилаётган бурчакдан тўпни ўтказиб юборди. 0:1.

Орадан 5-6 дақиқа ўтиб, энди "Олмалиқ" легионери — Евгений Гоголь "стандарт"дан ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. 27-28 метрлардан йўлланган зарба жонли девор орасидан ўтдию, аммо тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.

Ҳисобда ортда бораётган майдон эгалари таваккал қилиб, олдинга ташланишга мажбур эдилар. Ана шундан ҳужумларнинг бирида майдон марказида тўп йўқотилди. Олег Зотеев тўпни Пишурга етказди ва украиналик футболчи 18 метрлардан Бугало дарвозасининг бурчагига тўпни йўллади. 0:2.

Ўйиннинг 83-дақиқасида Пишур "хет-трик"ка эришиши мумкин эди. Яна қарши ҳужумдан сўнг Шорамеҳдов ўнг қанотдан жарима майдончасига кириб борди ва дарвозанинг олис бурчагида турган жамоадошига тўпни етказди. Украиналик ҳужумчи бош билан йўллаган зарбаси эса дарвоза устунига тегиб, майдонни тарк этди.

"Локомотив" иккинчи бўлимни анча бўш ўтказди. Улар ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам яхши ўйин кўрсата олишмади. Улар томонидан иккинчи таймдаги энг хавфли вазиятни 87-дақиқага келиб амалга оширишди. Собир Усмонхўжаев жарима майдончасига кириб бораётганида рақиб ҳимоячилари томонидан тўхтатилди. "Стандарт" эса комбинация шаклида амалга оширилди, бироқ "қалдирғочлар" ушбу хавфли вазиятни бир амаллаб бартараф этишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган энг сўнгги 5-дақиқада эса Иброҳим Раҳимов жарима майдончасида икки футболчини алдаб ўтдию, аммо дарвоза томонидан йўллаган зарбасини Зуҳуров эгаллаб олди.

Шундай қилиб, "Бунёдкор" Ўзбекистон кубогининг дастлабки финалчисига айланди. "Локомотив" эса Олий лигада рақиблари — "Бунёдкор" ва "Насаф"ни 1 очкога ортда қолдирмоқда ва энди эътиборини чемпионлик учун курашга қаратади.

ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ-2013. ЯРИМ ФИНАЛ. ЖАВОБ УЧРАШУВИ
"ЛОКОМОТИВ" - "БУНЁДКОР" - 0:2 (0:0)
Голлар: Александр Пишур (54, 65)
Огоҳлантиришлар: Александр Оника (19), Ислом Тўхтахўжаев (90+1) — Олександр Пишур (48)
"Локомотив": 1.Павел Бугало, 3.Евгений Гоголь, 8.Акмал Холматов (24.Иброҳим Раҳимов 86), 16.Жасур Ҳасанов, 19.Ислом Иномов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 23.Иван Нагаев, 29.Виктор Карпенко (7.СадриддинАбдуллаев 59), 30.Дилшод Жабборов (С), 55.Илҳомжон Суюнов (Собир Усмонхўжаев 73), 99.Александр Оника
"Бунёдкор": 25.Муроджон Зуҳуров, 2.Акмал Шораҳмедов, 4.Хайрулла Каримов (С), 5.Дилшод Жўраев, 6.Анвар Ғофуров, 7.Марко Блажич (8.Жавлон Иброҳимов (90+3), 11.Олександр Пишур (29.Анвар Бердиев 89), 13.Лутфулла Тўраев, 16.Артём Филипосян, 19.Жасур Ҳасанов, 33.Олег Зотеев (Алибобо Раҳматуллаев 79)
Ҳакамлар: Владислав Цейтлин (Тошкент), Ҳусниддин Шодмонов (Бухоро), Андрей Цапенко (Янгийўл), Ҳасан Рўзиев (Тошкент)
Назоратчиси: Алишер Абдуллаев
Биринчи учрашув — 2:2

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:04, 21.08.2013.
Ўқилди: 6589 марта.
Фикрлар: 40 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.